samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

УСТОЗЛИК "ЮКИ" ВА МУРАББИЙЛИК МАСЪУЛИЯТИ

Чоп этиш

Азал-азалдан устоз-шогирдлик анъанаси барча соҳаларда кенг урф бўлган. Бу анъана, айниқса, касб-ҳунар йўналишида яққол кўзга ташланади.

Негаки, бирор касб, ҳунарни эгаллашни ният қилган ёшлар ҳамиша кўпни кўрган, тажрибали устозларга шогирд тушишган.

Бу анъана илм, маърифат соҳасида ҳам кенг қулоч ёзмоқдаки, бугунги кунда илму урфон баҳрида янги-янги қирраларни очаётган, забт этаётган ёшлар кўплаб топилади. Уларга тажрибали, ўз соҳасининг билимдонлари бўлган устозлар раҳбарлик қилаётганлиги ҳам айни ҳақиқат.

Кейинги йилларда билим олиш, илм чўққилари сари интилиш ёшларимиз орасида кучайиб бораётганлиги қувонарли ҳолдир. Бугунги кунда мамлакатимизнинг етакчи, илмий жиҳатдан салоҳиятли бўлган Самарқанд давлат университетида 100 нафардан ортиқ ёш илмий-тад­қиқотчи ва 59 нафар докторант фаннинг турли йўналишларида устозлари раҳбарлигида ўқиш ва изланишни дадил олиб бормоқдалар. Уларнинг кўпчилиги изланиш ва тад­қиқотларининг даст­лабки палласидаёқ ўзларининг чуқур билим ва илмий салоҳиятга эга эканлигини намоён этмоқдалар. Университетимиз мамлакатдаги етакчи олий ўқув масканлари сафидан мунтазам равишда ўрин олиб келаётганлигини шу мисол ҳам тасдиқлайди.

Бугунги кунда СамДУ профессор ва ўқитувчилари сони 356 нафарни ташкил этади. Улар орасида 1 нафар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, 78 нафар профессор, 278 нафар фан номзоди ўз илмий ишларини кенг кўламда давом эттириш билан бирга, ёшларга таълим беришдек тарбиявий ва педагогик йўналишда ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Уларнинг аксарияти илм уммонида ёш, иқтидорли жамоадошлари билан қадам-бақадам фаолият юритаётганлиги янада умидли ва қувончлидир.

Илм масканимизда фаннинг турли соҳалари бўйича ўзига хос илмий марказ ва илмий анъаналарни ўзида мужассам этган кўплаб таниқли олимлар етишиб чиққан, салоҳиятли кафедралар фаолият юритмоқда. Айни пайтда университетда фаолият олиб бораётган илмий-педагогик ходимлар, улар орасидан академик, профессор ва доцентларнинг катта ёшдаги қатлами кўпчиликни ташкил этади. Айни пайтда илмий-педагогик фаолият билан машғул бўлган, ўзининг бой билим ва тажрибасини шогирдлари билан баҳам кўраётган устозимиз, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мавлон Жўрақуловнинг ёши 90 га яқинлашди. Шуни фахр билан айтиш мумкинки, устозимиз илм ўрганиш ва илмий изланишда ҳамон ёшларга намуна бўлиб келмоқда.

Билим масканида ёш кадрлар изланиши ва илмий тадқиқот йўналишида янги қирраларни очиш учун қулай шароит яратилди. Бу шароитлар сирасига замонавий жиҳозлар билан таъминланган лабораториялар, фан кабинетлари, бой кутубхона сингари кўплаб қулайликларни тилга олган ҳолда, ҳар бир изланувчан, ёш тадқиқотчи учун тегишли кафедралар томонидан устозлар биркитиб қўйилганлиги ва улар ҳамкорлигида амалга оширилаётган изланиш ва тадқиқотлар самарасини алоҳида тилга олиш зарур.

Айни пайтда СамДУда пенсия ёшидаги илмий ходимлар учун ҳам моддий, ҳам маънавий шароит яратилган. Бу борада мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев ҳамда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган пенсионер профессор-ўқитувчиларни қўл­лаб-қувватлашга доир қарорлар ижросига алоҳида масъулият билан ёндашилаётганлигини ҳам қувонч, ҳам фахр билан тилга олиш зарур. Янги ўқув йилидан бошлаб пенсионер, аммо ишлаётган профессор-ўқитувчилар ойлиги кескин оширилди. Келгуси йилдан эътиборан бугун бу тоифадаги илмий-педагогик ходимлар учун белгиланган маош 2,5 миллион сўмдан 5,5 миллион сўмга кўтарилиши белгиланганлиги соҳада меҳнат қилаётган кекса авлод вакилларини янада янги илмий изланиш ва тадқиқотларга руҳлантириши турган гап. Бу йилги ўқув йили ана шу янгилик билан кўтаринки руҳда бошланди. Бу кўтаринкилик кекса авлод профессор-ўқитувчилари фаолиятида янги қирраларни очишига, бу ҳол фаннинг турли йўналишларида кўпчилик кутаётган янгиликлар яратилишига туртки бўлишига ишонаман.

Билим масканимиз ўзининг илмий салоҳияти ва имконияти билан ўз ўрнига эгадир. Соҳада меҳнат қилаётган кекса авлод вакилларига эътибор, ёш авлод вакилларига яратилаётган имтиёзлар келгусида устоз-шогирд анъаналарининг янада ривожланишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Муаллиф: Исоқжон НЕЪМАТОВ, СамДУ доценти 

3.10.2018 44 77 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства