samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тадбиркорликда иштиёқ бирламчи

Чоп этиш

эканлигини тажрибали тадбиркорлар алоҳида таъкидлашди

Мамлакатимиз бўй­лаб ўтказилаётган Глобал тадбиркорлик ҳафталиги доирасида шаҳримизда ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси томонидан ўтказилаётган ҳафталик доирасида 30 дан ортиқ тадбирлар, учрашувлар ташкил этилиши белгиланган.

Шаҳримизда ҳафталик доирасида, дастлаб вилоятимизнинг фаол ёшлари, ёш тадбиркорларнинг «JV MAN Auto-Uzbekistan» ва «Sam Antep Gilam» қўшма корхоналарига саёҳати ташкил этилди. Иштирокчилар мазкур корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёни, маҳсулотлар ва у ерда меҳнат қилаётган ёшлар билан яқиндан танишишди.

— Ушбу корхоналарда бўлиб, мамлакатимизда саноат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасига гувоҳ бўлдик, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Каттақўрғон шаҳар транспорт касб-ҳунар коллежи бошланғич ташкилоти етакчиси Достон Эш­пўлатов. — Бу ерда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотлар жаҳон бозорида ҳам ҳар қандай хориж маҳсулотлари билан рақобатлаша олади. Энг муҳими, ушбу корхоналар ишчи-ходимларининг асосий қисми тенгдошларимиздан иборат экан. Уларнинг иш жараёни, яратилган шароитлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг тадбиркорлик соҳасида муваффақиятли фаолият юритиб, юксак натижаларга эришиб келаётган Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси асосчиси Ҳикмат Абдураҳмонов, «Murad Buildings» асосчиси Мурод Назаров, «Paynet» асосчиси Ботир Орифжонов, «Compas con­salting» асосчиси Улуғбек Ҳожиаҳмeдов, «Alim­khan Exim Group» асосчиси Акмалхон Алимхоновлар иштирокида «Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзуида маҳорат машғулотлари ўтказилди. Унда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ҳамда ўзларининг бизнес фаолиятини бошлаган ёш тадбиркорларга соҳада самарали фаолият юритиш бўйича қимматли тавсиялар берилди. Шунингдек, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тажрибали тадбиркорлардан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлишди.

— Айни пайтда хусусий тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш арафасидаман, — дейди Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти талабаси Сардор Усмонов. — Қурилиш материали—шифер ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдаман. Шу вақтгача бироз иккиланиш бор эди. Учрашувда тажрибали тадбиркорларнинг фаолияти, бугунги даражага етиш йўлидаги қийинчиликлар ҳақидаги маълумотларини тинглаб, мақсад сари интилиш, ҳалол меҳнат, албатта, самара беришига ишонч ҳосил қилдим. Бу ўз тадбиркорлигимни амалга оширишда менга куч ва ғайрат бағишлади. Албатта, бошлаган ишимни давом эттириб, бугунги қаҳрамонларимиз каби ўз бизнесимни йўлга қўяман.

— Ёшларимизнинг билим савияси, ташаббускорлиги ҳеч бир давлат ёшларидан қолишмайди, — дейди  Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси асосчиси Ҳикмат Абдураҳмонов. — Буни тадбир доирасида имтиёзли кредит маблағи асосида ўз бизнесини бошлаган Камол Аликов фаолияти мисолида кўриб, гувоҳи бўлдик. Бундай ёшларимиз жуда кўп. Фақат уларни тўғри йўналтириш, ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйишда илҳом бағишлаш керак. Глобал тадбиркорлик ҳафталигини ўтказишдан мақсад ҳам айни масалага қаратилган. Ҳафталик доирасида белгиланган тадбирларнинг асосий мақсади жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни мазкур соҳага кенг жалб этишдан иборат. Бугунги учрашувимиздаги ёшларнинг фаоллиги тадбирнинг мақсадли ташкил этилганлигидан далолатдир.

Тадбиркорлар ва ёшларнинг бевосита мулоқоти соҳада фаолият юритишни мақсад қилган ёшлар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Учрашувда қатнашган ёшларнинг асосий қисми шахсий бизнесини йўлга қўйишни мақсад қилганлиги бундай бизнес тренингларнинг нечоғлик аҳа­ми­ятли эканлигини кўрсатди. Тадбир доирасида тижорат банклари ҳамда самарқандлик ҳунармандларнинг кўргазмаси ташкил этилди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири

20.11.2017 303 94 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства