samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Халқ мурожаати эътиборда

Чоп этиш

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятидан норозилик, электр энергияси таъминотидаги камчиликлар, таъмирталаб сув қувурлари, аҳолини иш билан таъминлашдаги муаммолар...

Самарқанд темир йўл транспорти коллежида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Жамшид Умаров томонидан ўтказилган сайёр қабулда шу каби масалалар юзасидан аҳолининг шикоят ва таклифлари тинг­ланди. Тадбирда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, корхона ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этишди.

Сайёр қабулда шаҳримизнинг «Зиёкорлар» ҳамда «Боғбонлар» маҳалла фуқаролар йиғинларининг фуқаролари томонидан соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш, мутасадди ташкилот вакилларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ўзибўларчиликка чек қўйишга оид масалалар кўтарилди.

Жумладан, «Боғбонлар» маҳалласида истиқомат қилувчи Аҳмаджон Ражабов Нақшбандий кўчасидан ўтган ичимлик сув қувурининг эскириб кетганлиги оқибатида тешилиб, мудом ичимлик суви оқиб, исроф бўлаётганини билдирди. Қувурларни алмаштириш ҳамда бу муаммога барҳам бериш бўйича ўз таклифларини айтди.

— «Боғбонлар» маҳалласининг ўқувчилари, асосан, ҳудуддаги 43 ҳамда 49-умумтаълим мактабларига боришади, — дейди А. Ражабов. — Жалолиддин Румий ҳамда Нақшбандий кўчалари туташган қисмида автомобилларнинг серқатновлиги боис болалар хавфсизлигини таъминлаш учун светофор ўрнатилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу масала бўйича 2017 йилда ҳам мутасадди ташкилотларга тегишли мурожаатлар билан чиққанмиз.

«Зиёкорлар» маҳалласидан Нодира Қодирова Ибн Холдун кўчасида нафақат автомобиль, балки йўловчиларнинг ҳаракатланиши ҳам оғир кечаётганлигини билдирди. Аҳоли томонидан йўлга чиқиндиларнинг ташлаб кетиш ҳолатлари тез-тез учраб туриши таъкидланди.

«Боғбонлар» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Тоҳира Раҳимова эса маҳаллада яшовчи уч нафар фарзандни тарбиялаётган ёлғиз она Нигора Муродованинг руҳий касаллиги, унинг ижтимоий аҳволи оғир даражада эканлигини таъкидлади. Ушбу фуқарога тегишли ташкилотлар томонидан кўмак берилиши таклифини билдирди.

Таъкидлаш лозимки, сайёр қабулда ҳар бир мурожаат, таклиф ва шикоятлар тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари билан муҳокама қилинди. Мавжуд нуқсон ва камчиликлар, муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг ечими юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар берилди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, «Samarqand» мухбири

20.01.2018 153 5 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства