samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК ЙЎЛИДАГИ ЖАСОРАТ

Чоп этиш

мудом эътироф этилади

"Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас" шиори остида кенг миқёсда нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни тадбирлари шаҳримизда ҳам муносиб ўтказилмоқда.

Президентимизнинг байрам табриги ва эсдалик совғасини топшириш мақсадида шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов бошчилигида давлат ва жамоатчилик вакилларининг уруш фахрийлари хонадонига ташрифи ҳам ҳақиқий байрам тусини олди. Ҳарбий оркестр куй-қўшиқлари остида Миллий гвардия хизматчилари, ёшлар, фахрийларнинг қўни-қўшнилари шўх-шодон ўйин-кулгилари билан кексаларга кўтаринки кайфият улашишди.

— Бу йилги байрам ўзгача кўтаринкилик бағишламоқда, — дейди уруш қатнашчиси Зоир бобо Муродов. — Ҳар куни эшигимизни қоқиб, йўқлаб келувчилар бор. Тинчлик-тотувлик, фаровон ҳаётимизнинг рамзи бу. Бизни сийлаганларни Аллоҳ сийласин.

Мирзо Улуғбек кўчаси, 132-уй, 28-хонадонда яшовчи уруш қатнашчиси Юрий Ляхов Президентимизнинг байрам табриги ва эсдалик сов­ғасини қабул қилиб оларкан, қувонч кўзёшларини тийиб туролмади.

— Яқиндагина Президентимиз томонидан берилган пул мукофотларини олган эдим, — дейди Юрий бобо. — Бугун табрикнома билан тилла соат топширишди. Давлатимиз раҳбарининг бундай юксак эътибори, эҳтиромини кўриб ўзимни тийиб туролмадим. Мени Президентим йўқлаб, байрам билан табриклаб, совға-саломлар юборганидан фахрландим. Ҳарбий оркестрнинг куй-қўшиқлари ёшлигимни эслатди. Уларга қўшилиб "Катюша"ни куйлаб, бошдан кечирган ўша машъум кунларни эсладим. Зах окоблар, тинимсиз ўқ ёмғири, бир ёқда мина портлаган, қаергадир снаряд тушган. Куйиб, кул бўлган бинолар, оч-наҳор болалар... Буларни унутиб бўлмайди. Аммо бугунги дориламон кунларимиз кўнгилга таскин беради. Ўқиш, иш билан машғул бўлиб, тинч ва осуда ҳаёт кечираётган ёшларимизнинг фаровон турмуши, юртимизнинг кун сайин ободлик, кўркамлик касб этаётганлиги ўша суронли кунлар бежиз кетмаганлигини эслатиб туради. Тинчлигимиз, ободлигимизга кўз тегмасин.

"Муборак" маҳалласида яшовчи Сайфи бобо Қурбонов урушда икки марта ярадор бўлади. Аммо юрт тинч­лиги, халқ фаровонлиги учун ҳар қандай азоб-уқубат ҳам, жароҳат оғриқларига ҳам дош берган отахон бугун фарзанду набиралар ардоғида умгузаронлик қилмоқда.

— Бу бошдан не-не савдолар ўтмади, — дейди Сайфи бобо Қурбонов. — У кунлар бошқа такрорланмасин. Фарзандларимиз, набираларимиз, ёш авлод уруш кўрмасин, илоҳим. Бугунги тинч, осуда ҳаётимизни ёмон кўзлардан Ўзи асрасин! Президентимизнинг кўрсатаётган ғамхўрликлари биз, фахрийларга куч-қувват бағишламоқда. Шаҳар ҳокими бошчилигида келган меҳмонларни, байрамга чиққан қўни-қўшнилар, шу баҳона жамулжам бўлган фарзандлар, набиралар, эвараларни кўриб, кўзим қувнади. Мана ҳаётнинг ҳақиқий лаззати, маъни-мақсади. Тинчлик, хотиржамлик бор жойда инсон қадри баланд бўлади. Мустақиллигимиз мустаҳкам, бардавом бўлсин. Юртбошимиз бошимизга омон бўлиб, Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнайверсин!

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

5.05.2018 64 34 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства