samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тез тиббий ёрдам сифати ошади

Чоп этиш

Кўксарой майдонида "Tоyota" русумли 6 та замонавий реанимобил ва 5 та махсус жиҳозланган "Damas" тез ёрдам машинаси белгиланган тиббий муассасаларга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосарлари Ш. Худойбердиев, Р. Қобилов ва "Нуроний" жам­ғармаси вилоят бўлими раиси            Ҳ. Нормуродовлар мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар натижасида тиббий хизмат сифати тобора ошиб бораётганлигини таъкидлашди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, соҳада замон талабларига мос шароитларни яратишга қаратилаётганлиги эътироф этилди.

Тадбир давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТICА томонидан беғараз ёрдам сифатида ажратилган 6 та "Tоyota" русумли реанимобил, Булун­ғур туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлимига 2 та, Пайариқ, Нарпай ва Оқдарё туман тиббиёт бирлашмалари тез ёрдам бўлимларига биттадан махсус жиҳозланган "Damas" русумли тез ёрдам машиналари топширилди.

— Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасига қаратаётган юксак эътибори натижасида тез тиббий ёрдам сифати ҳам замон талабларига мос равишда ошмоқда, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали бош шифокори Акбар Тиляков. — Марказ ва бекатларимиз етарли даражада таъмирланиб, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Сўнгги бир-икки йил ичида тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техник базаси бугунги кун талабига мос тарзда мус­таҳкамланди. Жумладан, тез тиббий ёрдам машиналари 137 тадан бугунгилари билан қўшиб ҳисобласак 254 тага етди. Бундан олдин берилган 15 та "Hyundai" ва 11 та "Nissan" русумли тез ёрдам машиналари зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланмаган эди. Айни пайтда мазкур транспорт воситаларини етарли даражада жиҳозлаш учун 470 минг долларлик тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди. Тез кунларда бу машиналар ҳам замон талабларига мос реанимобилларга айланади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали бош шифокорининг маълум қилишича, яқин кунларда марказда вилоят миқёсида марказлашган call center ташкил қилинади. Мақсад мурожаат тушган манзилга тез тиббий ёрдамни ўз вақтида етказишдан иборат. Таъкидланишича, айни пайтда тез ёрдам машинаси 15 дақиқада етиб бораётган бўлса, кейинчалик бу вақт 5-7 дақиқага қисқаради.

— Янги реанимобилда барча қулайликлар яратилган, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали 3-бекат врач-кардиологи Рустам Соҳибов. — Автомашина анча кенг ва жиҳозлар қулай жойлаштирилган, бемалол беморга зарур ёрдамни кўрсатиш имкони мавжуд. Жумладан, дефибрилятор, сунъий ўпка вентиляциясини бажарувчи асбоб, лорингоскоп кабилар оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим саналади. Эътиборлиси, лорингоскопнинг уч тури — катта ёшдагилар, ўрта ёшлилар ва чақалоқлар учун мўлжаллангани ўрнатилган. Бундай замонавий тез ёрдам машиналарида оғир ҳолатдаги беморлар тиббий муассасаларга ўз вақтида етказилади.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

28.11.2018 83 95 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства