samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Туризмда кластерни қўллаб бўлади(ми?)

Чоп этиш

"Kластер" сўзи инглизча "cluster" сўзидан олинган бўлиб, маълум соҳада бир-бири билан боғлиқ бўлган соҳаларни корхона ва ташкилотларни, компанияларни рақобатдаги афзалликларини бирлаштириб, бир-бирининг кучли томонларини тўлдирган ҳолда ҳамкорликда фаолият юритиш маъносини англатади.

Мамлакатимизда туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туризмни ривожлантириш бўйича қонун ва қонуности ҳужжатлари, талайгина қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада, биргина 2017 йилда Ўзбекистонга келиб-кетган сайёҳларнинг сони 2 миллион 520 минг кишига етди ва бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 24,3 фоизга ошди. Ички туризм ҳам юқори суръатларда ривожланмоқда.

Энг муҳими, туризм соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг  алоҳида тармоғи сифатида шиддат билан шаклланиб бормоқда. Вилоятимиздаги тарихий обидалар, қулай иқлим шароити, ҳудуднинг географик жойлашуви каби ижобий томонлари билан қитъада ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Туризмнинг асосий йўналишлари бу архитектура ва тарихий обидаларни зиёрат қилиш билан бирга, диний туризм, альпинизм, табиат ва тоғ ёнбағирларига саёҳат, яъни экотуризм кабиларни ўз ичига олади. Айнан Самарқанд шаҳрида халқаро туризм университетининг ташкил этилиши ҳам сўзимизнинг исботидир.

Камина Москва шаҳрида ўқиганман, Италияда дам олиб, Англияда малака оширганман. Узоқ йиллар АҚШда яшаганман. Шундан келиб чиқиб, соҳадаги хориж тажрибасида кластерни жорий этиш мумкинлигини нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий жиҳатдан ҳам асослаб беришим мумкин.

Фараз қилайлик, турист Самар­қандга саёҳатга келишдан олдин нима қилади? У интернет ва алоқа-ахборот воситалари орқали Самарқанд шаҳрини чуқур ўрганади. Шу билан бирга, Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларининг тарихий обидаларини ҳам томоша қилишни истайди. Одатда бундай саёҳат камида бир ҳафта, ўн кун муддатни талаб қилади.

Саёҳатчи виза олиш тартиби, манзилгача келиб-кетиши, транспорт тури, чипта баҳоси, меҳмонхона, 3 маҳал овқатланиши, дам олиш шароитлари, бўш пайтда нималар билан шуғулланиши мумкинлиги ва ниҳоят, ўз ватанига қайтиб кетишигача бўлган маълумотларга тўлиқ эга бўлгандагина саёҳат қилишга қарор қилади.

Демак, кластер усулида туризм­ни йўлга қўйиш учун сайёҳни қабул қилувчи туристик фирма сайёҳни қабул қилиб олиш учун барча шароитлар мавжудлигини ўзининг электрон манзилгоҳида қайд этиши лозим. Сайёҳ ўз ватанидан туриб туристик фирмага қилган биринчи қўнғироғидан ёки мурожаатидан бошлабоқ саёҳат тўғрисидаги барча маълумотга эга бўлиши лозим. Яъни, оператор сайёҳга яшаётган мамлакатидаги Ўзбекистон элчихонаси манзили, турган жойидан у ерга қандай бориш мумкинлиги, визасиз ёки виза орқали бўлса, уни олиш тартиби, қандай мурожаат қилиш мумкинлиги, қайси авиакомпания орқали келиш қулайлиги каби саволларга тўлиқ жавоб бера олиши лозим.

Сайёҳлик фирмаси кластер усулида ишни ташкил этиши учун кўп тармоқли бўлиши лозим. Бу тармоқлар ўз ичига: информацион — алоқа-диспетчерлик оператор бўлими, транспорт хўжалиги (бир неча ҳар хил русумдаги енгил автомашина, кичик, ўрта ва катта сиғимли автобуслар бўлиши лозим), меҳмонхона, сайёҳларнинг уч маротаба овқатланишини ташкил этиш учун ресторан, саёҳат ва дам олишларида улар билан бирга таржимон-экскурсиячи гид билан таъминлаш каби шароитларни яратиб бериши зарур.

Албатта, бундай шароитларни битта фирма яратиши жуда мушкул. Оддий мисол тариқасида сайёҳларнинг уч маҳал овқатланишини ташкил этишни олсак, европаликларнинг овқатланиши осиёликлардан фарқ қилади. "Ҳалол" ва "Кошер" ошхоналари хизматида ҳам шундай фарқ мавжуд. Французларнинг таомномаси японларга мос келмайди. Биргина оиланинг мисолида эса овқатланиш ёш, жинс, меҳнат фаолияти каби омилларга қараб ҳам фарқ­ланади. Шунинг учун, дастлабки пайтда тармоқлар бўйича ихтисослашган фирмалар ўртасида шартнома тузиб, ўзаро келишув асосида, ихтиёрий бирлашма тузиш мумкин.

Фақат шундагина, сайёҳлардан келган даромад туристик фирма ихтиёрида қолади. Шу ўринда далил сифатида бир мисол келтириш мумкин. Буюк Британиянинг Ковентри шаҳридаги университетга малака оширишга борган чоғимизда 12 кишига мўлжалланган 2 қаватли меҳмонхонага жойлашдик.

1-қаватда ресторан-бар жойлашган бўлиб, ундан тушликда фойдаланган бўлсак, кун бўйи рес­торан-бар маҳаллий аҳоли ва бошқаларга хизмат кўрсатар эди.

Университетда дарсдан бўш пайтларимиз, якшанба кунлари, айрим тадбирларни ўтказишда рес­торандан фойдаланар эдик. 2-қаватда ҳар бир кишига алоҳида ажратилган хоналар, ҳожатхона, ювиниш хоналари ва бошқа барча шароитлар мавжуд эди. Бундай шароитни яратган оила 3-кишидан иборат бўлиб, улар Ковентри университети ва бошқа ташкилотлар билан шартнома тузган ҳолда фаолият юритарди. Оила аъзолари ресторан-барда ўзлари ишлаб 2-қаватдаги меҳмонхонани ўзлари тартибга солишар эди. Лондонни томоша қилиш истагимизни билишгач, якшанба куни микроавтобусни ижарага олиб, бизни Англия пойтахтига олиб-бориб келишди. Йўлда чанқаб, оч қолмаслигимиз учун эса, зарур бўлган сув, шарбат, ичимликлар ҳамда бутерброд, сендвичларни ўз ресторанларида тайёрлаб беришди.

Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Бизнинг фикримизча, Ўзбекистонда туризмни янада ривожлантириш имконияти мавжуд бўлиб, улардан самарали фойдаланишимиз лозим.

Сайёҳнинг келиб-кетиши билан боғлиқ бўлган ташкилий масалаларни ҳал этувчи информацион — ахборот операторлик ва энг муҳими, амалий хизматни йўлга қўйиш. Авиа, темирйўл чипталарини сотиб олишда, ҳужжатларни расмийлаштиришда, сайёҳларни кутиб олиш ва кузатиб қўйишда вокзал ёки аэропортгача транспорт воситалари билан таъминлаш ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Ҳар бир тарихий обидани чуқур ўрганиш бўйича билимдонлик мусобақаларини ташкил этиш ва финал натижалари бўйича дастурлар ишлаб чиқиб, сайёҳларга таклиф этиш керак.

Тарихий обидаларни томоша қилиш билан бирга, қуйидаги комплекс дастурларни таклиф этиш мақсадга мувофиқдир:

1.      Соғлиқни тиклаш: стоматология хизмати, массаж, муолажа диагноз, сауна, спорт ва фитнес, маҳаллий кураш тўгараклари, бассейн, сузиш мусобақалари кабилар.

2.      Билим олиш: олий ва ўрта махсус таълим муассасалари бўйича маълумотнома — буклетлар. Қисқа муддатли курслар ташкил этиш: тил ўрганиш, мусиқа, маҳаллий ҳунармандчилик, театр тўгараклари, маҳаллий урф-одатларни ўрганиш бўйича жойларда тадбирларни томоша қилиш дастурларини таклиф этиш.

3.      Кўнгилочар дастурлар: вилоятда 1 январдан бошлаб 31 декабргача (Янги йилни кутиб олишни ҳам ҳисобга олган ҳолда) йил давомида ҳар йил: Наврўз байрами, Шарқ тароналари, турли спорт мусобақалари, велосипед пойгаси, гуллар фестивали, фавворалар куни, Нептун байрами, автомобиллар пойгаси, кўпкари, ҳосил байрами, қовун сайли каби тадбирлар ишлаб чиқиб, сайёҳларга таклиф этиш.

4.      Табиат қўйнида дам олиш, ҳордиқ чиқариш, велосипедда, отда ёки пиёда юриш, боғларга саёҳат, кенг майдонларда ҳар хил миллий ва спорт ўйинларини ташкил этиш, тоғ ёнбағирлари, сув омборларига экосаёҳат, балиқ овлаш, қайиқда сайр қилиш каби дас­турларни таклиф этиш.

5.      Кластер усулида фаолият кўрсатаётган фирма хизматидан фойдаланган сайёҳлар учун чипта тўловлари, меҳмонхона хизматлари учун имтиёзли ёки айрим бепул махсус хизматлар дастурини ишлаб чиқиш ва таклиф этиш.

6.      Мавсум бўлмаган пайтда (айниқса, қишда) сайёҳлар учун кўпроқ чегирмалар жорий этиш, фирмалар учун эса солиқ имтиёзларини қўллаш. Қиш фаслига мос тадбирлар — чанғи, коньки учиш, хоккей мусобақаларини меҳмонларга таклиф этиш.

7.      Сайёҳларни кўпроқ жалб этиш мақсадида, ҳар бир туристик фирма қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиб, асосан электрон ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали сайёҳларга таклиф этиши лозим.

Бу, биринчидан, юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини оширади. Иккинчидан, сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариб, яхши таассуротлар билан ватанига қайтишига хизмат қилади. Учинчидан, туризм соҳасининг ривожланишига хизмат қилади. Тўртинчидан, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Муаллиф: А. НИЗОМОВ, СамДУ иқтисодий назария кафедраси доценти

8.07.2018 126 52 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства