samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Трасология жиноятни фош этади

Чоп этиш

Ушбу амалиёт суд экспертизаси ва криминалистика соҳасида энг самарали услуб ҳисобланади.

"Трасология" французча "trace" — из маъносини англатиб, соҳада жиноятни очишнинг изшунослик йўналишини белгиловчи фандир.

Маълумки, ҳар қандай жиноят, айниқса, оғир жиноятлар тафсилотини ўрганиш ва аниқлашда изларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, изларни ўрганиш, аниқлаш, қайд этиш, текшириш усуллари, йўллари, илмий-техникавий воситалар асосида ўрганилади. Суд-экспертиза ва криминалистика жабҳасида изларни ўрганиш тафсилотлари, хулосалари жиноятнинг асосий сабабларини ўрганиш ва илдизини очишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Одатда излар инсон, турли жониворлар, жиноят қуроллари, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва шу каби жонли ва техник унсурларга тегишли бўлади. Бу изларнинг жонли ва техник унсурларга тегишли эканлигини аниқлашда муҳим криминалистик ёндашувлар талаб этилади. Негаки, инсон изи билан транспорт воситаси изини бир-бирига қиёслаб, таққослаб бўлмайди. Шунингдек, турли жониворларнинг изини ўрганиш асосида жиноят тафсилотларини очишда ҳам трасология амалиётининг ўрни беқиёс.

Криминалистика соҳасида ушбу йўналиш алоҳида бўлим ҳисобланади. Олиб борилган кузатув ва хулосалар асосида тергов, суд жараёнидаги жиноий иш ҳолатларига асосли аниқлик киритиш имконияти яратилади. Ушбу экспертиза терговчи, суриштирувчи ҳамда прокурорнинг қарори, шунингдек, суд ажримига биноан ўтказилади. Трасология экспертизасини ўтказиш жараёнида пойабзал изи, ҳайвонлар изи, улар томонидан қолдирилган изнинг механизмини аниқлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Шунингдек, қулфлар, пломбаларнинг бузилиши билан боғлиқ излар ҳам бевосита шу соҳага тегишлидир. Йўл-улов воситалари иштирокида рўй берган жиноятларни аниқлашда уловнинг тезлиги ва тўхташ жараёни оқибатида қолдирилган из жиноятни аниқлашда асосий восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Трасология экспертизаси бир неча босқичда ўтказилади. Тўпланган материал билан танишув, экспертизадан кўзланган мақсад, вазифани ҳал қилиш имкониятини аниқлаш, объектни кўздан кечириш, ўлчаш, хусусиятларини ўрганиш, суратга тушириш, тадқиқ этиш ва унинг натижаларини дастлаб тахминий, сўнгра эса якуний баҳолаш ҳамда хулоса чиқариш босқичларидан иборатдир.

Мамлакатимизда суд экспертиза тизимида трасология экспертизаси йўналиши нисбатан янги ва бугунги кунда ҳам кенг ўрганилаётган соҳа ҳисобланади. Ушбу соҳага 1951 йилда Тошкент илмий-криминалистика лабораториясида илк бор асос солинди. Бу лаборатория бугунги кунда Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ҳисобланиб, трасологик текширувлар олиб бориладиган асосий ҳуқуқий марказ ҳисобланади. Бундан ташқари, марказнинг Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари бўлимларида ҳам трасологик экспертиза ўтказиш амалиёти қўлланилмоқда.

Изшунослик экспертизаларини ўтказиш жараёни мураккаб техник кузатишлар билан боғлиқдир. Бугунги кунда фан-техника тараққиёти сабаб замонавий воситалар ёрдамида ушбу соҳада ҳам янгиликлар кенг қўлланилмоқда. Жумладан, суд-трасологик экспертизани ташкил этиш, ўтказиш, унинг натижа ва хулосаларини умумлаштиришда ходиса рўй берган жой, изларнинг ҳосил бўлиши ва жойлашувини ўрганиш хулосаларни умумлаштиришда асосий воситалар ҳисобланади. Экспертиза ўтказишнинг икки йўналиши бўлиб, биринчиси умумий мақсадлар, иккинчиси эса аниқ мақсадлар ҳисобланади. Умумий мақсадлар асосида ўтказиладиган экспертизада турли воқеа-ҳодисаларнинг техник сабаблари ўрганилади. Бунда воқеани келтириб чиқарган сабабнинг механизмлари ўрганиб чиқилади. Аниқ мақсад учун амалга ошириладиган трасологик экспертизада рўй берган ҳодисалар эксперт томонидан аниқ йўналишли мақсадда ўрганилади. Шунингдек, умумий йўналишдаги экспертиза ҳам ўтказилиши мумкин.

Трасологик экспертиза жиноят тафсилотларини ўрганиш ва аниқ хулосага келишда муҳим ўрин тутадиган экспертиза жараёни ҳисобланади. Бу амалиёт айни пайтда тизимда кенг қўлланилмоқда.

Муаллиф: Отабек ИБРАГИМОВ, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази вилоят бўлими эксперти

6.10.2018 21 78 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства