samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ХАЛҚАРО ТАЖРИБА

Чоп этиш

даволаш самарадорлигини оширади

Бутунжаҳон жарроҳ-онкологлари федерацияси аъзолари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида бўлиб, муассасада яратилган шароит, амалга оширилаётган тиббий амалиётлар билан яқиндан танишишди.

— Ўзбекистонда тиббиёт жадал ривожланмоқда, — дейди Бутунжаҳон жарроҳлари ва онкологлари федерацияси президенти Радон Джодич. — Буни Самарқанд мисолида кўриб, гувоҳи бўлдик. Бу ерда яратилган шароит, тиббий асбоб-ускуналар, мутахассисларнинг малакаси, улар томонидан амалга оширилаётган тиббий хизмат жаҳон стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради. Биз маҳаллий мутахассислар даволаётган беморлар ҳолатини кузатдик. Олиб борилган амалиётлар соҳада белгиланган меъёрий талаблар асосида бажарилган. Айрим оғир хасталикларни самарали даволаш бўйича ўз тажрибамиздан келиб чиқиб маслаҳатларимизни бердик. Ўйлаймизки, халқаро тажриба юртингизда мазкур йўналишдаги беморлар дардига дармон бўлишда муносиб хизмат қилади.

Бутунжаҳон жарроҳ-онкологлари федерацияси, Ўзбекистон онкологлар ассоциацияси ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ўтказилаётган хал­қаро семинар иштирокчилари томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали шифокорлари учун семинар-тренинг ташкил этилди. Унда хорижлик мутахассислар ўз тажрибаларида қўллаётган замонавий усуллар ҳақида вилоятимиз онкологларига тушунчалар беришди.

— Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад Бутунжаҳон жарроҳ-онкологлари федерацияси вакилларининг муассасамизда яртилган шароит ва имкониятларни, илмий ва амалий салоҳиятимизни  ўрганишидан иборат, — дейди  Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, профессор Миржамол Жўраев. — Чунки, Бутунжаҳон жарроҳ-онкологлари федерацияси халқаро илмий-таълим мактаби  2019 йилга мўлжалланган машғулотларини бизнинг муассасамизда ўтказиш режалаштирилмоқда. Тадбир давомида хорижлик мутахассислар шифохонамиз шароитлари билан танишиши билан бирга, биз бажараётган тиббий амалиётларни ҳам кўздан кечиришди. Беморларнинг ҳолати, олиб борилаётган тиббий муолажаларни кузатишди. Айни жараённинг яна бир муҳим жиҳати бор. Юртимизда саратон касаллигини даволашда қўлланилаётган тажриба, шароитлар уларни қониқтирса, Бутунжаҳон жарроҳ-онкологлари федерацияси халқаро илмий-таълим мактаби ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши белгиланган. Мазкур ҳамкорлик маҳаллий мутахассисларга дунёнинг энг ривожланган шифо масканларида малака ошириб келиш имкониятини яратади.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самар­қанд филиалига давлат дастурлари асосида тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббий амалиётлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида йил яунига қадар бир нечта замонавий тиббий жиҳозлар олиб келиш режалаштирилган. Мазкур асбоб-ускуналарнинг амалиётда қўлланилиши билан муассасадаги тиббий хизмат кўрсатиш даражаси учинчи бос­қичга кўтарилади. Бу саратон касаллигини даволашга ихтисослашган шифо масканларининг жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беришини англатади.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

9.06.2018 179 44 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства