samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДА СИФАТ ЯНГИЛАНАДИ

Чоп этиш

ЎҚИТУВЧИ САЛОҲИЯТИ — БИРЛАМЧИ ВАЗИФА

Ўтган ўқув йилида таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлигини ошириш, иқтидорли ўқувчи ёшларни кашф этиш, уларни рағбатлантириш, соҳада мавжуд камчиликларнинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. 7-умумтаълим мактабида "Ўқув жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш: муаммо ва ечимлар", 5-умумтаълим мактабида "Мураккаб мавзуларни ўтишда услубларнинг ўрни", 9 ва 77-умумтаълим мактабларида  "Намунали таълим муассасаси" мавзуларида очиқ дарслар, таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва ўқитувчилар учун амалий семинарлар ташкил қилинди. 33, 49, 64-умумтаълим мактабларида кимё, 14, 37, 45, 66-умумтаълим мактабларида биология, 20, 29, 63-умумтаълим мактабларида  география, 14, 63, 64-умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёт, 1, 14, 37, 42, 68-умумтаълим мактабларида тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари фанларидан таянч мактаблари ташкил этилиб, уларда шаҳардаги барча фан ўқитувчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда машғулотлар ўтказишди.

ДАРСЛИКСИЗ ТАЪЛИМ

САМАРАДОРЛИГИ "0"ГА ТЕНГ

2017/2018 ўқув йилида ўқувчиларни дарс­ликлар билан таъминлаш муаммолари тўлиқ ҳал этилди.

Ўқувчилар ижара тизимидаги дарсликлар билан таъминланиб, ҳар бир мактаб учун махсус ҳисоб рақамига белгиланган 641 063 500 сўм ижара тўловлари ўз вақтида ўтказилди, шундан 17 946 нафар кам таъминланган оила фарзандлари бепул, 123 нафар ўқувчилар бир синфда таҳсил олаётган ака-укалар, опа-сингил ва эгизаклар ҳисобига дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланди. 4-рус синфи ижара дарсликлари кам миқдорда чоп этилганлиги сабабли етишмади.

Мактаб ахборот-ресурс марказларининг китоб фонди  эса 37076 тани ташкил этади ва бу марказлар ўртача йил давомида 8901 нафар фойдаланувчиларга хизмат кўрсатди. Жорий йилнинг апрель ойида бўлим тасарруфидаги барча мактабларда ўтказилган китобхонлик тадбирлари натижасида ҳомийлар ва ота-оналар томонидан кутубхоналарга 10238 тадан ортиқ бадиий адабиётлар тақдим этилди. 2017/2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг "Китоб ўқиш" кўрсаткичи ҳар бир ўқувчига 8,9 донани  ташкил этди.

"Энг яхши китобхон ўқувчи" танловининг вилоят босқичида 13-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Гулнигор Яздонқулова фахрли 1-ўринни, "Китобхон оила" кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ИДУМнинг 9-синф ўқувиси Гулираъно Исломова ва унинг онаси Шоира Аҳмедова 3-ўринни эгаллаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. "Китобхон мактаб" танловининг вилоят босқичида иштирок этган 69-умумтаълим мактаби жамоаси эса 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди.

ЮТУҚЛАР ЎЗИМИЗНИКИ...

"Билимлар беллашуви", фан олимпиадалари ва бошқа кўрик-танловлар нафақат ўқувчиларнинг билим савиясини аниқлаш, балки таълим-тарбия соҳасида олиб бораётган фаолиятимизнинг кўзгуси бўлиб хизмат қилади. Жорий йил 5-8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Билимлар беллашуви"да 2564 нафар ўқувчимизнинг иштироки таъминланди. Синовлардан сўнг 470 нафар ўқувчи шаҳар босқичида, 29 нафари вилоят босқичида қатнашди. Якуний натижаларга кўра, вилоят босқичида 4 нафар ўқувчимиз 1-ўрин, 5 нафари  2-ўрин, 3 нафари 3-ўринни эгаллаб, умумий ҳисобда 83.3 балл билан вилоятда фахрли 1-ўринни эгалладик. 9-10-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадасининг вилоят босқичида 11 нафар ўқувчимиз 1-ўринга, 2 нафари 2-ўринга, 22 нафари эса 3, 4 ва 5-ўринларга муносиб, деб топилди. Ушбу натижаларимиз билан ҳам вилоят шаҳар ва туманлари ўртасида етакчиликни қўлдан бермадик. Қолаверса, республикамиздаги 194 та туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари ўртасида 2017 йил якуни бўйича комплекс кўрсаткичларнинг умумий натижаларига кўра бўлимимиз 2-ўринни эгаллаганини ифтихор билан тилга олишимиз мумкин. Бундан ташқари, "Умид ниҳоллари — 2018" спорт мусобақаларида муносиб иштирок этган ўқувчиларимиз жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, Президент совғаси — "Damas" русумли автомобиль билан тақдирланди.

ҚАМРОВ ОРТМОҚДА

Янги ўқув йилидан мактабларимизда 86402 нафар 1-11-синф ўқувчилари таълим-тарбия  олиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, умумтаълим мактабларимизнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қўшимча қурилиш ишларини амалга оширишни тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, жорий йил 1 та мактаб биноси янгидан барпо этилиб, 2 та мактабда қўшимча бинолар қурилмоқда. Шунингдек, ин­вес­тиция дастури асосида 78-умумтаълим мактабида 216 ўринли қўшимча бино қурилмоқда. Реконструкция қилинаётган 43-умумтаълим мактабида 240 ўринли бино қурилиши якунланиш арафасида, 72-умумтаълим мактабида эса 300 ўринли қўшимча бино қурилмоқда. 5 та (16, 24, 47, 56, 57) мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари яқин кунларда якунланади. "Ширин" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 57-умумтаълим мактабининг 96 ўринли филиали қурилаётганини ҳам таъкидлаш лозим.

МАСЪУЛИЯТ ЯНАДА ОРТДИ

Юртбошимиз ташаббуси билан таълим сифат ва самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларга барҳам бериб, тизимга янгича ёндашувни шакллантиришга қаратилган ўнлаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Ўқитувчи энди ортиқча даҳмазалардан қутулди. Унинг қадр-қиммати кун сайин ортаяпти. Биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мисолида буни яққол кўришимиз мумкин. Қарорда фаолиятимиздаги бир қатор камчиликлар ҳам қайд этилди. Муаммоларни бартараф этиш, ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди.

Муаллиф: Хуршид ҲОЖИҚУЛОВ, шаҳар халқ таълими бўлими мудири

22.08.2018 239 66 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства