samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ФАХРИМ ВА ҒУРУРИМСАН, ЖОНАЖОН САМАРҚАНДИМ!

Чоп этиш

Бугун туғилиб-ўсган Паст Дарғом туманининг сўлим қишлоқлари бағрида, яқинларим, фарзанду набираларим ардоғида кексалик гаштини суряпман-у, шуурим, қалбим Самарқанд билан доим боғланган.

Бу жонажон, қадимий кентга бўлган чексиз меҳримдандир, балки у ерда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларидан иборат дилкаш, оқкўнгил дўстларим соғинчидандир...

Ҳаётимнинг қирқ йили Самар­қандда ўтди: ўқидим, ишладим ва бундан умрбод фахрланиб, ғурурланиб юраман. Юртимизнинг турли вилоятлари, шаҳару қишлоқларида бўлганман. Аммо Самарқанд­нинг тафти, гўзаллиги, мусаффо ҳавосию нилий гумбазлари бетакрор, беқиёс. Бугун янада сайқал топган бу шаҳар нафақат мени, балки олам аҳлини ўзига оҳанрабодек чорлаётир. Бу ерда яшаб, нон-тузини татиб, бир неча кунгагина бошқа вилоятга ёки мамлакатга сафар қилган киши ҳеч вақт ўтмасдан Самар­қандни соғинади.

Самарқандда дўстларим кўп: бири тожик, бири рус, бошқаси татар, турк… Ҳа, Самарқанд кўп миллатли шаҳар. Бу ерда юзлаб миллат вакиллари яшайди. Улар бир оила фарзандларидек аҳил. Бир-бирига елкадош, каттаси кичигига, кичиги каттасига ҳурмат-иззатда. Ўзаро муносабатларда инсонийлик, қардошлик, дўстлик, ҳамфикрлик, ҳамкорлик намоён. Ҳаётининг бир қисми шу муқаддас маскан билан боғлиқ бўлган кишиларнинг бир эмас, камида уч тилни билиши, бемалол мулоқот қилиши одатий ҳолга айланган. Шаҳарнинг қай бир ҳудудига бориб, шу тилларнинг бирортасида сўзласангиз ўша тилда жавоб оласиз. Шу боис, шаҳарда доим тинч­лик ва осойишталик, фаровон турмуш ҳукмрон.

Ўзбек-у тожик халқларининг қадриятлари, урф-одат ва анъаналарининг бир-бирига уйғунлиги дилга нур бағишлайди. Санъатимиз, маданиятимиз, ҳунар­манд­­чилигу деҳқончилигимиз ҳам деярли бир хил. Ҳатто қиёфаларимиз ҳам ўхшаш. Ҳақиқатан ҳам, Самарқанд давлат университетида қарийб ўттиз йил бирга ишлаган миллати тожик бўлган энг эқин дўстим Зарифбой Раҳимов (охирати обод бўлсин!) билан иккимизни кўпчилик бир-биримизга жуда ўхшатишарди. У инсон билан юриш-туришимиз, қадди-қоматимиз ҳам ўхшарди.

Шу ўринда кун сайин Самар­қанднинг кўркига-кўрк қўшилаётганини тилга олмасликнинг сира иложи йўқ. Шаҳарнинг туну кунги гўзаллиги қалбларга ҳузур бағишлайди. Сўнгги йилларда шаҳар бутунлай замонавий қиёфа касб этаётгани эътиборга молик. Барпо этилаётган хиёбонлар, кенгаяётган кўчалар, қурилаётган маҳобатли иморатлар, тобора обод бўлаётган тарихий обидалар нафақат юрт­дошларимизни, балки хориждан ташриф буюраётган меҳмонларнинг диққатини ўзига жалб қилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов абадий қўним топган Ҳазрати Хизр мажмуасининг бутунлай янгича қиёфа касб этганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундай бунёдкорлик ишлари шаҳарда жадал давом этмоқда.

Истагим, юртим тумори, бутун олам аҳли бир кўриш учун талпинаётган жонажон Самарқандимиз бундан-да гуллаб-яшнасин! Буюк бобокалонларимиз хоки ётган, тупроғи азиз ва мукаррам кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг бетакрор тароватига кўз тегмасин!

Муаллиф: Бобоқул ЖЎРАЕВ, физика-математика фанлари номзоди, доцент

6.10.2018 18 78 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства