samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тўққизинчи мажлис

Чоп этиш

Ҳафта бошланаверса, Боқивойнинг юраги ҳапқирадиган бўлиб қолган. Нега дейсизми? Чунки ҳамма жойда мажлислар ҳафтанинг бошида бўлади-да.

Эрталабданоқ бошлиқ уни чақириб, бориши керак бўлган мажлислар рўйхатини қўлига тутқазди. Куннинг биринчи нимчорагида бошқармада навбатдаги мажлис, иккинчи нимчоракда овчилар жамиятининг ҳисобот йиғилиши, учинчисида жониворларни овчилардан ҳимоя қилувчи ташкилотнинг конференцияси, тўр­тинчи нимчоракда туман ўт ёқувчилари семинари бўл­са, тушликдан ке­йин, бешинчисида ўт ўчирувчилар семинари, олтинчи нимчоракда матбуот анжумани ўтказилади, еттинчи нимчоракда эса матлуботчилар уюшмасининг йиллик ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиши керак экан. Ниҳоят, кунни харидорлар ҳуқуқини очофат сотувчилардан ҳимоя қилувчилар ўз мажлислари билан якунлашлари кутилмоқда экан.

Боқивой учун бундай мажлису йиғилишларни ўтказиш чўт эмас. Мана, сиз ва биз мажлисларда ё ухлаб ўтирамиз, ё бўлмаса худди мих устига ўтиргандек бетоқатланамиз. Боқивой эса, аксинча, ҳар қандай мажлисда интизомли ходим сифатида, бошдан охиригача ухламасдан чидайди. Чунки унинг бу борада тажрибаси жуда катта.

Боқивой ҳар қандай мажлису анжуманларга боришдан олдин обдон тайёрланади. Энг аввало, бўшаниб олади, сўнг қорнини яхшилаб тўқлайди. Ахир, бир ерда беш-олти соатлаб ўтиришнинг ўзи бўладими?! Аммо унинг айтишича, мажлисларга боришдан олдин зинҳор чой, лимонад, минерал сув, кофе, айниқса, пиво ичиш мутлақо мумкин эмасмиш. Нима ҳам дердик, Боқивой бу соҳада юксак тажрибага эга. Бундан ташқари, театр гардеробдан бошланганидек, Боқивой учун мажлислар газета-журналлар сотиладиган дўкончадан бошланади. Таниш "киоскачи"дан бир даста газета ва журналлардан сотиб олади. Энг муҳими, интернет ва ижтимоий тармоқлардан ҳам самарали фойдаланадиган замонавий Боқивой сўнгги русумдаги телефонини ҳам чўнтагига солади ва  мажлисларнинг танобини тортишга киришиб кетади.

Бугун ҳам у барча мажлису йиғилишларни қойиллатиб ўтказди. Ниҳоят, уйга қайтиб, энди диванга чўзилган эди, ўғилчаси:

— Дада, кундалигимга қўл қўйиб беринг, — деб қолди.

Боқивой кундаликни очиб ундаги: "Ҳурматли Боқи Боқиевич! Бугун соат 18:00 да ота-оналар мажлисига етиб келинг. Акс ҳолда... Салом билан синф раҳбари", деган ёзувга кўзи тушди-ю юраги тағин жиғиллаб кетди.

— Жон онажониси, шу мажлисга яна бир марта ўзинг бориб қўя қол. Эрталабдан бери мажлисларда ўтиравериб орқам яғир бўлиб кетди, — деди ялиниб.

Хотини ҳам шу гапни кутиб турган экан чоғи, бирданига ҳасратнинг чангини чиқариб ташлади:

— Жон, деб борар эдим-у, аммо ўқитувчилар ҳар гал, болангизнинг отаси борми-йўқми? Ё кўча-кўйдан орттириб олганмисиз, де­йишаяпти, — деб унинг нозик жойидан ушлади.

Ночор қолган Боқивой бўйнидан ип солиб судрагандек ноилож тўққизинчи мажлисга жўнади.

Вақт алламаҳал бўлиб қолгач, оғзи қулоғида, хиргойи қилиб, уйга кириб келган Боқивойни хотини қарши олар экан:

— Ҳа, шумтакангизнинг қилиқларини эшитиб роса хурсанд бўлган кўринасиз. Уятдан юзимда юз қолмаган ўша муаллимлардан. Шунинг учун дийдиёларини бир эшитиб келинг, деб ўзингизни жўнатдим, — дея шан­ғиллади.

— Э, раҳмат сенга, хотинжон, мажлисга юборганинг учун раҳмат! Мени мажлисга эмас, жаннатга жўнатган экансан, — деди Боқивой айёрона илжайиб.

— Ўқитувчиларнинг дашноми сизга жаннатдек туюлибди-да?

— Ие, уларни ўқитувчи дема, хотин. Ахир, улар фаришталар экан-ку. Ўзиям ҳукумат ҳамма гўзалларни йиғиб мактабга жўнатибдими дейман-ов. Бирорта эркаги йўғ-а, бири-биридан чиройли сулувлар экан. Айниқса, ўғлимизнинг синф раҳбари роса офатижон экан-да, нақ фотомодель дейсан, хотинжон, фотомодель!!! Бўлди! Энди, бундан буён ота-оналар мажлисида шахсан ўзим иштирок этаман...

Боқивой шундай деб энди гапини тамомламоқчи эди, хотини ўрнидан туриб кетди:

— Бекорларни айтибсиз, шу бугундан бошлаб мажлисбозлик тамом-вассалом! — деди бўғилиб.

Шундай қилиб, Боқивой тўққизинчи мажлисни ҳам хамирдан қил суғургандек муваффақиятли якунлади. Якунлади эмас, бутунлай даф қилди.

 

Муаллиф: Худойберди КОМИЛОВ

24.09.2018 207 74 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства