samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тўхтатилган юракда жарроҳлик амалиёти

Чоп этиш

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларда илк бор очиқ турда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда тиббиётга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Натижада қисқа фурсатларда соҳага замонавий технологиялар кенг жалб этилиб, кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун имконият яратилди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2018 йил апрель ойида ташкил қилинган болалар кардиохирургия бўлими ҳам ана шундай ислоҳотлар натижасидир.

— Бўлимга Москвадаги А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида фаолият кўрсатаётган уч нафар юртдошимиз таклиф этилди, — дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов. — Мазкур соҳа бўйича етарли малакага эга мутахассислар янги бўлимни ташкил этиш, жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасидаги таклифларини беришди. Биз шу асосда вилоят ҳокимлиги кўмаги билан  уларга зарур шароитларни яратиб бердик. Янги бўлимда хизмат сифатини ошириш мақсадида уч нафар ходимимиз хорижда мазкур соҳа бўйича ўқиб, малака ошириб келди. Натижада ўтган йили мутахассисларимиз томонидан вилоятимиз бўйича туғма юрак нуқсони бор 3 минг 500 нафарга яқин бемор рўйхатга олиниб, уларнинг 82 нафарида юракда ёпиқ кардиожарроҳлик операциялари ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши натижасида бўлим моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий тиббий ускуналар, жиҳозлар билан таъминланди. Жумладан, вазирлик кўмагида 8 турдаги тиббий асбоб-ускуналар олиб келинган бўлса, вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 1 миллиард 900 миллион сўм маблағ эвазига сунъий қон айлантириш аппарати келтириб ўрнатилди. Ушбу янги ускуна ёрдамида юрак тўхтатилган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилади. Марказда илк бор сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида тўхтатилган юракда иккита жарроҳлик амалиёти  ўтказилди. Бўлмачалараро тўсиқ нуқсони ва  қоринчалараро тўсиқ нуқсони бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди.

— Қизим юрак пороги билан туғилганини ўзимиз ҳам кейин билдик, — дейди каттақўрғонлик Соҳиба Халилова. — Лекин уни хорижда операция қилдиришга имкониятимиз бўлмаётган эди. Вилоятимизда шундай хасталикларни даволаш имконияти яратилганини эшитиб, марказга келдик. Яратганга шукр, тўққиз ёшли қизимни бугун операция қилиб, дарддан фориғ этишди. Айни пайтда қизимнинг аҳволи яхши. Шифокорлардан бир умр миннатдормиз, қўллари дард кўрмасин.

Муассаса раҳбариятининг маълум қилишича, жорий йилда 300 нафарга яқин бемор болаларда мана шундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш кўзда тутилган.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

16.01.2019 91 3 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства