samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тошкент халқаро конференцияси

Чоп этиш

минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ҳал қилувчи қадам бўлди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жорий йилнинг 26-27 март кунлари пойтахтимизда Афғонис­тонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш муаммоларига бағишланган "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзусида олий даражадаги конференция бўлиб ўтди.

Мазкур конференция жорий йилнинг 28 февраль куни Афғонистон пойтахтида бўлиб ўтган "Кобул жараёни"нинг иккинчи йиғилишидан сўнг ташкил этилди ва халқаро ҳамжамият томонидан ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этилди.

Анжуманда йигирмадан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар делегациялари, хусусан, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий комиссари Федерика Могерини, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Қатар, Эрон, Покистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари расмий делегациялари иштирок этишди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани қатнашди ва нутқ сўзлашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Афғонистоннинг 40 йиллик уруш даврида вояга етган ёшлари "бой берилган авлод" эмас, балки уруш ва қийинчиликлардан чарчаган инсонлар эканини таъкидлаб ўтди. Шу боис, Тошкент анжумани Афғонистоннинг расмий ҳукумати ва асосий кучлар, хусусан, "Толибон" ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларни илгари сурмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш зарурияти хусусида умумий нуқтаи назарни шакллантириш мақсадида ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон жафокаш афғон заминида тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор давлат ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбeкистон Афғонистонда узоқ муддатли барқарорлик ва тинчлик сақланишининг қатъий тарафдори сифатида бу мамлакатга нисбатан анъанавий тарзда яxши қўшничилик ва дўстона сиёсат юритаётганлигини кузатишимиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал қилиш юзасидан ташаббусларини нафақат сўзда, балки ўзининг амалий саъй-ҳаракатлари орқали ҳам намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз Афғонистоннинг иқтисодий инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, Афғонистон тарихида илк темир йўл (Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф йўналишида) ўзбекистонлик қурувчилар томонидан бунёд этилди ва фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшни мамлакатга шифохоналар, мактаблар, автомобиль йўллари, кўприклар қуришда ҳам баҳоли қудрат ёрдам кўрсатмоқда. Бугун Қобул шаҳри Ўзбекистондан етказиб берилаётган электр энергияси ҳисобидан ёритилмоқда. Жорий йилдан бошлаб, 100 нафарга яқин афғонистонлик ёшлар ўзбек тилини ўрганиш, темир йўл тизими ва бошқа мутахассисликларни эгаллаш мақсадида Термиз шаҳрида ташкил этилган махсус таълим марказида таҳсил олишни бошлашди.

Ушбу мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, афғон заминида ўзларининг бир ёқлама, тор манфаатларини илгари суришга интилиб келаётган баъзи давлатлардан фарқли ўлароқ Ўзбекистон ўз эътиборини Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратиб, бу борада халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирги кунда Афғонистондаги вазият, афсуски, анча мураккаб бўлиб, ички низо ва қарама-қаршиликлар ҳали-ҳамон сақланиб қолмоқда.

Афғон можаросидаги асосий зиддият шундаки, бу ерда қурол-аслаҳа, молиявий маблағлар ортиғи билан. Лекин дипломатия, сиёсат танқислиги сезилмоқда. Тошкент конференцияси айнан шу дефицитни, яъни дипломатия ва сиёсат танқислигини тўлдирди. Шунинг учун ҳам халқаро ҳамжамиятнинг мазкур анжуманга эътибори ниҳоятда катта бўлди.

Президентимизнинг фикрича, Марказий Осиёда жаҳоннинг қудратли давлатларининг манфаатлари кесишмоқда, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган барча салбий жараёнлар таъсирини ҳис этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти адолатли саволларни ўртага ташлади: минтақада вазият қандай ривожланади? Бу ерда қандай сценарий устун келади — низо ва қарама-қаршиликларми ёки ҳамкорлик ва тараққиётми?

Бу саволга жавоб равшан — энг аввало, барчаси Марказий Осиё давлатлари минтақанинг умумий келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга нечоғли тайёрлигига боғлиқ. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан чегарадош бўлган Ўзбекистон минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшнилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдор.

Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон учун транспорт йўлакларини барпо қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда мамлакатимиз чиқаётган энг яқин денгиз портлари 3000 км. узоқликда жойлашган. Ўзбекистондан ўша порт­ларга боришга ўртача 20-22 кун кетади. Экспертлар ҳисоб-китобига кўра бу Ўзбекистондаги экспорт-импорт операцияларининг ўртача 15-17 фоиз қимматлашувига сабаб бўляпти. Трансафғон йўлаги очилса, мазкур масофа 2-3 кунгача қисқаради. Бу нафақат минтақа, балки Аф­ғонистон учун ҳам катта аҳамият касб этади.

Қолаверса, Афғонистонда узил-кесил тинчлик ўрнатиш орқали Марказий Осиё давлатлари Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига чиқишнинг энг қисқа йўлига эга бўлишади. Ҳиндистон, Эрон ва Покистон Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари бозорларига ўз маҳсулотларини экспорт қилишлари имкони вужудга келади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 1992 йилдан дипломатик муносабатлар ўрнатилган бўлса, шундан буён турли соҳаларга оид 47 та ҳужжат имзоланган. Шундан 3 таси давлатлараро, 14 таси ҳукуматлар­аро ҳужжатдир. Мунтазам ташкил этиб келинаётган турли даражадаги учрашувлар чоғида 20 га яқин шарт­номалар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган. Эътиборлиси, мазкур ҳужжатларнинг 17 таси сиёсий ҳамда хавфсизлик соҳасига тааллуқлидир. 15 таси бевосита транспорт, транзит ва логистика соҳаларига оид. Маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари ҳам тобора чуқурлаштириб борилмоқда.

Ўзбекистон Тошкент конференциясини бир марталик тадбир сифатида ўтказиш билан чекланиб қолмай, ундан кейин ҳам икки ҳамда кўп томонлама муносабатлар доирасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги сиёсий жараёнга кўмаклашишга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.

Конференция якуни бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди ҳамда унда тинчлик ва ярашув, терроризм ва наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик каби муҳим жиҳатлар ўз аксини топди.

Шубҳасиз, Тошкентда бўлиб ўтган мазкур Халқаро конференция Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва унинг минтақа ҳамда бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб этилишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Муаллиф: Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

25.04.2018 393 31 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства