samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тор соҳа мутахассислари Қаерда?

Чоп этиш

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари олий қадрият сифатида эътиборга олиниб, унинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда.

Мазкур жараёнда, биринчи навбатда, талаб қилинадиган хизмат — шубҳасиз тиббий хизмат ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ҳам ўз фаолияти давомида мазкур соҳага бежизга алоҳида эътибор қаратмаяпти. Чунки, инсон ҳаётида саломатлик энг бебаҳо бойлик саналади. Шу мақсадда тиббий хизмат сифатини ошириш, нафақат марказларда, балки чекка ҳудудлардаги барча бирламчи даволаш профилактика муассасаларида ҳам замон талабларига мос тиббий хизматни ташкил этиш бугуннинг асосий вазифаси сифатида белгиланган эди. Хўш, бирламчи даволаш профилактика муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизмат талабга жавоб берадими? Мазкур масалада қандай муаммолар мавжуд? Ушбу саволларга жавоб топиш ва ҳудудда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ўрганиш мақсадида Кимёгарлар қўрғонида жойлашган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 10-оилавий поликлиникада бўлдик.

Аввало, поликлиникага кириш йўлининг ҳолати эътиборимизни тортди. Муассасага қисқагина кўча орқали кириб келинади. Мазкур йўл жуда ачинарли аҳволда. Ҳудудда хусусий тадбиркорлар амалга ошираётган қурилиш ишлари натижасида торайиб кетган кўчада автомашина бир томонлама ҳаракатланади. Кўчанинг ўйдим-чуқур ҳолати нафақат транспорт воситаларига, балки пиёдаларга ҳам ноқулайлик туғдиради.

Мослаштирилган бинода фаолият юритаётган муассаса маъмуриятининг таъкидлашича, 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастури асосида мазкур муассаса биносини янги қуриш кўзда тутилган экан.

— Муассасамиз мослаштирилган бинода жойлашган бўлса-да, бор имкониятимизни ишга солиб аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқдамиз, — дейди поликлиника бош врачи Бибиражаб Эргашева. — Бугунги кунда оилавий поликлиникамизда 20 нафар умумий амалиёт шифокори, 66 нафар ҳамшира ҳудуддаги қарийб 30 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Поликлиника бир кунда 250 қатновга мўлжалланган. Жорий йил сафимизга 3 нафар Самарқанд давлат тиббиёт институти ва 5 нафар тиббиёт коллежлари битирувчилари қўшилишди. Мавжуд бўш иш ўринлари тўлдирилиб, хизмат сифатини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ бизга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича муаммолар юзага келмоқда.

Жумладан, муассасага шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникасидан бириктирилган тор соҳа мутахассисларининг ишга панжа орасидан қараши оқибатида тиббий кўрикка жалб қилинганлар, умуман муассасага келган фуқаролар зарур мутахассисни тополмай сарсон бўлишмоқда. Хусусан, врач-онколог ҳафтада бир марта ишга келади. Врач-невропотолог ҳам белгиланган иш вақтида муассасага келмайди. ЛОР врачи иш режаси бўйича эрталабдан тушлик вақтигача эмас, балки тушликдан сўнг ишга келади. Фуқароларимиз эса поликлиникага асосан, тушликкача ташриф буюришади. Врач-эндокринолог мутахассислиги бўйича умуман ходим бириктирилмаган. Мазкур мутахассисликлар бўйича мурожаат қилган фуқароларни шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасига йўлланма билан жўнатишга мажбур бўляпмиз.

Муассаса бош врачининг таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудуд аҳолисининг 80 фоизга яқини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Қизиқ, тор соҳа мутахассислари деярли фаолият юритмаётган муассасадаги бу кўрсаткичга ишониш мумкинми? Энг эътиборли жиҳатлардан яна бири муассасада ультратовуш текшируви ускунаси умуман йўқ. Рентген аппарати бир йилдан буён ишламаяпти.

— Бундан бир йил олдин электр энергияси тармоғидаги кучланишнинг ортиши оқибатида мазкур аппарат ишдан чиққан эди, — дейди рентген лаборанти Феруза Ҳамроева. — Бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо фойдаси бўлмаяпти. Бир-икки бор мутахассислар келиб созлашга уриниб кўришди. Натижа чиқмагач, улар ҳам келмай қўйди. Бу аппарат 1988 йилда ишлаб чиқарилган. Шунинг учун ҳам тузатишнинг иложи бўлмаётгандир. Бироқ бир йилдан ортиқ вақт ўтаяпти. Қачонгача аҳолига аппарат куйиб қолган, деб жавоб берамиз. Бунисини тузатишнинг иложи бўлмаса, янгисини бериш мумкиндир?

Муассасага жорий йил "Саломатлик — 2" ва "Саломатлик — 3" дастурлари бўйича берилган бир нечта лаборатория жиҳозларини ҳисобга олмаса, деярли барча тиббий ускуна ва жиҳозлар эскириб, муддатини ўтаб бўлган. Бош врачнинг таъкидлашича, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда фойдаланиладиган воситаларнинг етишмовчилиги оқибатида муаммолар юзага келмоқда. Мазкур тиббий воситалар фақатгина биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган. Муассасада ушбу тиббий воситалар деярли тугаб бўлган. Аммо биржа савдоларидан дарак йўқ! Хўш, мазкур поликлиникада кўрсатилаётан тиббий хизмат аҳоли саломатлиги муҳофазасини етарли даражада таъминлаяптими? Тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар шамоли наҳотки, шаҳарнинг чеккасида жойлашган ушбу оилавий поликлиникага етиб бормаган бўлса?

Муассасада куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бориши билан ҳам қизиқдик. Аммо мутасаддилар мавсум тадориги бўйича чора-тадбирлар режасини тақдим этишолмади. Тиббий хизматнинг юқорида қайд этиб ўтилган ҳолатидан кейин муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича маълумотлар ортиқча, шекилли. Нима бўлганда ҳам инсон саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга ўзибўларчилик қабилида иш тутиш соҳадаги жиддий муаммолардан далолат. Ўттиз мингга яқин аҳоли рентген аппаратининг ишлашини, УТТ аппарати олиб келинишини ва малакали мутахассислар ташриф буюришини қачонгача кутади, ҳурматли мутасаддилар?!

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

8.08.2018 246 62 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства