samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Улуғини сийлаган юрт

Чоп этиш

Тўқ элга, тинч юртга байрамлар ярашади.

Жаҳон урушлари, деб аталадиган юртлар­аро муҳорабаларнинг энг охиргиси тугаганига  ҳам 73 йил бўлди. Уруш даврининг охирида таваллуд топган бобо ва момоларимиз шу ёшга тўлмоқда. 73 йиллик тарих саҳифалари ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз ўрнига эга. Урушга 17-18 ёшида сафарбар этилган йигитлар — бугунги боболаримизнинг ёши аср остонасига  етиб қолибди. Улар биз учун тирик тарих. Уруш даҳшатлари — қир­ғинбаротларни уларчалик  ҳеч ким таърифлаб-тавсифлаб беролмаса керак.

Айни пайтда шаҳримизда 23 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Улар ҳар доимгидек давлатимиз, халқимиз, Юрт­бошимиз ардоғида. Ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз фармонига биноан 5 миллион сўмлик бир марталик мукофот пули, тилла соат, шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ҳамда ҳомийлар томонидан қимматбаҳо сов­ғалар топширилмоқда.

Байрам муносабати билан фронторти ва меҳнат фронтларида жасорат кўрсатган ҳамюртларимиз ҳам алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ эканлигини барчамиз ҳис этамиз. Бугунги кунда шаҳримизда ана шундай тоифадаги 285 киши истиқомат қилади. Қутлуғ ёшга етган ушбу ҳамшаҳарларимиз учун энг зарур замонавий шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда. Охирги бир йил ичида 1 нафар уруш қатнашчисига янги уй-жой берилди, 2 кишининг турар жойлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун улар жон олиб, жон берган юртларга бориб, қуролдошлари қабрини зиёрат қилиш, Россиянинг Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги "Ўзбекистон" санаторийларида бир нафар кузатувчи — фарзанди ёки қариндоши ҳамроҳлигида саломатлигини тиклаш имконияти яратилганлиги халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди.  Ҳозирданоқ жойларда уруш фахрийларининг ушбу оромгоҳларда ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ ташкилий ишлар бошлаб юборилди.

Бугунги ёш авлод уруш ва унинг оқибатлари хусусида етарли маълумотга эга эмас. Бироқ юртимиз тинч, осойишта бўлса-да, дунёнинг турли бурчакларида ҳамон урушнинг совуқ нафаси кезиб юрибди. Сурия, Яман, Ироқ, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишини кутиб яшамоқдамиз. Қолаверса, Европанинг энг тинч, осойишта мамлакатларида ҳам терроризм, деб аталмиш уруш олови вақти-вақти билан бўй кўрсатиб туриши барчамизни тинчлик, осойишталик йўлида мақсадларимизни бирлаштиришга, биргаликда ҳаракат қилишга ундайди.

Муаллиф: Амриддин МУҲИДДИНОВ, "Нуроний" жамғармаси шаҳар бўлими раиси

9.05.2018 113 35 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства