samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Фаоллик ва ташаббускорлик

Чоп этиш

фаолиятимизнинг бош мезони бўлиши керак

1.    Сайланган округингизда ҳудудий дастурлар асосида олиб борилаётган ишлардан хабардормисиз?

2.    Яқинда уюштирган депутатлик сўровингиз ва унга қандай жавоб олдингиз?

3.    Сайлов округингизда охирги марта қайси мавзуда тадбир ўтказдингиз, сайловчиларнинг таклиф ва ташаббуслари нималардан иборат бўлди?

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар таъсирчанлигини оширишда маҳаллий Кенгашлар депутатларидан ташаббускорлик, давлат ва жамият ҳаётидаги муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишда фаоллик талаб қилинмоқда. Бунинг учун эса доимо аҳоли билан мулоқотда бўлишимиз, юзага келаётган муаммоларнинг илдиз отиб кетмаслиги учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишимиз, замон билан ҳамнафас бўлишимиз, энг муҳими, бизга билдирилган ишончни оқлашимиз зарур. 

Ўзим сайланган 2-Мотрид сайлов округида "Маърифат", "Ҳумо", "Хўжағунжойиш", "Хўжа қишлоқ", "Мотрид" ва "Қўрғонча" маҳаллалари жойлашган. Округимизда ҳудудий дастурлар асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан мунтазам равишда бохабар бўлиб боряпман.

Жорий йилнинг 31 январида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг вилоят ва шаҳар кенгашлари томонидан "Қўрғонча" маҳалласида сайёр қабул ўтказилди. Ҳудуд аҳолиси билан ташкил этилган бевосита мулоқот асносида бир қатор муаммолар юзасидан мурожаатлар бўлди. Жумладан, фуқаролар "Қўрғонча" маҳалласи ҳудудидан ўтган темир йўлнинг 107-постидаги ўтиш йўлаги торлиги боис мотам маросимларида "Фозил ота" қабристонига тобутни олиб боришда қийинчиликларга дуч келинаётгани сабабли кўчани кенгайтириш тўғрисида амалий ёрдам сўрашди. Ушбу масала юзасидан "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти Бухоро минтақавий темир йўл узели Самарқанд ҳудуди раҳбариятига депутатлик сўрови юбордим. Бунинг натижасида темирйўлчилар ўтиш йўлагини 3 метрга кенгайтириб беришди. Бундан ташқари, ушбу маҳалладаги 1974 йилда ўрнатилган юқори қувватли электр узатиш устунлари яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Жорий йилнинг 23 март куни ушбу устунларни алмаштиришга амалий ёрдам сўраб шаҳар электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови жўнатдим. Унга жавобан 1 та устун алмаштирилди. Қолган устунлар, афсуски, ҳанузга қадар алмаштирилмади.

Депутат кабинетда эмас, балки бевосита халқнинг ичида бўлиши керак. Айнан мулоқотлар ва учрашувларда муаммо ҳамда камчиликлар аён бўлади. Ўзим ҳам муаммоларни аҳоли билан биргаликда ўрганаман. Жумладан, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар Хўжағунжойиш кўчасининг маҳаллага туташадиган қисмига светофор ўрнатишда амалий ёрдам сўраб мурожаат этишганди. Ушбу масала бўйича юборган депутатлик сўровимга вилоят махсус эксплуатация-монтаж корхонаси томонидан ижобий жавоб берилди. Хусусан, шаҳар ички ишлар бош­қармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ва вилоят махсус эксплуатация-монтаж корхонаси ходимлари кўчани батафсил ўрганиб чиқишди. Ўрганиш натижаларига кўра, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланмагани маълум бўлди. Ушбу чорраҳада ҳаракат иштирокчилари учун қулайликлар яратиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида светофор ўрнатиш лозим, деган хулосага келинди. Светофор ўрнатиш жорий йилнинг 3-чораги режасига киритилиши маълум қилинди. Умуман, ўтган давр мобайнида жами турли идора ва ташкилотларга 5 та депутатлик сўрови ҳамда 2 та хат жўнатдим. Депутат сўровининг 2 тасига жавоб қайтарилмади.

2-Мотрид сайлов округида бир қатор тадбирларни ташкил этдим. Жумладан, жорий йилнинг 16 январида "Маърифат" маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида давра суҳбати ўтказдим. Шунингдек, 23 февраль куни ташаббусим билан 67-умумтаълим мактабида "Ёшлар — бизнинг келажагимиз" мавзусида тадбир ташкил этилди.

Аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни юксалтириш ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган тадбирлар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Чунончи, 3-оилавий поликлиниканинг Мотрид филиали жамоаси билан учрашув ўтказдим. Унда тиббиёт соҳасидаги энг сўнгги янгилик ва ўзгаришлар, хал­қимизнинг тиббиёт ходимларига бўлган ишончини сифатли хизмат кўрсатиш орқали янада мустаҳкамлаш, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари Президентимиз қарор ва фармонлари, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалий таклиф ва ташаббусларни илгари суришда доимо фаол бўлиши керак. Жорий йилнинг 7 апрель куни ўтказилган халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг XXIV сессиясида Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабр­даги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш масаласи кун тартибига киритилди.

Мухтасар айтганда, фаоллик ва ташаббускорлик, дахлдорлик ҳисси билан ишлаш фаолиятимизнинг бош мезонидир. Олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни сидқидилдан бажаришимиз пировардида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, барқарор тараққиёт суръатларига эришишга хизмат қилади.

Муаллиф: Саноат ЗОҲИДОВА, 2-Мотрид сайлов округидан шаҳар Кенгаши депутати

25.04.2018 158 31 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства