samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Хайрия концерти

Чоп этиш

дилларга хушнудлик улашди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров Янги йил байрами муносабати билан 10-Меҳрибонлик уйида хайрия концерт дастурини тақдим этди. 

Дастуролди сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, шоир Азиз Саид, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси бош муҳаррири ўринбосари  Бахтиёр Ҳайдаров ва бошқалар болажонларни Янги йил байрами билан табриклаб, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш борасида амалга оширилган ишлар, ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сифатли таълим олиши йўлида олиб борилган ислоҳотлар тўғрисида гапиришди.

Шундан сўнг Эркин Қайтаров ҳамда Самарқанд санъат коллежининг анъанавий хонандалик йўналиши 1-босқич ўқувчилари ижросида "Фиғонким", "Доғман", "Ёввойи тановар" сингари ўндан ортиқ классик, миллий-мумтоз қў­шиқ­лар янгради.

— Аслида Самарқандга ижодий сафар билан келган эдик. Ушбу концерт ҳақида эшитган заҳотимиз, бу ерга отландик, — дейди шоир Нодир Жонузоқ. — Эркин ака бундай хайрия концертларини тез-тез ташкил этиб туришидан хабарим бор. Йиғилганларнинг кайфияти, юз-кўзларидаги байрам шукуҳини кўриб, дастур уларга маъқул келганини сезиб турибман. Айниқса, Меҳрибонлик уйида тарбияланувчи Маржона Обидова, Зуҳринисо Алишерова сингари ёш ижодкорлар иштирокидаги мушоира менга жуда маъқул бўлди.

Санъат коллежининг кичик концерт залида Э. Қайтаров томонидан ташкил этилган концерт дастури ҳам мазмунли ўтди. Янграган куй-қўшиқлар тингловчилар томонидан илиқ қарши олинди. Мусиқий асарлар ҳеч қандай овоз кучайтирувчи техника воситаларисиз жонли тарз­да ижро этилди.

— Байрамга ҳар ким ўзидан, имкониятидан келиб чиқиб, тараддуд кўради. Санъат аҳли эса ўз санъати билан дилларга хушнудлик бахш этишга ҳаракат қилади, — дейди Э. Қайтаров. — Шу боис, ушбу хайрия концертининг ташаббускори ўзим, десам муболаға бўлмайди. Ҳозирча 10-Меҳрибонлик уйи ҳамда Самарқанд санъат коллежида дас­туримизни тақдим этдик. Аҳамият берган бўлсангиз, кўпроқ ўз қўшиқларим эмас, айнан мумтоз асарларга мурожаат қилганмиз. Шу аснода талабаларни ҳам, тингловчиларни ҳам миллий-мумтоз қўшиқларимизга бўлган қизиқишларини, муҳаббатларини янада оширишни мақсад қилганмиз.

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ, "Samarqand" мухбири

27.12.2018 179 103 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства