samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Фан соҳасидаги ислоҳот

Чоп этиш

унинг ривожига хизмат қилади

Самарқанд давлат чет тиллар институтида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгашининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг "Фан тўғрисида"ги қонуни лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ҳамда олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси М. Бобобекова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ш. Полвонов, А. Маҳматмуродов ва бошқалар "Фан тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, илмий фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.

Давра суҳбатида илмий тадқиқотчи ва профессор-ўқитувчилар ҳамда депутатлар қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича бир қатор амалий таклифлар билдиришди.

Жумладан, қонуннинг 16-моддасига аниқлик киритиб, фан ва амалиёт узвийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Импакт факторга эга, "Scopus" ва "Web of science" маълумот базалари рўйхатига киритилган халқаро журналларда мақола чоп этган илмий ходимлар ва профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, мустақил илмий изланувчилик асосида илмий фаолият билан шуғулланаётган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламалари ҳажмини камайтириш ижобий самара беради. Қонуннинг 26-моддасига қўшимча тарзда ишлаётган пенсионерларга нафақа тўлашда улар фаолиятининг натижадорлигини инобатга олиш керак.

Давра суҳбатида билдирилган барча таклифлар муҳокама қилинди. Улар асосида қонун лойиҳасига қўшимчалар киритиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Муаллиф: Азиз БЎРИБОЕВ, партия вилоят кенгаши раиси ўрнибосари

30.05.2018 115 41 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства