samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Уюшмаган ёшлар муаммоси

Чоп этиш

Ўзбекистон "Адолат" СДП сиёсий кенгашининг нигоҳида

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси сиёсий кенгаши ташаббуси билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  2017 йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида айтган танқидий-таҳлилий фикрлари, берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида "Уюшмаган ёшлар: бурч, ҳуқуқ ва манфаатлар бирлиги" мавзусида икки кунлик республика кўргазмали ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Ўқув-семинар доирасида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида уюшмаган ёшларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгаллашларига кўмаклашиш ва иш билан таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда бир қатор таълим ва тиббиёт муассасалари, корхона-ташкилотлар 70 дан ортиқ бўш ва квота иш ўринлари билан иштирок этди. Меҳнат ярмаркасида олий ва ўрта махсус таълим муассасаларини битириб, бугунги кунгача бирор жойда ишламасдан келаётган 30 нафар йигит-қизга ўзлари танлаган касб ва йўналиш бўйича ишлаш учун йўлланма берилди.

Шундан сўнг, тадбир доирасида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Н. Умаров, партиянинг вилоят кенгаши раиси М. Бобобекова, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари М. Бобоёров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р. Қобилов ва бошқалар бугун таълим муассасаларини битирган ёшларни ўз мутахассисликлари бўйича муқобил ишга жойлаштириш, уюшмаган ёшлар ўртасида ишсизлик, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлашди. Уларни ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қў­йишларига кўмаклашилаётгани, ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имтиёз ва қулайликлардан унумли фой­да­ланишлари учун имконият яратилаётганлигини эътироф этишди. Маҳаллалардаги уюш­маган ёшларни назорат қилиш нафақат маҳалла оқсоқоли ва жамоатчилик кенгашлари аъзолари, айни пайтда, халқ сайлаган ишончли вакил — депутатнинг эътибор марказида бўлишини қайд этишди.

Тадбир давомида уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича вилоятимиз ҳамда Жиззах, Навоий вилоятларининг тажрибасини ўрганиш мақсадида тақдимот бўлиб ўтди. Шунинг­дек, шаҳримиздаги "Девори кўндаланг" маҳалла фуқаролар йиғинида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, уларнинг маданий ҳордиқ олишлари, билимларини мустаҳкамлаши ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратилган шароитлар билан танишилди.

Муаллиф: А. ЗИЁДОВ

11.04.2018 183 27 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства