samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Фахрийлар беллашишди

Чоп этиш

"Афросиёб" спорт мажмуасида "Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас" шиори остида фахрийлар ўртасида соғломлаштирувчи спорт мусобақаси ўтказилди.

Вилоят спорт фахрийлари кенгаши ташаббуси билан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада вилоят бўйича 100 нафарга яқин кекса отахон ва онахонлар иштирок этишди.

— Бу каби соғломлаштириш мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиб келамиз, — дейди вилоят спорт фахрийлари кенгаши раиси Ҳ. Рофиев. — Бундан кўзланган асосий мақсад — фахрийларимизни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, мусобақа баҳонасида уларга кўтаринки кайфият улашишга қаратилган. Албатта, мусобақада ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланади ҳамда дастурхон атрофида бир пиёла чой устида суҳбатлашиш имконияти яратилади.

Мусобақа давомида отахон ва онахонлар тўрт ёш тоифасига кўра беллашувларда қатнашишди. Улар югуриш, баскетбол тўпини саватга тушириш, шахмат бўйича ўзаро баҳслашишди.

— Саксон саккиз ёшдаман, — дейди "Юксалиш" маҳалласида яшовчи отахон Темур Мансуров. — Ҳар куни эрта тонгдан маҳалламиз ҳудудини бир соат давомида айланиб чиқаман. Енгил бадантарбия машқларини ҳам мунтазам бажараман. Кўриб турганингиздек, шу ёшда ҳам мусобақада ҳеч кимдан ортда қолаётганим йўқ. Албатта, бу ерда ғолиблик муҳим эмас. Тенгдошлар билан суҳбат қуриб, кўнгил ёзиш ҳам бизга кўтаринки кайфият беради. Мусобақа давомида ёнимизда турган ўғил-қизларимизга спорт билан шуғулланишни фойдаси ҳақида ҳам сўзлаб бердик, ҳам амалда кўрсатдик. Кексалар ҳар доим, ҳар ишда ёшларга ибрат бўлса, ишимизда, уйимизда доим барака, файз бўлади.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик сов­ғалари билан тақдирланишди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

7.05.2018 116 34 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства