samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тут пишди

Чоп этиш

Уни бир бор тўйиб есангиз, танадаги минг бир дардни қувиб чиқаради

Шифобахш неъмат

Дарҳақиқат, мавсумий неъмат — тутнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамияти катта. Унинг минг дардга даволиги инсоният синови, асрлар чиғириғидан ўтган ҲАҚИҚАТ.

Бугунги кунда юртимизда асосан балхи тут, шотут, шунингдек, ўрта авлод селекционерлари томонидан хитой ва япон тутларига маҳаллий нав­ларни пайвандлаш натижасида яратилган қора тут истеъмол қилинади. Тутнинг шифобахшлиги ҳақида узоқ тўхталишга ҳожат йўқ — у барча касалликларга шифо, деган якуний тўхтамга келиш мумкин. Зеро, унинг меъёрий истеъмоли нафақат соғлом кишилар, балки ички ва ташқи хасталикларга учраган барча беморлар учун кони фойдалиги халқ табобатида ҳам, замонавий тиббиётда ҳам аллақачон ўз исботини топган. Айниқса, "илик узилди" мавсуми ниҳоясида тутнинг пишиб-етилиши ҳар қандай ҳориб-чарчаган вужудга қувват бағишлайди. Шунинг учун қадим замонларданоқ бобо-момоларимиз тут пишиғини тўкинчиликнинг бошланиши — очарчиликнинг ниҳояси, деб аташган.

Тутнинг яна бир тури борки, у шотут, деб аталади. Қора, пуштиранг мевалари йирик, серэт, таъми нордонроқ шотутнинг пишиб-етилиши даври июль ойининг иккинчи ярми — августнинг бошларига тўғри келади. Шифобахшликда тенгсиз бу неъмат ҳам минг дардга даво — беморга шифо, соғломга қувват.

Бебаҳо неъматдан тутмайиз, шинни тайёрлаш азалдан урф бўлган. Аммо бугунги кунда бу урф хаёлимиздан фаромуш бўлганлигини тан олайлик. Тутдан тайёрланадиган ушбу неъматлар иштиёқманди сифатида аллақачон шинни, тутмайиз таъмини унутганим учун ўзимни кечиролмайман. Икки йил аввал Сиёб деҳқон бозорининг қуруқ мевалар растасидан узоқ қидириб, тутмайиз топганимни чўпчакдек ҳикоя қиламан. Ҳолбуки, шинни ҳам, тутмайиз ҳам шифобахшликда тутнинг ўзидан-да устундир.

Тут  тагидаги сирпанчиҚ

— Хаёл суриб кетаётган эканман, — дейди танишлардан бири. — Тут дарахти тагидан ўтаётиб, оёғим сирпанди-ю, йиқилиб тушдим. Оёғимнинг таги — йўлак билч-билч тут шираси билан қопланган. Камига юқоридан — дарахт­дан бош бармоқдек келадиган тутлар тўкилиб турибди. Афсус, мева увол бўлмоқда...

Ал-Бухорий кўчасида хомчўтимга кўра, эллик тупдан ортиқ кекса балхи тутлар бор. Юқоридаги ҳолатга айни пайтда шу ерда ҳам дуч келасиз. Қизиқ, нега тутлар ҳовлига эмас, кўча бўйига экилган?

— Тутни кўча бўйига экишнинг ўз тарихи, маҳаллий анъанаси бор, — дейди бу ҳақда меҳнат фахрийси Акбар Бурҳонов. — Ота-боболаримиз, хусусан, самарқандликлар кўчага тут кўчатини ўтқазар экан, унинг мевасидан кўпчилик — ўтган-кетганлар баҳраманд бўлсин, савоби тутни эккан кишига тегсин, дея ният қилишган. Ўтмишда истаган кўчага кириб, тутхўрлик қилиб ўтиб кетаверардик.

Демак, тутни кўча четига экишнинг бош мақсади савоб экан. Хўш, бугун сершира меваси тўкилиб, таги сирпанчиққа айланган тутнинг ўтган ва бугунги эгалари қандай савобга муносиб экан? Очиғи, йўлакларга тўкилаётган тутларни кўриб, юрагингиз ачишади. Қани энди, дейсиз-у, атрофга назар солиб, шаштингиздан тушасиз. Нега минг дардга даво неъмат кўз олдимизда оёғимиз остига тўкилиб, исроф — нобуд бўлмоқда?

Остонасидаги тут мевалари тўкилиб ётган хонадон соҳибларига шу савол билан мурожаат этганимда кекса отахон:

— Очиғи, ўзим ҳам ҳозир остона хатлаб кўчага чиққим келмайди, — дея фикрларимни қувватлади. — Дарвозамиз қаршисидаги тутнинг ёши бир асрдан ошади. Уни раҳматли бобом эккан. Тут пишиғида унинг мевасидан авлодлар, қўшнилар баҳраманд бўлишарди. Энди, ё замон, ё одамлар ўзгарди, тутга эътибор сусайди. Йўлакдан юзлаб одамлар ўтса-да, тут шохидан бир дона мевани узиб, оғзига солганини кўрганим йўқ. Аслида бу тут ўтган-кетганлар истеъмол қилиши учун экиб-ўстирилган. Ўзимиз ҳар куни икки-уч бор тагига бўз тортиб, тутни қоқиб оламиз. Аммо тутнинг ерга тўкилиб, нобуд бўлишининг олдини ололмаяпмиз-да...

Шу гапдан сўнг бундан қирқ йил бурун Тошкентда ўзим гувоҳ бўлган манзара кўз олдимда қайта жонланди. Талаба бўлиш илинжида вақтинчалик қўним топган ижарахона ҳовлисида бир туп шотут ғарқ пишган. Негадир, дарахтнинг икки ёнидан бўздан воронкасимон қилиб тикилган мослама дарахтнинг ярмигача қопланган. Воронканинг этаги — бўғзи ердаги тоғорага тегиб турибди. Бир қарашда дарахтга чала кийдирилган бу "либос"нинг вазифаси нима эканлигини тушуниб етиш қийин эди. Синчиклаб назар солсангиз, дарахтдан узилган тутлар воронкага урилиб, бўғзи орқали тоғорага бориб тушаётганлигини кўрасиз. Ерга саноқлигина тут тушиши мумкин.

Ҳар тут пишиғида шу ҳақда ўйлайман: нега балхи тут макони бўлган Самарқандда ана шу оддий-жўн мосламадан фойдаланиб, оёғимиз тагида эзилиб, увол бўлаётган бебаҳо неъматни асраб қолмаяпмиз? Бу таклиф кимгадир эриш туюлар, аммо жилла қурса, ҳосилнинг ярмини йиғиб олиш мумкин-ку!

ТутхЎрлик баҲона

Ушбу мақолани қоғозга тушириш пайтида таҳририятга устоз ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов кириб келди-ю, ҳол-аҳвол сўрашишнинг ҳам расамадини олиб, каминага юзланди:

— Нима ёзяпсиз, таржимами, — дея қораламага столнинг нариги томонидан назар ташлади.

— Йўқ, тут ҳақида...

— Ўзимизнинг тут ҳақидами?

Тасдиғимни олгач, устознинг қулфи-дили очилиб кетди:

— Балхи тутимизга ҳеч бир ижодкор муносиб баҳо бера олмаган. Чунки бу неъматнинг ўзи бебаҳо-да! Куни кеча ёзувчи ва публицист, аслида агроном дўстимиз Нусрат Раҳмат уйига, тутхўрликка таклиф этди. Хосият Бобомуродова, Тошпўлат Тугалов, Тошпўлат Раҳматуллаев... йигирмага яқин ижодкор тутхўрлик қилдик. Икки Тошпўлат тут қоқишдан чарчамади. Шу баҳона болалик, тут ва тутхўрлик билан боғлиқ хотиралар жонланди.

Облоқул Усмонқуловнинг болалиги Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қаҳатчилик даврига тўғри келган. Шу боисдан устоз нон ўрнига тутга тўйиб ўтказган кунларини ҳам мароқ, ҳам армон билан эслайди.

— Ўттиз йиллар бурун вилоят тут кўчатчилиги марказида бўлганимда марказ бошлиғи Жамил Шукуров 6 туп балхи тут кўчатини берганди, — дея хотирлайди Облоқул Усмонқулов. — 4 тупини кўча четига, 2 тупини ҳовлига экдим. Бугун Пайариқдаги Туркиболо қишлоғида шу тутлар ҳосилидан кўпчилик баҳраманд.

Облоқул Усмонқуловнинг "тутсеварлиги"ни шаҳарда ҳам кўриш мумкин. Ўзи истиқомат қилаётган "Нафосат" маҳалласидаги хонадонида 3 туп балхи ва 1 туп шотут ўн беш йилдирки, шиғил-шиғил ҳосили билан нафақат хонадон эгаларини, балки қўни-қўшниларни ҳам "сийламоқда".

— Тут етиштириш бўйича Жомбойнинг Бешбола қишлоғида яшаб ўтган агроном Ғани ака Файзуллаевни соҳанинг пири, деб биламан, — дейди устоз фикрини давом эттириб. — У киши ҳозир вилоятдаги энг гўзал ва шинам дам олиш масканини яратган, у ерга эзгу ният билан балхи тут кўчатларини ўз қўли билан ўтқазган эди. Бугун кўчатлар вояга етиб, ҳосилга кирган. Тутчиликда Жамил Шукуров ва Ғани Файзуллаев ўзига хос мактаб яратиб, "Бир кўчатдан — минг кўчат" ҳаракатини бошлаб беришган эди. Бугун улар етиштирган тут кўчатлари ипак қуртларига озуқа ва инсонларга бебаҳо неъматни ҳадя этмоқда.

Тут ва унинг хосиятию хусусияти ҳақидаги фикрларимизни мухтасар қилиб, мақсадга ўтайлик: азизлар, шифобахш неъмат — тутдан баҳраманд бўлайлик, тут дарахтларини асраб-авайлайлик, уларни сақлаб қолайлик!

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

23.05.2018 164 39 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства