samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Хожа Ғунжора ким бўлган?

Чоп этиш

Шаҳримизнинг шимол томони — Мотрид мавзесидаги "Хўжа Ғунжойиш" маҳалласи (қадимий Ғунжора мавзеи)да шу ном билан аталган кичик қабрис¬тон мавжуд.

Ушбу қабристон ва мавзе ҳақида Абу Тоҳирхожанинг "Самария" асарида қуйи­даги фикр­лар ёзилган: "Хожа Ғунжора мозори. Шаҳарнинг ташқарисида, Ҳожанинг ўз оти билан аталадиган қишлоқда, шимол томондадир. Ушбу мозорнинг нишонаси устида узунча ясалган сағанаси бор. Қизил юзлик кимсани ғунжора, дер эканлар".

Демак, "Ғунжора" бу шахснинг номи эмас, лақаби экан. Қадимий манбаларга мурожаат қилсак, бу ном бухоролик аллома Имом Абу Аҳмад Исо ибн Мусо Бухорий Азрақ Ғунжор тарзида келтирилган бўлиб, бу инсон 801 милодий (185 ҳижрий) йилда Бухоро заминида вафот этган. Манбаларда бу кишини "Катта Ғунжор" (яъни, илк Ғунжор, биринчи Ғунжор) деб аташган.

Имом Абу Аҳмад Исо ибн Мусо Бухорий Азрақ Ғунжор ўз замонасининг машҳур муҳаддиси, фиқҳшуноси бўлиб, машҳур мутакаллим Имом Мотуридий устозларидан бўлмиш Имом Абул Файз Балхийга устозлик қилган. Жуда кўплаб машҳур муҳаддислар ул зотдан ҳадис ривоят қилганлар. Имом Абу Аҳмад Исо Ғунжорнинг ўзи ҳам буюк алломалар Молик ибн Онас, Суфён Саврий кабилардан ҳадис ривоят қилган. Бу мисоллардан Имом Ғунжорнинг нақадар буюк алломалардан эканлиги кўриниб турибди.

Самарқанддаги Хожа Ғунжора қабристонида дафн этилган азиз инсон ушбу алломанинг набира авлоди бўлган. Лақабни ва илмни бобокалони Имом Ғунжордан мерос олган. Ўзи ҳам замонасининг буюк олимул-авлиёси бўлганлиги халқимиз томонидан унинг қабри муқаддас зиёратгоҳ сифатида ҳозирга қадар асраб-авайлаб келинганидан ҳамда мавзенинг  унинг лақаби билан аталишидан англаш мумкин.

Тарихий манбаларда шу уруғдан бўлган яна бир аллома тўғрисида маълумотлар келтирилган. Бу — Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Комил Бухорий бўлиб, "бобокалони Катта Ғунжор ҳурматига ул ҳам Ғунжор лақабини олганлиги" манбаларда битилган. У "Тарихи Бухоро" асарининг муаллифи ҳамда машҳур муҳаддис олим бўлган.

Самарқанднинг Ғунжора мавзеида абадий қўним топган аллома ҳам 700 — 900 йил илгари яшаб, фаолият кўрсатган, деб тахмин қилинади.

Алломанинг қабрини обод этиш бизга ҳам қарз, ҳам фарздир!

Муаллиф: Комилхон КАТТАЕВ, тарихчи олим. Илҳомжон ПЎЛАТОВ, "Хўжа Ғунжойиш" маҳалла фуқаролар йиғини раиси

12.12.2018 102 99 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства