samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Улуғбек қолдирган мерос

Чоп этиш

барча даврларда ҳам ўз қийматини йўқотмайди

Илму фан тараққиётига, цивилизация ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Улуғбек ўз замонасидаёқ шуҳрат қозонди. У ҳақда кўплаб китоблардан маълумотлар жой олган. Масалан, Алишер Навоий унинг илм-фан борасида қилган ишларини улуғлаб, шунай ёзади:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек.

Анинг абнойи жисми бўлди барбод,

Ки давр аҳли биридин айламас ёд.

Валек ул илм сори топти чун даст,

Кўзи оллинда бўлди осмон паст.

Расадким боғламиш зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра бир осмондур.

Билиб бу навъ илми осмоний,

Ки андин ёзди "Зижи Кўрагоний".

Қиёматга дегунча аҳли айём,

Ёзурлар анинг аҳкомидин аҳком.

Олам Улуғбекдек султон кўрмагани рост. Негаки, тарих саҳифаларини варақлаб ҳам олим, ҳам подшоҳлик қилган шахсни то унгача учратиш қийин. Тўғрироғи — йўқ. Подшоҳларни қўя турайлик, олимлар ҳам кўп ўтган. Ўтган-у, лекин Улуғбек даражасига кўтарила олганлари камдан-кам.

Мирзо Улуғбек  пойтахти Самарқанд бўлган Мовароуннаҳр мулкини қирқ йил (1409 — 1449)  давомида адолат билан бошқарди. Улуғбек даврида Самарқанд янада равнақ топди. Шаҳарда ҳунармандчилик, меъморчилик, адабиёт, санъат, илм-фан, савдо-сотиқ тараққий этди. Масалан, меъморчилик борасида Бухоро, Самарқанд, Ғиждувонда мадрасалар ва Марвда хайрия муассасалари қурдирди. Мадрасаларда диний илмлар билан бирга дунёвий билимларни ҳам ўрганиш ва ўргатишга аҳамият бериладиган бўлди. Адабиёт соҳасини оладиган бўлсак, ўзбек қасидачилигига асос солган Саккокий  Улуғбек яратган илмий ва адабий муҳитда яшаб, ижод қилади. У Улуғбекка атаб бир нечта қасидалар ёзган. Қасидаларидан бирида шундай дейди:

Фалак йиллар керак сайр этсаю келтирса илкига,

Менингдек шоиру турку сенингдек шоҳи донони,

ёки яна бир ўринда Улуғбекка қарата мурожаат қилиб шундай дейди:

Аё шоҳо, малаксийрат, сенинг васфинг сўзи ичра

Ўқигин энди олингда яна бир достон келди.

Салотин дунёда кўб келдию кечди, сенингтек бир -

Фалакнинг гар тили бўлса, айтсинким, қачон келди...

Шаҳо, лутфингни топқум деб дуочи банда Саккокий

Белин жони била боғлаб бу хизматга равон келди.

Ҳа, Саккокий айтганидек, Улуғбекнинг ҳузурига,  у яратган илмий ва адабий, маърифий муҳитда  иштирок этиш, илм ва ижод билан шуғулланиш истагида кўплаб олимлар, шоирлар  белини қамишдан эмас, "жони билан боғлаган" ҳолда Самарқандда йиғилади. Натижада 200 нафардан зиёд олимни жамлаган Самарқанд илмий мактаби ташкил топади.

Кези келганда айтиш мумкинки, Жомий ва Навоий ҳам айнан Самарқандда таҳсил олиши Улуғбек яратган илмий-адабий муҳитнинг таъсирида эди. Алишер Навоий Самарқанд мадрасаларида ўқиб юрган кезларида  Улуғбек қурдирган Расадхона ҳали бузилмаган, осмон жисмларини кузатиш ва ўрганишда фойдаланилар, бунда шоир Расадхона билан танишган, мадрасада эса астрономия, математика, географияга оид билимларни ҳам ўрганган. Унинг айнан астрономия соҳасига доир билимлари кейинчалик  "Хамса"нинг  "Сабъаи сайёр"  дос­тонида мукаммал тарзда ўз аксини топади. 

Одил ва фозил Улуғбек образи кўпгина бадиий асарларда ҳам яратилган бўлиб, айниқса, М. Шайхзоданинг  "Мирзо Улуғбек" фожиасида унинг образи янада тўлақонли, таъсирчан тасвирланганки, асарда Улуғбек мураккаб шахс сифатида тарихий ҳақиқатга мос тарзда гавдалантирилган.

Улуғбекнинг илмий мероси ҳақида гап кетганда айтиш жоизки, унинг "Зижи жадиди Кўрагоний", "Тўрт улус тарихи" асарлари бизга яхши маълум. Бироқ "Ўзбек миллий энциклопедияси" да қуйидагича маълумот ҳам келтириб ўтилган: " Улуғбекнинг яна бир асари "Рисолаи Улуғбек" деб аталади ва Ҳиндистондаги Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган. Балки у ҳам ҳисоблаш математикасига алоқадордир". Савол туғилади: ушбу асарни ўрганиш фурсати етмадимикин? Албатта, бунда икки давлат элчихоналарининг саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин тутади. Ахир Туркия, Эрон ва бошқа давлатларда сақланаётган Навоий асарлари ўрганиляпти-ку, наҳотки Ҳиндистонда сақланаётган Улуғбек асарини ўрганишнинг иложи бўлмаса?.. Ахир, бу илм-фан учун катта янгилик бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Улуғбек, унинг адолатли сиёсати, илму ҳунар аҳлига ҳомийлиги, олимлигию оқиллиги барча замонларда авлодлар учун ибрат ва намуна мактаби бўла олади.

Муаллиф: Шамсиддин Ғаффоров

20.03.2018 99 21 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства