samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ХАЛҚ ДАРДИНИ ТИНГЛАБ...

Чоп этиш

Самарқанд ҳуқуқшунослик коллежида шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш, уларнинг турли ижтимоий муаммоларига ўз вақтида барҳам бериш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Унда ҳокимлик масъул ходимлари, бўлим ва бошқармаларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Қабулда аҳолини қийнаб келаётган, бир неча йиллардан буён ечимини кутаётган турли муаммолар тингланди, таклифлар қабул қилинди. Жумладан, "Ботир Зокиров" маҳалласида яшовчи Ўринбой Норматов маҳаллага автобус қатнови йўлга қўйилмагани, "Сартепа" МФЙ фаоли Раҳим Жабборов эса электр энергиясидаги узилишлар, "Заргартепа" маҳалласида яшовчи Зулайҳо Ўринова кўп қаватли уйларнинг атрофида чиқиндилар тўпланиб қолаётгани ва уларнинг ўз вақтида олиб чиқилмаётганлиги каби муаммоларни ижобий ҳал этишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилишди.

Шунингдек, қабул давомида билдирилган мурожаатларда уй-жой олиш, ишга жойлашиш, ободонлаштириш, табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш билан боғлиқ муаммолар ўз аксини топди.  Аҳолининг шу каби мурожаатларига ечим топиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди. Аксарият мурожаатлар эса шу ернинг ўзида ҳал этилди. 

— Ўтган йили шаҳарда бунёд этилаётган кўп қаватли арзон уйлардан олиш учун ариза бергандим, — дейди "Хўжа саъд" маҳалласида истиқомат қилувчи Эътибор Бобоқулова. — Навбатга қўйилганим ҳақида хабар беришди. Аммо орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, уй берилишидан дарак йўқ. Муаммоимни ҳал этишда амалий ёрдам сўрадим.

Дарҳақиқат, белгиланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Сартепа масканидаги 137 та кўп қаватли уйларнинг барчаси тўлиқ таъмирланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Уларнинг атрофи ободонлаштирилиб, болалар майдончалари, дам олиш айвончалари бунёд этилади. Қолаверса, эскирган ичимлик сув тармоқлари эса янгиланади. Бундан ташқари, ички кўчаларни таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган бўлиб, кўчаларга замонавий тунги чироқлар ўрнатилади. 

Фарҳод шаҳарчасидаги 6-маданият ва аҳоли дам олиш марказида шаҳар прокурори Б. Облоқулов сайёр қабул ўтказди.

Унда ўн нафардан ортиқ фуқаро шаҳарча маҳаллалари ҳудудида изғиб юрган дайди итларнинг кўплиги, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини таъмирлаш масалалари бўйича мурожаат қилди. Муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига вазифалар белгилаб берилди.

Қабулда сўзга чиққан шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Т. Эсиргапов Фарҳод шаҳарчасида давлат дастури асосида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, аҳолининг фаровон яшаши учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритди. Айни пайтда маҳалла раислари, фаоллар ҳамда нуронийлар, ҳудуд профилактика инспекторлари ўзаро ҳамкорлик қилиши, бунёдкорлик ишларига кўмаклашиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

— Маҳалламизда мактабгача таълим ва умумтаълим мактаблари йўқ эди. Фарзандларимиз 4 километр масофадаги мактабга борарди, — дейди "Ширин" маҳалласида истиқомат қилувчи Мушарраф Акобирова. — Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган ислоҳотлар, ҳокимликнинг саъй-ҳаракати билан бу муаммоларга чек қўйилди. Яшаётган ҳудудимизда 57-умумтаълим мактабининг филиали қурилиб, 80 ўринли мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Маҳалламизга 3,5 километр қувур ётқизилиб, ичимлик суви олиб келинди. Суюлтирилган газ ўз вақтида етказилмоқда. Бундан биз беҳад миннатдормиз.

Сайёр қабулларда аҳолининг муаммолари тизимли равишда ҳал этилиши, билдирилган таклифлар атрофлича ўрганилиб, ҳаётга татбиқ этилиши бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ, Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбирлари

12.12.2018 208 99 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства