samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ХИТОЙЛИК КИНОИЖОДКОРЛАР ШАҲРИМИЗ МЕҲМОНИ

Чоп этиш

"Шарқ юлдузи" кинотеатрида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, "O‘zbekkino" Mиллий агентлиги ҳамда ХХРнинг "Tianshan" киностудияси ҳамкорлигида "Хитой киноси кунлари" фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасида фильм­лар алмашинувини изчил йўлга қўйиш, киноижодкорлар ҳамкорлигида ўткир сюжетли, юксак маънавий-ахлоқий аҳамиятга эга бўлган фильмлар суратга олишни ташкил этиш мақсадида ўтказилган ушбу фестивалда вилоят ҳокимлиги вакиллари, хитойлик киноижодкорлар, "O‘zbekkino" Миллий агентлиги вилоят ҳудудий бўлими ходимлари ҳамда киномухлислар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, ХХРнинг "Tianshan" киностудияси директори ўринбосари Рамазан Мукейати, "O‘zbekkino" Миллий агентлиги вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Фармон Розиқов ва бошқалар кино санъатини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда жаҳон мамлакатлари билан маданий алоқаларни мустаҳкамлашга оид олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтишди. Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳамда маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда мазкур фестиваль муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этишди.

— "Бир макон, бир йўл" концепциясида Хитой Халқ Республикаси ва бир қатор мамлакатлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилган, — дейди ХХРнинг "Tianshan" киностудияси директори ўринбосари Рамазан Мукейати. — Концепциянинг ижросини таъминлаш мақсадида ушбу фестиваль уюштирилди. Фес­тивалда кино санъати ихлосманди бўлган халқингизга киноижодкорларимиз суратга олган "Бойлик васвасаси" ҳамда "Гулбека" фильм­ларини тортиқ этиб, келгусида Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларида ўзбек киноижодкорлари билан ҳамкорликда фильмлар суратга олишни келишиб олдик.

Тадбир давомида Синьцзян-Уйғур автоном райони Кино, телевидение, матбуот ва радио бошқармаси бошлиғи Лиу Йе, "Tianshan" киностудияси директори ёрдамчиси Пархат Йибулайин, "Бойлик васвасаси" фильми режиссёри Арслон Абдукарим, "Гулбека" фильми картина директори Акбар Йиминг ва бошқалар билан ижодий мулоқотлар ташкил этилди.

Фестиваль муносабати билан "Шарқ юлдузи" кинотеатрида хитойлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган, нафснинг қулига айланиб, моддий манфаат илинжида телбаларча елиб-югуришнинг киши бошига кулфатлар ёғдириши намоён этилган "Бойлик васвасаси", шунингдек, юксак инсоний туйғулар ҳақида ҳикоя қилувчи "Гулбека" фильмлари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

2.05.2018 159 33 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства