samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Хорижий инвестиция — 400 та иш ўрни

Чоп этиш

"AZIA METALL PROF" масъулияти чекланган жамиятида металл қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 3 млн. 300 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди.

Мазкур лойиҳани амалга оширишда 1 млн. 850 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинди.

— Корхонамизда бугунги кунда иккита цех фаолият юритмоқда, — дейди корхона раҳбари Хушвақт Зайниев. — Хитойнинг "Urumqi Tongyale International Trade Co., Ltd" компанияси билан тузилган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ, ўтган йили металл қувурлар ва сендвич панеллар ишлаб чиқариш цехларини ишга туширдик. Металл қувур ишлаб чиқариш цехининг йиллик қуввати 30 минг тоннани ташкил этади. Сендвич панел ишлаб чиқариш цехида эса ойига 30 минг квадрат метр маҳсулот тайёрланмоқда. Ҳар иккала цехда 100 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.

Айни пайтда учинчи цех қурилиши қизғин давом этмоқда. Хорижлик ҳамкорларнинг 16 млн. 500 минг АҚШ доллари қийматидаги инвестицияси иштирокида махсус ишлов берилган (цинкования) қурилишбоп металл профил ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур металл профиллар саноат усулида ранг­лангани учун узоқ муддат ўз сифатини йўқотмайди. Энг муҳими, мазкур цехда яна 300 та янги иш ўрни яратилади.

Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, ҳозир ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозорда сотилмоқда. Айни пайтда маҳсулот экспортини амалга ошириш бўйича ҳам изланишлар давом этмоқда. Корхонанинг истиқболли режаларида 2020 йилдан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг бир қисмини экс­портга йўналтириш кўзда тутилган.

Шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, 2018 йилда жами 32 та қўшма ва хорижий корхоналар ҳисобига 25,9 млн. доллар, шундан дастур доирасидаги 16 та корхона ҳисобига 20,1 млн. долларлик хорижий инвестиция жалб қилинган. Шундан 9 та корхона лойиҳаларининг ишга туширилиши натижасида 256 та янги иш ўринлари яратилди. 2019—2020 йилларда шаҳарда дастур доирасида жами 16 та қўшма ва хорижий корхоналар ҳисобига 295,6 млн. доллар хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 1443 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири

11.01.2019 68 2 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства