samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Тадбиркорлар манфаати ҳимояда

Чоп этиш

"Asia Samarkand" меҳмонхонасида "Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг суд орқали ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар" мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд судьялари, вилоят прокуратураси, иқтисодий суди, адлия, божхона ва солиқ бошқармалари, тижорат банклари, адвокатлар палатаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

Давра суҳбатида дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б. Исаков ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг юртимиздаги лойиҳалари координаторининг катта маслаҳатчиси Ханс Ульрих Им мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига алоҳида тўхталиб ўтишди. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида батафсил фикр юритишди.

Шундан сўнг давра суҳбатида қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари мавзу доирасида маъруза қилиб, ушбу йўналишдаги асосий янгиликлар, имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот беришди.

— Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди, — дейди Олий суд судь­яси Ибрагим Тожиев. —  Бу янгиланиш суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиб, ягона суд амалиётини шакллантирди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари иқтисодий судларга ўзгартирилгани, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилгани тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда қатор қулайликларни яратмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида жорий йил 1 апрелдан амалиётга татбиқ этилган Иқтисодий процессуал кодекси судларда ишларни юритиш тартибини такомиллаштириб, соҳадаги қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликларга бар­ҳам бераётганлиги билан аҳамиятга эга. Айниқса, судда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, суд мажлисини аудио-видео режимидан фойдаланган ҳолда ўтказиш тартиби белгиланди. Бу ҳам одил судловни амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этади.

Давра суҳбати давомида 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ва унинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Бунда асосий эътибор тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиётини такомиллаштириш, судларда тадбиркорнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатларнинг иштирокини кенгайтириш, солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш борасидаги амалиётга қаратилди.

Очиқ мулоқот тарзида давом этган давра суҳбати якунида тадбиркорлар ўз фаолиятларида кузатилаётган муаммоли вазиятлар ҳақидаги саволларига мутасаддилардан атрофлича жавоб олишди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

12.05.2018 66 36 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства