samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ТАРИХ ҚАТИДА ЯШИРИНГАН МАЪНАВИЙ БОЙЛИКЛАР

Чоп этиш

Қадим Самарқанднинг ҳар бир қарич ери, ҳар кафт тупроғи ўзида тарихнинг ҳали тилга олинмаган кўплаб тилсимларини сақлаб ётибди.

Бугунги кунда Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси таркибида 8 та музей ва 7 та архитектура ёдгорлиги бўлиб, уларнинг ҳар бири ўтмиш тарихимизнинг бугунги кўзгуси ва ҳали ўрганилмаган бўлғуси хазинасидир. Мураккаб илмий ва маданий фаолият олиб бораётган музей-қўриқхона ходимлари иши бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимлиги ва дол­зарб­лиги билан киши диққат-эътиборини тортади. Айниқса, Самарқанд куни муносабати билан қўриқхона тизимидаги барча маданий ва илмий муассасаларда тайёргарлик ишлари қизиб кетган.

— Шаҳримизнинг тантанасига жамоамиз ҳам ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрди, — дейди музей-қўриқхона директори Хўжақул Муҳаммадиев. — Байрам муносабати билан Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида таниқли рассом Дилшода Султонованинг "Ижод йўлларида" деб номланган шахсий кўргазмаси ташкил этилади. Унда ижодкорнинг 30 йил мобайнида яратган 100 дан ортиқ санъат асарлари намойиш этилади. Бунда деворий сурат, портрет, натюрморт, архитектуравий манзара, композиция сингари турли жанрдаги асарлар томошабинлар ва санъатсеварлар ҳукмига ҳавола этилади.

Бундан ташқари, вилоят Ўлкашунослик музейида шаҳар маданият бўлими билан ҳамкорликда мақомчи хонандалар танловини уюштириш ҳам режалаштирилган. Ушбу танловда шаҳримиз ва вилоятимизнинг таниқли хонандалари иштирок этиш истагини билдирдилар. Кейинги йилларда музей биноларини таъмирлаш, экспонатларни сақлаш шароитини яхшилаш, уларни таъмирлаш ва тиклаш ишларига алоҳида ёндашилаётганлигини таъкидлаш зарур. Айни пайтда Садриддин Айний уй-музейини таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 300 миллион сўм маблағ ажратилди. "Афросиёб", Пахтачи ва Иштихон туманлари Ўлкашунослик музейларида ҳам капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Қўриқхона тизимидаги тарихий обидаларни таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг асосийси, қадамжо ва музейларни маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг севимли масканига айлантириш, уларга Самарқанд ҳақида, тегишли археологик иншоотлар ҳақида зарур маълумотларни етказиш чоралари кўриляпти.

Музей-қўриқхона экспонатларини таъмирлаш бўлими олдига ўзининг асл қиёфасини йўқотаёзган ашёларни таъмирлаб, дастлабки ҳолатда тиклаш вазифаси қўйилган. Шуниси эътиборлики, ушбу бўлимда сопол ва қоғоз экспонатларни таъмирлаш ишлари республикада биринчи бўлиб йўлга қўйилган. Шу боисдан айни пайт­да мамлакатимизнинг бошқа музейларидан келтирилган сопол ва қоғоздан ясалган экспонатлар бу ерда асл ҳолига қайтарилмоқда. Баҳриддин Болиев ва Наталья Солодухина сингари тажрибали усталар ўз билим ва малакаларини ёш мутахассисларга ҳам ўргатиб келишяпти. Яқинда бу ерда қоғоз экспонатларини таъмирлашда мураккаб бўлган, республикада қиёси йўқ таъмирлаш-тиклаш иши амалга оширилди: 1942 йилда Мос­квада чоп этилган "Осори атиқалар изоҳли луғати" қайта тикланди. Археология, тарих ва музейшунослик фанлари учун ғоят қимматли қўлланма бўлган бу китобнинг тикланиши музейнинг ва илмга чанқоқ ходимларнинг ўзига хос маънавий бойлигига айланди.

Музей-қўриқхонанинг бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов раҳбарлик қилаётган фондни сақлаш бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам ибратга лойиқдир.

— Музейда сақланадиган ҳар бир экспонатнинг ўз қиммати ва аҳамияти бор, — дейди Маҳмудхон Юнусов. — Масалан, сополдан ишланган ашёларни қоғоздан тайёрланган ноёб экспонатлар билан ёнма-ён сақлаб бўлмайди. Негаки, хонадаги доимий ҳарорат, намлик фаслларга қараб ўзгариб туради. Бугунги кунда Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи кўргазма заллари ва экспонатларни сақлаш жойлари ҳароратни бир маромда ушлаб турадиган замонавий ускуналар билан таъминланган. Ҳарорат билан боғлиқ муаммо туфайли ҳеч бир экспонатга зарар етмаслигига ишончимиз комил.

Музей-қўриқхона ходимлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти жамоаси билан ҳамкорликда нафақат шаҳримиз, балки туманлар ва қўшни вилоятлардаги тарихий маконларда ҳам қазишма ишларида фаол қатнашмоқдалар. Масалан, Каттақўр­ғон туманидаги Мойбулоқ масканида яқинда топилган бронза даври қозони ана шу ҳамкорлик натижасида экспонатлар қаторидан жой олди. Эрамиздан аввалги VI-IV асрга тегишли бўлган ушбу ноёб топилма қадимги саклар турмуши ва ҳаёти билан боғлиқдир. Маълумки, бундай топилмалар Пайариқ туманидаги Кўктепа ва Сирлибой тепа масканларидан ҳам топилган. Бундан англашиладики, биз бугун макон тутган юртда милоддан аввалги даврда ҳам темир эритиш, чўян қуйиш саноати ривожланган. Ёки, Ургут туманидаги Мўминобод масканидан топилган беш минг йиллик найни кўз олдимизга келтирайлик. Суякдан ясалган ушбу найнинг тузилиши бугунги қамишдан ясалаётган замонавий найни эслатади. Шуниси эътиборлики, бундай най Афросиёбдаги қазишмаларда ҳам топилган.

Музей-қўриқхона раҳбарияти ва ходимлари томонидан тез орада Амир Темур мақбарасида янги кўргазма ташкил этиш мўлжалланган. Кўпчиликка маълумки, Соҳибқирон бобомиз қабри ўтган асрнинг 41-йили ёзида очилган. Сўнгра нефритдан ясалган қабртошга жиддий зарар етган. Унинг бўлаклари талон-торож қилинганлиги кўпчиликка маълум. Не бахтки, қабртош бўлакларидан бирини ҳамюртларимиздан бири музейга тақдим этган. Музей ходимлари ўша бўлакни қабртошдаги қўпорилган жой билан солиштириб кўрганида бу бўлак айнан шу жойдан синганлиги аниқланди ва жойи­га тикланди. Шу муносабат билан Амир Темур мақбарасида махсус кўргазма ташкил этилади. Бунда Соҳибқирон тобути, унинг устига ёпилган тобутпўш ва қабр очилиши муносабати билан ҳукумат комиссияси томонидан тузилган маълумотлардан нусхалар намойиш этилади.

Халқимиз ўтмиши ва бугунининг маданий ва маънавий кўприги ҳисобланган Самарқанд музейларида кўҳна тарихни тиклаш ва унинг сир-синоатларидан барчани баҳраманд этишдек хайрли ишлар давом этмоқда.

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

20.10.2018 158 82 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства