samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ХОРИЖДА ЎҚИШ ИМКОНИЯТИ

Чоп этиш

"Registоn Plaza" меҳмонхонасида "MyFair" масъулияти чекланган жамияти, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида "Таълим ва касб — 2018" XVI халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, хорижда таълим олишга кўмаклашувчи  бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги таълимнинг замонавий усуллари, таълим муассасалари билан тажриба алмашиш, ёшларга ва аҳолининг кенг қатламларига уларни қизиқтираётган мутахассисликлар бўйича таълим муассасасини танлашда кўмаклашиш, касбий фаолиятнинг йўналишлари бўйича етарли ахборот олиш имкониятини яратишдан иборат.  

Таъкидлаш лозимки, кўргазмага ташриф буюрган ёшлар бир вақтнинг ўзида "Eras­mus+"нинг Ўзбекистондаги миллий идораси, Россия, Малайзия, Беларусь, Қозоғистон, Туркия, Германия, Англия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия сингари қатор мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари фаолияти ҳамда у ердаги таълим йўналишлари тўғрисида маълумот ва хорижий олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган вакиллардан маслаҳат олиш имкониятига ҳам эга бўлишди. Шунингдек, ўқиш шартлари, магистратура, малака ошириш, амалиёт ўташ дастурлари, грант ва стипендиялар, визага оид масалалар юзасидан ҳам экспертлар билан ахборот алмашишди.     

— Ушбу кўргазма Ўзбекистон ёшларини хорижий олий ўқув юртлари билан  таништиришда ва хорижий таълим муассасалари билан яқин алоқаларни ўрнатишда катта ўрин тутади, — дейди "EVA GROUP" компаниясининг мижозлар билан ишлаш бўйича менежери Озод Шавқиев. — Ушбу кўргазма бир йилда икки марта ўтказилади. Дастлаб пойтахтимизда, сўнг Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида давом этади. Бир нарсани алоҳида қайд этиш лозимки, мамлакатимиз ва Беларусь Республикаси ўртасида қатор ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Кўргазмага келган ёшлар нафақат керакли ахборот олиши, балки шу ернинг ўзида талаба бўлиш имкониятига ҳам эгадирлар. Кўргазмада Беларусь давлат университети ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетларининг қабул комиссияси ташкил этилиб, абитуриентлар ҳужжат топширган ҳолда, имтиҳондан ўтиш имконига эга бўлишди. 

Тадбирда иштирок этган 14 та олий таълим муассасалари ўзларининг бугунги бозор шароитларида энг кўп талабга эга бўлган мутахассисликлари билан таништириб, тақдимотлар ўтказишди. Кўргазма Бухоро ва Фар­ғонада ўз ишини давом эттиради.  

 

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ

14.11.2018 132 90 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства