samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Таълимда замонавий технологиялар

Чоп этиш

унинг самарадорлиги ортишига хизмат қилмоқда

Президентимиз раҳнамолигида таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида соҳада бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Таълим муассасалари моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш, педагог-кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ишлар қилинаётгани замонавий билим ва малакага эга, интеллектуал салоҳиятли ёш кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежида 700 нафарга яқин ўғил-қиз етти йўналиш бўйича таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг олаётган назарий билимларини амалий ва лаборатория машғулотлари орқали мустаҳкамлашга, ўз касбининг пухта билим ва малакага эга кадри қилиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган. Касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ҳукуматлари ўртасида 2015 йилнинг 30 июнида имзоланган икки томонлама битим ҳамда 2016 йил 18 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган режа асосидаги "Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш" IV фаза лойи­ҳаси муваффақиятли йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида коллежда ўқувчиларнинг касб-ҳунарни мукаммал эгаллаши учун компьютер синфлари, махсус устахоналар, энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар фаолияти йўлга қўйилди. Муассасанинг ахборот-ресурс марказида ҳам ўқувчилар учун бир қатор қулайликлар яратилди.

— Коллежимизда умумтаълим фанларини умумкасбий ва махсус фанлар билан муайян уйғунликда ўқитиш ва ўқувчиларда танлаган касбига бўлган қизиқишни ошириш, касбнинг асосини ташкил қилувчи, унга бевосита алоқадор бўлган махсус фан элементларини янада чуқурроқ ва тўлароқ ўргатиш мақсадида ажратилган соатларнинг 10 фоизини интеграция асосидаги дарслар ташкил этади, — дейди коллеж директори А. Бултаков. — "Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш" IV фаза лойиҳаси бу борада кенг имконият яратди. Лойиҳа доирасида ташкил қилинган "Сув таъминоти ва тозалаш тизими" лаборатория хонаси, электр ва газ пайванд­лаш ишларига мўлжалланган замонавий жиҳозланган ўқув амалиёт хонаси таълим жараёнларининг сифат ва самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда.

Коллежнинг "Коммунал хўжалиги объектларидан фойдаланиш бўйича техник-технолог" йўналишида 80 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг назарий билимларини амалиётда янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Жумладан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси, "Самарқанд уй-жой таъмир профессионал бошқаруви ташкилоти" давлат унитар корхонаси, шаҳардаги хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари билан коллеж ўртасида шерикчилик шартномалари тузилган бўлиб, битирувчилар касбни пухта эгаллаши учун ишлаб чиқариш амалиётларини ушбу корхоналарда ўтказишмоқда.

Коллежда иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Таълим муассасаси ўқувчиси Умида Анорованинг математика фани бўйича  фан олимпиадасининг вилоят босқичида фахр­ли учинчи ўринни қўлга киритгани, коллежнинг "Шунқорлар" жамоаси "Ёш қутқарувчи" мусобақасининг шаҳар босқичида иккинчи ўринни эгаллагани фикримизни тасдиқлайди. Ўқувчиларимиз спортнинг кураш, каратэ, бокс каби турлари бўйича шаҳар, вилоят ҳамда республика мусобақаларида муносиб иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритишмоқда.

Бир сўз билан айтганда, касб-ҳунар коллежида инновацион технологияларнинг таълим-тарбия жараёнларига татбиқ қилинаётгани, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа ва чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Муаллиф: Бахтиёр ТЎРАҚУЛОВ, Ўзбекистон-Швейцария "Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш" лойиҳаси масъул ходими

11.04.2018 147 27 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства