samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тарихнинг жонли саҳнаси

Чоп этиш

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида ҳозирда 2 мингдан ортиқ қўлёзма ва тошбосма китоблар сақланади.

Бу ердаги каттаю кичик жажжи китоблар, турли хил ёзув ва нақшлардаги асарлар, ҳатто баландлиги бир ярим метр, вазни 38 килограмдан ортиқ бўлган 32 саҳифалик Аллоҳнинг каломи битилган Қуръони карим китоби музейнинг нодир экспонатларидан бири саналади.

Шунингдек, музей-қўриқхона фондида Амир Темур мақбарасидан топилган ёғочдан ясалган тобутнинг асл нусхаси кишида ўрта асрлар дафн маросимлари ҳақида тасаввур уйғотади.

Жумладан, Ўзбекистон мaданияти тарихи давлат музейи ҳам халқимизнинг бой маданий, маънавий мероси жамланган бебаҳо маскан ҳисобланади. Бу ерда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқлари тарихи, этнографияси, санъати ҳақидаги маълумотлар, осори атиқалар, экспонатлар мужассам.

Музейга ташриф буюрган ҳар бир киши ўзини ўтмишга сайр этгандек ҳис қилади. Бу ердаги Ўрта Осиё  майда пластикаси — ҳайкалчалари, ёпиштирма тасвирлардан иборат энг бой тўпламлардан бири ҳисобланувчи ҳайкалчалар мажмуи ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Шунингдек, Қоратепа буддавийлик ибодатхонасидан топилган санъат ва ҳунармандчилик ашёлари ҳам аждодларимиз маданиятидан сўзлайди.

Ерқўрғон шаҳристонидан топилган ашёлар III-IV аср­лар ҳайкалтарошлигининг ажойиб намуналаридир. IV-V асрларга тааллуқли Пайариқ туманининг Челак шаҳри яқинидан топилган кумуш қуйма коса эфталит санъатини ўзида мужассам этиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Музейнинг Варахша, Куёвқўрғон, Афросиёб каби ёдгорликлардан топилган ашёлар кўргазмаси ҳам киши эътиборини тортади. Улар илк ўрта аср ёғоч ва ганч бўртма тасвирларини ўзида мужассам этганлиги билан аҳамиятли. Бу ердаги Сўғд оссуарийларининг катта тўплами ҳам тарихдан сўзловчи бебаҳо манбадир. Уларда V-VII асрларда урфда бўлган зароастризм дини пешволари ва ўша давр одамларининг кўринишлари акс эттирилган.

Шунингдек, "Мирзо Улуғбек" музейи ҳам шаҳримиздаги кўпгина осори атиқаларга бой маданий-маънавий маскан ҳисобланади. Бу ерда Темурийларнинг XV асрга оид "Вақф ҳужжати" сақланади. Мазкур ҳужжат ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома" асаридаги маълумотлар Улуғбек расадхонасининг аниқ жойлашган ўрнини аниқлашда қўл келганлиги билан аҳамиятлидир. Музейда Улуғбек мадрасасини таъмирлаш жараёнида топилган XV асрга оид сопол лаган ҳам кишида қизиқиш уй­ғотмай қолмайди. Бундан ташқари, бу ерда XVII асрда термизлик усталар томонидан жездан ишланган устурлоб (устролобия) ҳам намойишга қўйилган.

Илк ўрта асрларга мансуб бўлган Самарқанд ихшиди Вархуман саройини безаб турган деворий тасвирларнинг асл нусхаси билан Афросиёб музейида, ғарбий Европада ишланган Наполеон Бонапартга тегишли мебель тўпламлари билан эса вилоят ўлкашунослик музейида танишиш имкони мавжуд.

Айни пайтда музейларда сақланаётган экспонатларни ўрганиш, халқимизга етказиш борасида ўзаро ҳамкорликда доимий изланишлар олиб бормоқдамиз. Юртдошларимизни халқимиз тарихи, маданиятимизнинг туб илдизлари билан кенгроқ таништириш мақсадида sammuz.uz сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларимизда ҳам музейлар фондида сақланаётган экспонатлар ҳақида маълумотлар жойлаштириб бориляпти. Шунингдек, музейдаги ноёб ва янги топилмалар, музейлар фаолияти билан боғлиқ янгиликлар тўғрисидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Муаллиф: Ҳилола ОРТИҚОВА, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси матбуот хизмати ходими

26.05.2018 172 40 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства