samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тадбиркорлар учун марказ

Чоп этиш

Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактабида вилоят ҳокимлигининг Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2018 йил 17-18 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари асосида вилоятда тадбиркорликни жадал ривожлантириш мақсадида ташкил этилган марказда вилоят ҳокими Т. Жўраев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда марказ фаолияти мезонлари, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратилган маблағларни йўналтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидландики, Президент Ш. Мирзиёев вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида 3 та қарор қабул қилди. Ушбу қарорларга кўра қўшимча 500 млн. доллар маблағ ажратилди. Лойиҳаларни самарали ташкил қилиш мақсадида тадбиркорликка кўмаклашиш марказида тадбиркорлик субъектлари учун барча хизматлар йўлга қўйилди. Айни пайтда бу ерда мақсадли жамғармалар ва халқаро молия институтлари томонидан ажратилган маблағларни ўзлаштириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

Жумладан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 млн. доллар ажратилган эди. Ушбу маблағнинг 50 млн. доллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги "Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан жорий йилда ташкил қилинадиган 14 та кичик саноат зонаси таркибига кирадиган ва вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун йўналтирилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги "Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан вилоятни ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш ишларига 50 млн. доллар миқдоридаги маблағ ажратилади.

Вилоятда мева-сабзавот ва чорвачилик йўналишидаги лойиҳалар учун халқаро молия инс­титутлари маблағлари ҳисобидан 400 млн. доллар ажратилди. Ушбу маблағ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан белгиланган йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш учун йўналтирилади.

— Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш" ҳамда "Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш" лойиҳалари бўйича чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачиликни ривожлантириш учун талаб этиладиган техника ва технология ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, интенсив боғдорчилик, замонавий иссиқхоналар, суғориш тизимлари, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, калибровка, саралаш ва қадоқлаш, совиткичли омборхоналар, қишлоқ хўжалиги учун техника ва технологиялар сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, — дейди Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигининг вилоятдаги вакили А. Бекқулов. — Кредит маблағлари лойиҳанинг қоплаш истиқболини ҳисобга олган ҳолда 10 йил муддатгача (3 йил имтиёзли давр билан) йиллик 5,5-6 фоиз устама тўлаш шарти билан АҚШ доллари қийматида ажратилади. Мисол учун, Жаҳон банки лойиҳасида чорвачилик йўналиши бўйича бир мижоз учун энг юқори кредит миқдори 2 млн. долларгача белгиланган. Мева-сабзавотчилик йўналишида ҳам худди шундай. Фақат маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш ва етказиб беришни ўз ичига олган лойиҳалар учун 4 млн. долларгача имтиёзли кердит ажратилади. Осиё Тараққиёт банки лойиҳаси бўйича эса 5 млн. долларгача маблағ ажратилади. Бунда мижознинг лойи­ҳадаги улуши камида 20 фоизни ташкил этиши керак. Бу пул хизмат, иш, яъни натура кўринишида бўлиши ҳам мумкин. Энг муҳими, имтиёзли кредит ҳисобидан импорт қилинадиган барча товар, хизмат, техника ва технология­лар, жиҳоз ва ускуналар солиқ тўловлари (қўшимча қиймат солиғи, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар)дан озод этилади.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокими айни пайтгача халқаро молия институтлари ҳисобидан ажратилган маблағнинг 312 миллион доллари белгиланган йўналишлардаги истиқболли лойи­ҳаларга йўналтирилганлигини таъкидлади. Ҳозиргача қолган 88 миллион доллар маблағни ўзлаштириш бўйича лойиҳалар тегишли тартибда кўриб чиқилаётганлиги қайд этилди. Ажратилган маблағ ҳисобидан 350 дан ортиқ истиқболли лойиҳаларни амалга ошириб, 10 мингга яқин янги иш ўрни ташкил қилиниши кўзда тутилгани таъкидланди.

Матбуот анжуманида тадбиркорлик субъектлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур йўналишдаги мавжуд саволларига атрофлича жавоб олишди. Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази доимий фаолият юритиши, бу каби матбуот анжуманлари ҳар ҳафтада бир марта ўтказилиши маълум қилинди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

4.04.2018 195 25 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства