samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тарихий бозор замонавий талқинда

Чоп этиш

24—26 август кунлари Ислом Каримов кўчасида "Silk Road Bazaar" ("Ипак йўли бозори") миллий ҳунармандчилик ва савдо фес¬тивали бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги "2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган фестивалда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 80 дан ортиқ уста-ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Самарқандлик ҳунармандларнинг кашта ва зардўзлик буюмлари, мисгар ва кулолларнинг нафис ишлари, Тошкент чиннилари-ю Марғилон адраси, Шаҳрисабз чопон ва нимчалари фестиваль қатнашчиларида катта қизиқиш уй­ғотди.

Шунингдек, дунёга машҳур Самарқанд нонлари, Шарқ ширинликлари, серқуёш юртимизда етиштирилган турли мева ва полиз маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмаларини маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар зўр қизиқиш билан томоша қилиб, улардан татиб кўрди.

— Бу тадбир қадимий Ипак йўлининг бозори тарзида ташкил этилган бўлса-да, катта байрамга айланиб кетгани бизга манзур бўлди, — дейди бельгиялик сайёҳ Жустин Дефеш хоним. — Одамларнинг кўплиги ва бир-бирларига самимий муносабатлари Шарқ халқларига хос юксак маданиятдан далолат беради. Намойиш этилаётган ҳунармандлик маҳсулотларининг ранг-баранглиги ва турининг кўплигидан ҳайратдаман. Самарқандга саёҳатимиз ушбу фестивалга тўғри келганидан хурсандмиз.

Фестивалда вилоятдаги фольклор-этнографик жамоалар томонидан бадиий дастурлар, театрлаштирилган томошалар намойиш этилди. Ислом Каримов кўчаси атрофида ўрнатилган бир неча саҳналарда самарқандлик таниқли хонандалар ва ёш ижрочилар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

— Оила аъзоларимиз билан Самарқандни зиёрат қилиш учун келган эдик. Қарангки, катта байрам устидан чиқиб қолдик, — дейди наманганлик Маҳмуджон Сирожиддинов. — Юртдошларимиз билан бирга чет элдан келган сайёҳларнинг миллий ҳунармандлик буюмлари, миллий таомларимизни катта қизиқиш билан томоша қилаётганини кўриб ўзимиз ҳам завқланиб кетдик. Шундай бетакрор юртда яшаётганимизга яна бир бор шукрона айтдик.

 

Муаллиф: Ғ. МАТЛАБОВ

31.08.2018 132 68 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства