samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ФАХРИЙЛАР ЭҲТИРОМ ВА ЭЪЗОЗДА

Чоп этиш

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президентимизнинг байрам табриги ва эсдалик совғаси — олтин соатлар топширилди.

Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокими Т. Жўраев кенг жамоатчилик иштиркида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, уларга Президентимизнинг байрам табриги ва эсдалик сов­ғаси — олтин соатларни топширди.

Шаҳримиздаги "Камолиддин Беҳзод" маҳалласида яшовчи Галина Журавлёва Иккинчи жаҳон урушида алоқачи бўлиб хизмат қилган. 96 ёшни қаршилаётган онахон фашист газандаларига қарши Австрия остонасига қадар бўлган жангларда қатнашиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган.

— Президентимиз совғасини вилоят ҳокимининг қўлидан олганимдан жуда хурсандман, — дейди Галина Журавлёва. — Менга шу даражада юксак эҳтиром кўрсатишганидан қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Бизни унутмаганликлари учун Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат! У кишининг раҳнамолигида юртимизда бошланган улкан ислоҳотлар буюк келажакка хизмат қилади. Президентимиз бошимизга омон бўлиб, юрт коридан чарчамасин!

Вилоят ҳокими "Марҳабо" маҳалласида яшовчи 92 ёшли уруш қатнашчиси Евгений Солдатовнинг ҳолидан хабар олиб, Президент табриги ва совғаларини тантанали топширди.

— Халқимизнинг меҳр-мурувватли эканлигини сўз билан таърифлаб бўлмайди, — дейди Евгений Солдатов. — Ҳар доим иззат-икром билан йўқлаб туришади. Президентимиз номидан вилоят ҳокимининг шахсан ўзи байрам табриги ва сов­ғаларни топшириши кўнглимни тоғдек кўтарди. Инсон қадр-қиммати улуғланган юртимизда мана шундай эътибор ва эҳтиромда яшаётганлигим мен учун энг олий саодатдир. Биз, фахрийларни эъзозлаган Юртбошимиз соғ-омон бўлсин! Она диёримиз бундан-да кўркам бўлиб, тенглар ичра тенг бўлсин!

Самарқанд гарнизони офицерлар уйи ҳарбий оркестрининг куй-қўшиқлари ҳар иккала маҳаллада ўтказилган тадбирларнинг байрамона тус олишини таъминлади. Вилоят театрлари актёрларининг чиқишлари, куй-қўшиқлар фахрийларга, маҳалла аҳлига кўтаринки кайфият улашди.

Шунингдек, шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонида бўлиб, уларни байрам билан қутлади. Жумладан, уруш қатнашчилари Абдулла Каримов ва Михаил Колмогоровларга Президентимизнинг байрам табриги ва эсдалик совғаларини тантанали топширди. Ҳарбий оркестр ва ўқувчи ёшлар ижросидаги куй-қўшиқлар фахрийларга байрамона кайфият улашди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

9.05.2018 58 35 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства