samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Халқ қабулхонаси ишончни оқламоқда

Чоп этиш

Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги камчиликлар, тараққиётга тўсқинлик қилаётган муаммоларга барҳам бериш, юртдошларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг самарали механизмига айланди.

Натижада йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топаяпти, камчиликлар бартараф этилаяпти.

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонасига жами 2342 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2130 таси ҳудудлардаги ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилди. Шунингдек, мурожаатларнинг 204 таси тегишли тартибда юқори турувчи ташкилотларга жўнатилган бўлса, 9 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси назоратига олинди. Жумладан, мурожаатлар коммунал хизматлардан фойдаланганлик учун ҳисобланган нореал қарздорлик, уй-жой билан таъминлаш ёхуд ер ажратиш, моддий ёрдам, қурилиш, ички ишлар идоралари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими ходимлари, судлар, шаҳар прокуратураси, банк ва молия муассасалари, давлат хизматлари фаолияти, табиий газ, электр энергияси ва сув таъминоти, бандлик, пенсия тайинлаш ва нафақа пулларини олиш, алимент ундириш, кредит ажратилиши, соғлиқни сақлаш тизими, олий таълим ва бошқа бир қатор соҳаларга доир эканини таъкидлаш жоиз. Албатта, барчани мурожаатларнинг қаноатлантирилиши жараёни қандай кечаётгани қизиқтириши табиий. Ўтган йилдаги ариза ва шикоятларнинг 446 таси қаноатлантирилган бўлса, 1 таси рад этилган. Бундан ташқари, 1682 та мурожаатга тушунтириш берилди, 212 та ариза ўрганилмоқда. Шунингдек, 1 та шикоят аноним, деб топилди.

Мурожаатлар билан ишлашда мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимларининг масъулиятсизлиги оқибатида 348 та ариза муаллифига қонунда белгиланган муддатдан кечиктириб, юзаки жавоб қайтарилганини таъкидлаш лозим. 465 та аризага кечиктириб жавоб хати йўлланган. Жумладан, Маҳмуд Кошғарий кўчаси, 76-«А» уйда истиқомат қилувчи С. Турсуновнинг ноқонуний қурилиш юзасидан берган аризаси 2017 йилнинг 18 май куни рўйхатдан ўтказилиб, кўриб чиқиш учун шаҳар ҳокимлигига юборилган эди. Шаҳар ҳокимлиги эса ушбу мурожаатга ўтган йили 28 август куни белгиланган қонуний муддатдан кечиктириб, юзаки жавоб қайтарган.

Бу биргина ҳолат эмас, балки бошқа бир қатор аризаларга жавоб беришга ҳам шундай масъулиятсизлик билан ёндашилганини қайд этиш жоиз. Ҳатто баъзи мурожаатларга шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларидан жавоб қайтарилмаган. Чунончи, Наврўзий кўчаси, 2-йўлак, 6-уйда яшовчи А. Расуловнинг бузилган савдо дўкони учун ер ажратиш юзасидан ёзган аризаси 2017 йилнинг 21 ноябрь куни рўйхатга олиниб, кўриб чиқиш учун шаҳар ҳокимлигига йўлланган. Ариза муаллифига эса жавоб хати ҳамон юборилмаган.

Шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан ҳам мурожаатларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва жавоб қайтаришга масъулиятсизлик билан ёндашилаётгани кузатилаётир. Хусусан, Самарқанд тумани «Юқори арабхона» маҳалласида яшовчи З. Ражабова 2017 йил 29 май куни оилавий муаммолари бўйича ариза билан мурожаат қилган. Шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан жавоб хати 16 август куни юборилган. Бундан ташқари, фуқаролар О. Усмонов, Т. Лазерева, М. Акбаров, Р. Ҳакимова ва бошқа фуқароларнинг аризалари қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган ҳамда жавоб хатлари кечиктириб жўнатилган. Фуқароларнинг аризаларини ўрганишни пайсалга солаётган, жавоб хатларини кечиктириб юбораётганлар орасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг шаҳар бўлинмаси ҳам бор.

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни талабларини бузиб, фуқароларнинг мурожаатига ўз вақтида жавоб қайтармаган масъул ходимларнинг 8 нафарига нисбатан қонуний чоралар кўрилди.       

Мурожаатларга кечиктириб жавоб қайтариш, уларни қаноатлантириш ўрнига юзаки тушунтириш бериш билан боғлиқ ҳолатларга кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари томонидан юртдошларимизнинг аризаларида тилга олинган муаммоларнинг ҳал этилмаётгани, масалага панжа орасида қаралаётгани оқибатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонасига такрорий мурожаатлар келиб тушаётганини таъкидлаш лозим. Масъулларнинг бундай хатти-ҳаракатлари фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. Жумладан, Рудакий кўчаси, 124-уй, 73-хонадонда яшовчи Х. Саидовнинг бузилишга тушган уйи учун берилган турар жойни қурилиш ташкилоти томонидан беришга тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги аризаси 2017 йилнинг 28 ноябрь куни рўйхатга олиниб, кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборилган эди. Лекин муаммо ҳал этилмагани боис, фуқаро жорий йилнинг 5 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонасига такрорий мурожаат қилишга мажбур бўлди. Унинг аризаси кўриб чиқиш учун шаҳар прокуратурасига юборилди. Мирзо Улуғбек кўчаси, 61-хонадонда яшовчи А. Камоловнинг ички ишлар идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатидан норозилиги тўғрисидаги аризаси 2017 йилнинг 6 ва 24 октябрь кунлари такроран рўйхатдан ўтказилиб, мурожаат шаҳар прокуратурасига жўнатилган. Ушбу мурожаатда баён этилган муаммо ҳал этилмаган ва тушунтириш бериб, жавоб хати юборилган.

Аҳмад Югнакий кўчаси, 16-хонадонда яшовчи М. Ашурованинг фойдаланилган табиий газ учун нореал қарздорлик ҳисобланганига доир аризаси 2017 йил 24 октябрь, 8 ноябрда такрорий рўйхатга олинган. Ариза шаҳар прокуратурасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлимига йўлланган. Фуқаронинг муаммоси ҳал этилмаган ва тушунтириш бериб, жавоб хати берилган. М. Ашурова эса мутасаддиларнинг жавобидан қониқмаган ҳолда 6 январь куни такрорий мурожаат этди.  Ўтган йил мобайнида мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги оқибатида фуқаролардан 23 та мурожаат келиб тушди.

Умуман, халқимизни рози қилиш, бугунги кунидан кўнгли тўлишини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга кўмаклашиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш фаолиятимизнинг бош мезонидир. Юқоридаги каби салбий ҳолатларга такроран йўл қўйилмаслиги учун мутасадди идора ва ташкилотларнинг раҳбарларига тегишли тартибда таклиф ва кўрсатмалар берилаяпти. Давлатимиз раҳбари томонидан йўлга қўйилган халқ билан мулоқот қилишнинг ўзига хос ушбу механизми юртдошларимизнинг фикрини тинглаш, муаммоларни ҳал қилишнинг комплекс чораларини ҳаётга татбиқ этишга замин яратмоқда. Ушбу амалий ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг фаровон ва бахт­ли ҳаётини таъминлаш, давлат ва жамиятнинг турли жабҳаларини модернизация қилиш, тараққиётнинг барқарор суръатларига эришишдан иборат.

Муаллиф: Жамшид УМАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири

29.01.2018 758 7 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства