samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ТЕАТР ТОМОШАБИННИ КУТМОҚДА

Чоп этиш

Театр — ҳаёт кўзгуси ва Беҳбудий айтганидек, ибратхонадур. Хўш, бугунги театр саҳналарида намойиш қилинаётган томошалар ҳам ибрат вазифасини ўтаяптими?

Умуман, бугун театр фаолияти қандай? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида вилоят қўғирчоқ театри директори Искандар СУЛТОНОВга мурожаат қилдик.

— Томошабинларга янги саҳна асарларини тақдим этиш устида ижодий жамоамиз доимо изланишда, — дейди Искандар Султонов. — Ёш томошабинларимиз онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш,  миллий урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат руҳини шакллантириш асосий вазифамиз саналади. Шу боис, жамоамизнинг зиммасидаги масъулият жуда юқори.

Айни жиҳатларни инобатга олган ҳолда кейинги вақтларда театрда тарихий шахслар ҳаёти ва ижодига бағишланган асарларни саҳналаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эътиборлиси, мазкур йўналишдаги ишларимиз ёш томошабинларимизнинг ҳам, мутахассисларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Жумладан, ҳар икки йилда бўладиган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг анъанавий кўрик-фестивалларида ҳам жамоа муносиб иштирок этиб келяпти.

2016 йилда Андижон вилоятида ташкиллаштирилган 10-анъанавий фестивалда "Улуғбек юлдузи" тарихий эртак-спектаклимиз билан қатнашиб, фахрли 3-ўринни эгаллаган эдик. Ушбу асарда бобокалонимиз, фалакиёт илмининг султони Мирзо Улуғбекнинг ҳаёт йўли, болалиги, ақлу заковати ҳақида жажжи томошабинларга "жонли тарих" намойиш қилинади.

Ҳозирги кунда жамоамиз жорий йилнинг 26 июнида Тошкент шаҳрида бўладиган Ўзбекистон қўғир­чоқ театрларининг 11-анъанавий фестивалига тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур фестиваль учун "Сеҳрли табиб ёхуд кичик табиб" тарихий эртак-спектаклини тайёрлаяпмиз. Асар тиббиёт асосчиси — Абу Али ибн Синонинг болалигига бағишланади. Спектаклда бўлғуси алломанинг иқтидори, табиат ва инсониятга болаликдан шаклланган меҳр-муҳаббати, кишиларга наф келтиришга интилишлари ҳақида ҳикоя қилинади. Бундай саҳна асарини томоша қилган жажжи қалбларда аждодларимизга нисбатан ҳурмат ортади, илм ўрганишга қизиқиш кучаяди.

Театр саҳнасида намойиш қилинаётган томошаларнинг мазмундорлиги, савияси томошабин эътибори, эътирофи орқали намоён бўлади. Афсуски, театрларимизда намойиш этилаётган асарлар саноқли томошабинлар иштирокида ўтмоқда.

Жамоамиз асарлар намойишини асосан таълим муассасаларида ўтказишга мажбур бўлмоқда. Бугун нафақат бизнинг театр, балки барча турдаги театрларда ҳам мазкур муаммо мавжуд. Ўтган давр мобайнида маиший муаммолар сабаб маънавиятга бўлган эътибор бироз сусайди. Шу боис, театр заллари ҳувиллаб қолди. Актёр ўз ролини мароқ билан ўйнаши учун уни кимдир кузатиши, унга қўшилиб воқеалар ривожидаги ҳис-ҳаяжонларни биргаликда бошидан ўтказиб, уни олқишлаб туриши ижодкорга ил­ҳом бағишлайди. Афсуски, бугун жойларда уюштирилган томошаларда томошабинларнинг маданияти ҳафсаламизни пир қилади. Вилоят ҳокимлиги ва таълим тизими мутасаддилари томонидан тасдиқланган режа бўйича таълим муассасаларига ташрифимиз муассаса раҳбариятининг эътиборсизлиги туфайли кайфиятсиз ўтади. Турли баҳоналар билан спектакль намойишини ўтказмасликка уринишади. Битта спектаклни саҳнага чиқаргунча ижодий жамоа қанча меҳнат қилади. Ёш тамошабинларимизга маънавият улашиш учун ҳаловатидан воз кечади. Тўғри, томоша учун маблағ масаласини ҳал этишда муаммолар мавжуд. Аммо, ҳеч бир ота-она фарзанди учун арзимаган чипта пулини аямайди. Аксинча, бундан хурсанд бўлади. Чунки турмуш икир-чикирлари сабаб фар­занд­ларини бундай томошаларга олиб боришга ҳамма ота-она ҳам вақт, имконият топавермайди.

Яна бир эътибор қаратиш лозим бўлган ҳолат. Юқорида томоша маданияти ҳақида гап бошлаган эдим. Спектакль қўйилишидан олдин томоша маданияти ва қоидаларини эслатиб ўтсак-да, айрим томошабинлар спектакль бошланганидан ке­йин ҳам ўрнидан туриб юришни, уяли алоқа воситасидан фойдаланиб, бемалол  гаплашишни ёки ёнидаги шериги билан чақчақлашиб ўтиришни ўзига эп кўради. Энг ачинарлиси, ўқувчиларни тартибга чақириб, уларга ўрнак бўлиши керак бўлган ўқитувчиларнинг ўзлари писта чақиб, ёнидаги ҳамкасби билан суҳбатлашиб ўтиришади. Маънавият, маърифат ўчоғи бўлмиш театр томошаларида бундай маънавиятсизликларга йўл қўйилиши ёш авлод тарбиясида бўшлиқ вужудга келишига сабаб бўлмайдими?

Бугунги кунда вилоят қўғирчоқ театри жамоаси шаҳримизда ўтказиладиган оммавий тадбирлар, байрам томошалари орқали каттаю кичикка кўтаринки кайфият улашиб, маънавият тар­қатишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар томонидан саҳналаштирилаётган, таълим муассасаларида бўлса-да, жажжи томошабинларга етказилаётган асарлар ўз қадр-қимматига эга. Ёш авлод камолоти, юрт келажагини белгиловчи таълим-тарбия жараёнида, қўғирчоқ театрининг ўрни беқиёс. Фақат уни мутасаддилар, ота-оналар ўз вақтида тўғри англаб етишлари лозим. Зеро, маърифатпарвар боболаримиздан бири бўлган Абдулла Авлоний айтганидек, "Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир".

Муаллиф: Холбўта ХЎЖАНОВ ёзиб олди.

20.06.2018 112 47 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства