samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Улуғ айём тантаналари "Мўъжиза"дан бошланди

Чоп этиш

Истиқлол, эркинлик, озодлик, ҳурлик. Бу сўзларнинг мазмун-моҳияти, қадрини мустабид тузум исканжасида эрки, урф-одати, анъаналари, ўзлиги, тили ва динидан мосуво бўлиб, ёт ғоялар билан яшашга маҳкум бўлганлар тўла-тўкис ҳис этади, унинг қадр-қимматини англаб етади.

Бу йўлда жон фидо қилган улуғ зотлар, зиёлиларнинг шонли ҳаёти, оғир тақдирлари мустақилликкача бўлган суронли даврларнинг азоб-уқубатларидан ҳикоя қилади. Ана шундай хорлигу зорликлар, таҳқирларни бошидан кечирган халқ учун юрт тинчлиги, озодлиги, истиқлол тантанасидан улуғ айём йўқ. Шу боис, энг улуғ, энг азиз айёмга барча бирдек улкан муваффақиятлар, ютуқ ва марралар билан ҳозирлик кўради. Вилоятимиз аҳли ҳам байрамга муносиб тадорик кўрди. Мус­тақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган вилоятимизнинг асосий байрам тантаналари "Мўъжиза" амфитеатрида ўтказилди.

Мустақиллик, ҳурлик, истиқлол руҳиятига мос тарзда байрамона безатилган амфитеатр турли соҳаларда меҳнат қилаётган вилоятимиз фаоллари, нуронийлар, ёшлар билан тўлди. Энг улуғ, энг азиз байрам тараннумига бағишланган тадбирни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов очиб берди ва йиғилганларни, улар сиймосида бутун вилоятимиз аҳлини айём билан қутлади.

— Истиқлолимизнинг 27 йиллик тантанаси бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятимизда ҳам кўтаринки руҳда, турли соҳалардаги юксак натижалар билан қарши олинмоқда, — деди Э. Турдимов ўз нутқида. — Мана шундай қутлуғ кунда вилоятимизнинг бир гуруҳ фидойи, ташаббускор инсонлари мамлакатимиз раҳбари томонидан юксак давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирлангани байрам руҳиятини янада оширди. Айни пайтда Индонезияда давом этаётган Осиё ўйинларида қатнашаётган вилоятимиз спортчиларининг муваффақиятлари байрамга муносиб сов­ға бўлди. Жумладан, Мўмин Абдуллаевнинг юнон-рум кураши бўйича мусобақа олтин медалини қўлга киритгани барчамизни бирдек қувонтирди. Бу каби юксак натижалар нафақат спортда, балки барча соҳаларда кузатилмоқда. Вилоятимиз аҳли мана шундай улуғ айёмларни юксак марралар билан қарши олиб, келгуси муваффақиятларга замин яратишни мақсад қилган. Айни пайтда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрини туризм марказига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Samarqand city туризм ҳудудини ташкил этиш бўйича берган топшириқлари асосида белгиланган лойиҳалар бошланмоқда. Насиб этса, Самарқанднинг шон-шуҳрати янада ошади, номига мос туризм марказига айланади.

Шундан сўнг, вилоятимиз ва республика санъаткорлари, ёш ижрочилар иштирокидаги байрам дастури намойиш этилди. Она Ватан, истиқлол, меҳр-оқибат, дўстлик, тинчлик тараннум этилган миллий ва замонавий куй-қўшиқлар, болажонларнинг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашиш билан бирга янги марралар сари руҳлантирди, қалбларга эзгу мақсадларни жо айлади.

— Мустақиллик байрамида биринчи бор қатнашишим, — дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Мафтуна Саматбоева. — Вилоят ҳокимининг байрам табригида таъкидланган ютуқ ва муваффақиятларни эшитиб фахрландим. Жорий йил менинг ҳаётимда ҳам ўчмас из қолдирди. Мамлакатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлдим. Имтиёзли равишда Ўзбекистон миллий университетининг математика факультетига ўқишга қабул қилиндим. Юртимизда ўқиб, ўрганаман, деган ёшлар учун мана шундай чексиз имкониятлар яратилмоқда. Бундан унумли фойдаланиш биз, ёшларнинг фарзандлик бурчимиз, десам муболаға бўлмайди. Бугунги тантанали тадбирда келгуси режаларимни яна бир бор кўз олдимдан ўтказиб қатъий мақсадларимни белгилаб олдим. Келажакда берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда хал­қаро миқёсдаги фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллайман. Математика соҳасида илмий ютуқларим билан она Ватаним тараққиётига ўз ҳиссамни қўшаман. 

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган тантанали байрам дастури мушакбозлик билан якунланди.

Байрам тадбирлари барча шаҳар ва туманларда, корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда давом этмоқда. Мустақиллик байрами куни истироҳат боғлари, хиёбонларда байрам сайллари ўтказилади. 

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

31.08.2018 236 69 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства