samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тежамкорлик ва самарадорлик йўлида

Чоп этиш

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этади.

Шаҳримизда шу мақсадда электр энергияси таъминоти тизимини комплекс модернизация қилиш жараёни бошланди.

Жумладан, айни кунларда кўп қаватли уй-жойларнинг аксариятида электр энергияси ҳисоблагичларини биринчи қаватга жойлаштириладиган ягона қутиларга кўчириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда йўлаклар ва ертўлалардаги ички электр симлари ҳам янгиланмоқда.

— Тизимни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар электр энергиясининг асоссиз йўқотилишининг олдини олишга қаратилган, — дейди «Самарқанд шаҳар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош муҳандиси Холбой Холматов. — Электр энергияси ҳисоблагичларини кўчириш билан биргаликда янгидан монтаж ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, ер остига уланадиган ҳимоя симлари янгиланмоқда. Бунинг натижасида хонадонларда ёритиш мосламаларининг янада ёрқин порлаши таъминланади. Энг муҳими, амалга оширилаётган ишлар учун аҳолидан хизмат ҳақи олинмаяпти.

Хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи трансформаторларни ҳам алмаштириш ишлари бошланди. Шунингдек, ушбу ҳудудларда ташқи ва ерости электр энергияси узатиш линиялари ҳам янгиланаётир. Жорий йилда 26 та трансформатор реконструкция қилиниб, 28 таси янгисига алмаштирилди. Сўзангарон кўчаси, «Илмобод» ва «Бўстон» маҳаллаларида ушбу йўналишдаги ишлар якунланди.

 Жорий йилда 96 километрдан ортиқ кабеллар реконструкция қилинади ва 105 километрдан зиёд янги кабеллар ётқизилади. Айни пайтда бу борадаги ишлар Даҳбед кўчаси, «Бек» маҳалласи, Спитамен шоҳкўчаси атрофидаги ҳудудларда ниҳоясига етказилди. Жуфт электр линиялари ўрнига яхлит изоляцияланган симлар ўрнатилмоқда. Бу эса электр тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олади. Эски симёғочлар ўрнига узоқ муддат фойдаланиладиган темир-бетонли устунлар ўрнатилмоқда. Электр тармоқларини модернизация қи­лиш 2018 йилда ҳам давом эттирилади.

Муаллиф: Ринат АБДУЛЬМАНОВ

7.10.2017 499 82 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства