samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Туризм ривожи

Чоп этиш

хизмат сифатига боғлиқ

Туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоғи, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, миллий маданият ва анъаналарни кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган соҳадир. Юртимизда сайёҳликни ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Лекин мазкур имкониятлардан атрофлича фойдаланаяпмизми? Бугун кўрсатилаётган хизматлардан сайёҳлар қониқаяптими? Мавжуд камчиликлар ўз вақтида бартараф этилаяптими?

Жаҳон тамаддуни ривожига ҳисса қўшган буюк аждодларимиздан қолган моддий ва маънавий мерослар доимо дунё ҳамжамияти, халқаро жамоатчиликнинг эътиборида бўлиб келган. Айниқса, қадимий шаҳарларимиз, жумладан, азим Самарқандда жойлашган узоқ ўтмишдаги суронли ва шавкатли даврларни бошидан кечирган тарихий обидалар, мажмуалар ва зиёратгоҳлар чет эллик ва маҳаллий сайёҳларни ўзига оҳанрабодай жалб этади. Айниқса, техника ва технология, транспорт-коммуникация воситалари жадаллик билан тараққий этаётган бугунги кунда бундай қизиқиш янада кучайганини эътироф этиш жоиз. Майли, бу танганинг бир тарафи. Бироқ ҳали соҳада қилинадиган ишлар кўп. Кези келганда таъкидлаш жоизки, туризмни ривожлантириш бўйича бир қатор муаммоларни бартараф қилиш керак. Сайёҳлар билан суҳбатлашганимизда, улар мамлакатимизда тинчлик-осойишталик қарор топгани, халқимизнинг меҳмондўстлигини алоҳида эътироф этишади. Бундан тўлқинланиб кетасан, киши. Аммо меҳмонхоналарда хоналарнинг торлиги, интернет тармоғининг жуда секин ишлаши, жамоат жойларида ҳожатхоналарнинг жуда камлиги (деярли мавжуд эмаслиги), кўчаларнинг таъмирталаблиги... Умуман, сайёҳлар билан атрофлича суҳбатлашсангиз, бу каби муаммолар хусусида етарлича маълумот оласиз. Дарҳақиқат, сайёҳлик салоҳияти хусусида кўп гапирамизу, лекин мавжуд инфратузилманинг айни пайтдаги аҳволи, камчиликларни бартараф этиш хусусида кўп ҳам бош қотирмаймиз.

Бугун шаҳримиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида бир қатор ишларни амалга оширишимиз зарурлиги аён бўлади. Сайёҳлар билдираётган эътирозларга назар ташласангиз, биринчи масала ҳожатхоналарга бориб тақалади. Айни пайтда шаҳримизда ҳожатхоналар етарли эмаслиги бор гап. Мавжудлари эса санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Бундан ташқари, хизмат учун белгиланган нарх, кўрсатилаётган хизмат сифатига лойиқ эмас. Аслида мазкур ҳолат шаҳримиз обрўсига умуман тўғри келмайди. Сайёҳлар биринчи галда ҳожатхоналарнинг аҳволига қараб, хизмат кўрсатиш сифатига баҳо беради. Шаҳримизда ҳожатхоналар тармоғини ривожлантириш бугуннинг долзарб масаласидир. Бунинг учун эътибор ва шароит яратиб бериш зарур. Бинобарин, бу ҳам тадбиркорликнинг бир йўлидир. Ваҳоланки, хизмат кўрсатишнинг мазкур тармоғи ўтган асрнинг иккинчи ярмида Европада тадбиркорликнинг бир йўналиши сифатида ривожланган. Жумладан, 1985 йилда Венгрияга сафар қилган отам у ерда пуллик кўчма ва турғун ҳожатхоналар мавжудлиги, хизмат кўрсатиш сифати юқори даражада эканини гапириб берган эди.

Транспорт-коммуникация, интернет тармоғи ва кўчалар, автомобиль йўллари борасидаги камчиликларимизни бартараф этсак, айни муддао бўларди. Чет эллик меҳмонларга малакали транспорт хизмати кўрсатишда барча қулайликларга эга замонавий автобуслар, транспорт воситалари зарур. Албатта, бу билан айни пайтда шу каби воситалар мавжуд эмас дейишдан йироқмиз, мавжудлари ҳам эҳтиёжни қондиришга етмайди. Интернет тезлиги, хизмат кўрсатиш сифати эса мунтазам равишда тилга олинмоқда. Ўтган йили «Dunyo bo‘ylab» телеканалида сайёҳлар билан ўтказилган сўровда айнан интернет тезлигининг пастлиги, меҳмонхоналардаги хизмат кўрсатиш сифати, жумладан, хоналарнинг торлиги ва бошқа бир қатор муаммоларни тилга олишганди. Интернет тезлигини ошириш, ҳеч бўлмаса шаҳримизнинг сайёҳлар тўпланадиган асосий жойларида Wi-Fi тармоғини бепул қилиб қўйиш керак. Бу ҳозирги пайтда сайёҳлик имижини юксалтиришнинг энг муҳим мезонларидан бирига айланди. Мисол учун, Самарқандга ташриф буюрган сайёҳ Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси ёхуд Хўжа Дониёр зиёратгоҳида суратга тушиб, тасвирни шу пайтнинг ўзида яқинлари ва танишларига интернет тармоғи орқали узатади. Бир пайтнинг ўзида зиёратчи билан бир қаторда бир неча ўнлаб киши шаҳримиздаги объектлар билан танишади. Улар ҳақида қўшимча маълумотлар олишга киришиш имконияти ошади. Демак, шунинг ўзи тарғибот-ташвиқот эмасми? Айрим кўчалар ва ички йўлларнинг нобоплиги, автомобиллар тўхташ жойининг камлиги эса мунтазам эътибордан тушмай келмоқда. Гоҳида одамлар гавжум жойда автомобилларни қў­йиш­га жой топилмаслиги оқибатида тирбандликлар юзага келади. Бу эса пиёдалар билан бир қаторда транспорт воситалари ҳаракатига ҳам халал беради. Дарвоқе, шу ўринда кўчалар номи ва йўл кўрсаткичлар камлиги ҳам сайёҳларга ноқулайликлар туғдирмоқда. Ваҳоланки, бу соҳани ривожлантиришда қўйиладиган энг оддий талаблардан биридир. Ахир, айрим сайёҳлар пиёда ҳаракатланишни маъқул кўради. Бунда эса йўл кўрсаткичлар туристларга ўзига хос маёқ вазифасини ўтайди.

Меҳмонхоналар борасида ҳам камчиликларимиз бисёр. Биринчи навбатда, меҳмонхоналарга берилган «юлдуз»га қараб хизмат кўрсатишни ҳам йўлга қўйиш зарур. «Юлдуз»ларни кўпайтирган билан нуфуз ошиб қолмайди. Бугунги сайёҳ меҳмонхоналардаги энг оддий, энг жўн жиҳатларга ҳам эътибор қаратади. Оддий чойшабнинг матосидан тортиб, кириш йўлаклари, эшиклар, лифтлар, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, спорт майдонлари, сартарошхона, автомобиллар тўхташ жойи, қўйингки, ҳар бир нарса меҳмонхонага берилган даражага мос тушиши керак. Бундан ташқари, юртимизга ташриф буюраётган аксарият сайёҳларни (асосан ривожланган давлатлардан келган меҳмонларни) осмонўпар меҳмонхоналар билан ҳайратга солиб бўлмайди. Аксинча сайёҳларнинг аксариятини бизнинг шарқона турмуш тарзимиз қизиқтиради. Шу ўринда ҳовлиларда ташкил этиладиган меҳмонхоналар — гестхаусларни кўпайтириш лозим. Бу ерда халқимиз турмуш тарзи акс эттирилиши мақсадга мувофиқ. Яъни, замонавий хизматлар ва миллий қадриятлар уйғунлигини намойиш этиш сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Аслида ҳам сайёҳларни ўзлари истиқомат қилаётган юртда мавжуд бўлмаган ҳаёт тарзини кўриш, халқимиз анъана ва қадриятлари билан танишиш, кундалик турмуш жараёнларида қатнашиш қизиқтиради. Масалан, миллий брендимиз даражасига кўтарилган паловни гестхаусда пиширишда иштирок этишни ҳар бир турист хоҳлаши табиий. Ёки тандирда нон ёпиш жараёнини кузатиш улар учун ҳам қизиқ.

Миллий чойхоналар Марказий Осиё минтақасига хос бўлган маскан ҳисобланган. Бир пиёла чой устидаги мароқли гурунг кишига ўзгача руҳ бағишлайди. Талабалик пайтимда жанубий кореялик ўқитувчиларимиз миллий маданиятимиз билан танишиш асносида чойхоналаримизга оид маълумотлар билан қизиқишарди. Афсуски, бугунги кунда шаҳримизда миллий чойхоналар деярли йўқ ҳисоби. Миллий чойхоналарни тиклаш, у ерда миллий либосдаги йигит-қизларнинг хизмат қилиши ҳам туризм соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим чора-тадбирлар сирасидандир. Шунингдек, нон, қовун, миллий таом ва ширинликлар сайиллари ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдиришини инобатга олсак, уларни қайта тиклаш зарурати туғилди. Бундан таш­қари, сайёҳларнинг талабига кўра ресторанларнинг меньюсини ташкил этиш лозим. Масалан, шаҳримизда ҳар бир минтақанинг ошхонаси таркибидаги таомларни тайёрлайдиган ресторанлар фаолиятини йўлга қийиш зарур.

Сайёҳлар бой тарихимиз билан фақат мадрасаю миноралар, зиёратгоҳлар орқали танишиши етарли эмас. Бу борада интерактив усуллардан фойдаланишимиз айни муддаодир. Миллий-этнографик, либослар театрларини ташкил этиш, тарихда буюк аждодларимиз иштирокидаги муҳим воқеаларни саҳналаштирилган ҳолда қайта тиклаш, тарихий шахслар билан боғлиқ шоуларни уюштириш шулар жумласидандир. Айни пайтда шаҳримизда ушбу йўналишдаги биргина «Эл мероси» миллий либослар театри фаолият олиб бормоқда. Бу эса миллий этнографияга қизиқувчи сайёҳларнинг эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас. Туристлар шаҳримиз кечки соат саккиздан кейин сув қуйгандек жимиб қолишини таъкидлайди. Мазкур масалани ҳам ҳал этишнинг муқобил вариантлари сифатида шаҳримиздаги майдонларда, обидаларнинг фонида турли тарихий мавзудаги театрлаштирилган томошаларни ташкил этиш мумкин.

Туризмни ривожлантиришда соҳа учун мутахассислар тайёрлашни сифат нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш талаб этилади. Сайёҳларга ҳамроҳлик қиладиган гид-таржимонлар универсал ва чуқур билимга эга бўлиши лозим. Афсуски, бугунги кунда барча гид-таржимонлар мазкур талаб мезонларига жавоб бера олишмайди. Ҳатто айрим мутахассислар тарих, қадрият ва анъаналарга доир билимлари саёзлиги боис сайёҳларнинг олдида мулзам бўлиб қолганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Улар муайян обиданинг қачон қурилгани ва ким қурдирганидан бўлак арзирли маълумот беришга қийналишади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, гид-таржимонлар тайёрлашда ҳам тизимли ишлар амалга ошириш лозим.

Мухтасар айтганда, иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғи саналмиш туризм бўйича юксак салоҳиятга эга эканлигимизга оид гапларни кўп гапиришдан кўра амалий ишларни янада жадаллаштириш фурсати етди. Чунки, бугунги куннинг талаби шуни тақозо этаётир. Бинобарин, юртимизга ташриф буюрган сайёҳларга кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариш, уларни тарихимиз ва маданиятимиз, бугунги ҳаётимиз билан атрофлича таништириш, соҳа инфратузилмаларини янада такомиллаштириш асосий мақсадимиз.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, «Samarqand» мухбири

28.02.2018 219 16 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства