samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тиббий саводхонликнинг ошиши

Чоп этиш

инсонлар умрини узайтиради, ногиронлик ва кўплаб касалликларнинг олдини олади, соғлом авлоднинг дунёга келиши ва камолга етишига муносиб ҳисса қўшади

Профилактика

Турли касалликларнинг олдини олишда профилактик тадбирлар бирламчи аҳамият касб этади. Профилактика — саломатликни мустаҳкамлаш ва сақлашга қаратилган тадбирлар мажмуи бўлиб, ўз ичига  соғлом турмуш тарзи ташвиқоти, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш, инсонларнинг ўз саломатлигига мажбурият билан қараш каби чора-тадбирларни қамраб олади.

Саломатлик ҳолати, хавф омилларининг мавжудлиги ёки касалликнинг қайси даражада ривожланганлигига кўра, профилактика уч босқичда амалга оширилади. Бу — соғлом инсоннинг саломатлигини сақлаш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда доимий кузатув, даволаш ва соғломлаштириш. Саломатликнинг шакл­ланиши нафақат ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолат, ёш, жинс ва наслий омилларга, балки ҳар бир инсон томонидан танланган ўз соғ­лигини сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга кўмак берувчи маълум ҳаракатларга ҳам боғлиқ. Турмуш тарзи инсон соғлиғига таъсир этувчи етакчи омиллардан бири ҳисобланиб, 50-55 фоиз ҳолларда саломатлик кўрсаткичи у билан узвий боғлиқдир. Бевақт ўлимга, ногиронликка айнан салбий турмуш тарзи, бошқа омилларга нисбатан кўпроқ сабаб бўлади.

Саломатликка салбий таъсир кўрсатувчи омиллар

Саломатликка салбий таъсир кўрсатувчи асосий омиллар руҳий зўриқиш, бетартиб овқатланиш, ичкиликбозлик кашандалик, суст жисмоний фаоллик ва гиёҳвандликдир.

Соғлом турмуш тарзи ҳар бир инсон томонидан ўз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатлар мажмуи экан, юқоридаги салбий омил ва иллатлардан воз кечмоқ лозим. Аксарият ҳолларда юрак қон-томир касалликлари, шу жумладан, гипертония, юрак-ишемик касаллиги ва қандли диабет юзага келишида жисмоний фаолликнинг пастлиги ва камҳаракатлик асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

Овқатланиш меъёри

Рационал овқатланмаслик аксарият ҳолларда тана вазнининг ошишига сабаб бўлади. Ўз навбатида, ортиқча тана вазни қон босими кўтарилишига ва юрак-ишемик касаллигига олиб келувчи асосий сабаблардан биридир.

Рационал овқатланишни болаликдан бошлаб ҳар кунги ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантириш ва умр бўйи унга риоя қилиш мақсадга мувофиқ.

Зарарли одатлар

Касалликнинг келиб чиқишида зарарли одатлар ва уларнинг асоратларининг салмоғи ҳам етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Зарарли одатларга кашандалик, алкоголизм, гиёҳвандлик ва нотўғри ҳамда тартибсиз ҳаёт кечириш киради.

Кашандалик

Тамаки чекиш нафақат кашандага, балки атрофдагиларга ҳам зиён етказувчи зарарли одатлардан ҳисобланади. Чекиш эркаклар ва аёллар соғлиғига бирдай зарар етказади. Асаб тизимини ушбу тарзда зўриқтириш организм қувватини аста-секин камайтириб, кўплаб касалликлар ривожланишига олиб келишини унутмаслик лозим. Кашандалик нафас олиш тизимига, авваламбор, ўпкага ўта салбий таъсир кўрсатади. Ўпка раки ва сили чекувчиларда чекмайдиганларга нисбатан бир неча маротаба кўп учрайди. Никотин таъсирида қон томирларини торайтирувчи махсус гормон – норадреналин кўплаб ишлаб чиқарилиб, қон босими кўтарилишига олиб келади. Бундан ташқари, кашандалик стенокардия ва миокард инфаркти каби касалликларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлишини доимо эсда тутмоқ лозим.

Ичкиликбозлик

Спиртли ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш, унга ружу қўйиш периферик ва марказий асаб тизими фаолиятининг бузилишига, алкоголь психози, ички аъзолар фаолиятининг издан чиқишига олиб келади ва моддалар алмашинуви бузилади. Алкоголнинг ошқозон шиллиқ қаватига таъсири натижасида мазкур аъзонинг барча фаолияти ишдан чиқади, ошқозон суюқлиги кислоталигининг кескин сусайиши билан давом этувчи сурункали алкоголли гастрит ривожланиб, ошқозоннинг янада жиддий зарарланишига олиб келади. Алкоголни узоқ муддат қабул қилганда сурункали гепатит ривожланиб, ўз нав­батида, у жигар циррозига айланади. Бундан ташқари, алкоголь ошқозон ости безига зарарли таъсир кўрсатади. Унинг фаолияти бузилиши қатор хасталиклар ривожланишига сабаб бўлади. Алкоголь томирлар тонуси бошқарилиши, юрак уриши, юрак ва мия тўқималарида модда алмашинуви бузилишларини келтириб чиқаради, ички секреция безларининг фаолияти издан чиқади.

Гиёҳвандлик

Гиёҳванд моддаларни қабул қилиш инсон организмида унга бўлган тобеликни юзага келтиради, жисмоний ва ақлий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади, турли касалликлар юзага келишига сабаб бўлади. Бинобарин, бу иллат саломатлик учун ўта катта хавф туғдиради. Аввало, бош мияга кучли салбий таъсир кўрсатади, вақт ўтиши билан инсонда руҳий ва жисмоний қарамлик, гиёҳванд моддага таъсирчанлик (толерантлик) ўзгариши пайдо бўлади.

Гиёҳвандлик ва токсикомания асоратлари ўта оғир бўлиб, улардан туғилаётган чақалоқларда турли хил касалликлар ва нуқсонлар учрайди.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисида илмий манбаларда кўплаб далиллар келтирилган. Айрим мамлакатларда ҳатто қони яқинлар орасидаги никоҳни тартибга солувчи қонунлар қабул қилинган. Албатта, бу қонунлар ўша мамлакатларда ўзларининг диний эътиқоди, менталитети, ривожланиш даражаси ва у ерда яшовчи халқнинг миллий анъаналаридан келиб чиқиб қабул қилинган бўлса ҳам, аксариятида наслий омилларга алоҳида эътибор берилган. Чунки, ушбу никоҳлар натижасида кўп ҳолларда турли наслий касалликларга чалинган авлод дунёга келади.

Бунинг асосий сабаби яқин қариндошларнинг фарзандларида мутацияга учраган генларни наслдан-наслга ўтиш эҳтимоли жуда юқори эканлигидир. Олимларнинг кузатишлари бўйича турли туғма нуқсонлар ҳамда ўлик болалар туғилиш эҳтимоли уларда ўртача кўрсаткичларга нисбатан 3-4 марта кўпроқ учрайди.

Бегоналар орасидаги никоҳларда бундай учрашувларнинг юзага келиш эҳтимоли 1:100 га тенг бўлса, қариндошлар ўртасидаги никоҳда бу рақамлар 1:8 га тенг. Оқибатда замонавий тиббиётда ҳозиргача даволаш усуллари топилмаган кар ва соқов, ақлан ва жисмонан заиф болалар дунёга келади.

Никоҳдан олдин ўтказиладиган сифатли тиббий кўрик бўлғуси келин-куёв ва ёш ота-онани генетик текширувдан ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда скрининг ва перинатал марказлари томонидан олиб борилаётган ишлар сифат ва самарадорлигини янада яхшилаш, ҳомила нуқсонини эрта аниқлаб, ҳомилани тўхтатишни тавсия қилиш ҳамда нуқсони бор ҳомилани тўхтатиш чораларини кўриш ҳам аҳамиятлидир. 

Муаллиф: Равшан ИСОҚОВ, 60-шаҳар тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси раиси, олий тоифали эксперт-жарроҳ

19.02.2018 121 13 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства