samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Учинчи чорак янги мактабда

Чоп этиш

"Зарафшон" маҳалласида жойлашган 78-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Қишки таътилдан яна мактабга қайтган мазкур маҳалла ёшларининг қувончи чексиз. Чунки энди улар бир неча километр наридаги мактабга қатнашмайди. Барча шароит, имкониятларга эга бўлган янги мактаб биноси, шинам, ёруғ синфхоналар улар ихтиёрида.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов ҳамда мактаб директори         О. Аҳмедовлар мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган  ислоҳотлар, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг пухта билим ҳамда касб-ҳунар эгаллаши учун шаҳримизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар тўғрисида сўз юритишди.

216 ўринли янги мактаб биносида кутубхона, мажлислар зали, лабораториялар, информатика, ўғил болалар ва қизлар учун махсус технология хоналари ва спорт зали жойлашган. Таъкидлаш жоиз, буларнинг барчаси ўқитувчилар учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очди. Таълим муассасаси маъмуриятининг қайд этишича, бино "Сам механик кўчма карвон" МЧЖ қурувчилари томонидан 7 ой давомида бунёд этилган. Салкам 4 миллиард сўмга яқин қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилган.

— Бугун маҳалламиз тарихида ўчмас из қолдирадиган бўлди, — дейди   бошланғич синф ўқитувчиси Дилфуза Раҳимова. — Кўрганингиздек, биз шаҳар чеккасида яшаймиз. Ушбу янги мактаб биноси ҳар томонлама маҳалламиз аҳли учун қулайлик яратди. Синфхоналар иссиқ, интерфаол усулларида машғулотларни ташкил этиш учун қулай, ҳар бир фанга ихтисослашган хоналар мавжуд. Муҳими, маҳалламизни шаҳар маркази билан боғловчи жамоат транспорти ҳам йўлга қўйилди.

Тадбир ниҳоясида шаҳар ҳокими мактаб биноси билан тўлиқ танишиб, ташриф буюрган ота-оналар билан мулоқотда бўлди. Таълим муассасасига ўқитувчиларни ишга қабул қилиш тартиби, таълим сифатини ошириш, янги технологияларни жалб қилиш юзасидан топшириқлар берди.

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ, "Samarqand" мухбири

24.01.2019 61 4 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства