samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ТАДБИРКОР АЁЛЛАР МАРАФОНИ

Чоп этиш

"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан республикамиз бўйлаб "Аёллар тадбиркорлиги ҳафталиги" эълон қилинган эди.

Ушбу ҳафталик доирасида шаҳримизда "Тадбиркор аёл: бизнес ва спорт" шиори остида югуриш марафони бўлиб ўтди. Унда 150 дан ортиқ тадбиркор ва фаол хотин-қизлар қатнашди. 

Марафон олдидан ташкилотчилар бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш борасида вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар,  тадбиркор аёлларимиз эришаётган ютуқлари ҳамда ҳафталик доирасидаги тадбирлар тўғрисида тўхталишди. Сўнгра иштирокчиларга марафонда қатнашиш тартиб-қоидалари, баҳолаш тизими тўғрисида маълумот берилди. Шундан кейин "Самарқанд" кинотеатри олдидан старт олган марафончилар "Мўъжиза" амфитеатиригача бўлган масофани босиб ўтиши ва ортга қайтиши белгиланганди. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан бириктирилган мутахассислар эса марафон иштирокчиларини кузатиб боришди.   

— Ўтган йили вилоятимизда тадбиркор аёллар 7000 нафардан зиёдни ташкил этган бўлса, жорий йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 9000 нафарга яқинлашди, — дейди  "Тадбиркор аёл" ассоциациясининг вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева. — Бу эса вилоятимизда аёллар тадбиркорлигига қаратилаётган эътиборнинг самарасидир. Натижада аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиши билан биргаликда, қўшимча иш ўринлари яратилишига эришилмоқда. Бугунги марафон эса ана шундай фаол тадбиркор аёлларни бир мақсад йўлида бирлаштирган лойи­ҳадир.

19 ноябрь — Аёллар тадбиркорлиги куни сифатида  дунёнинг 144 мамлакатида нишонланади. Шаҳримизда учинчи бор ўтказилган ҳафталик, унинг доирасида ташкил этилган марафон ўз олдига тадбиркор аёлларнинг муваффақият ва ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш, аёлларга иқтисодий жараёнларда иштирок этиш имконини бериш, етакчи, ихтирочи, янгиликка интилувчи ва тадбиркор аёллар  ҳамжамиятини ташкил этиш ҳамда уларни янада рағбатлантиришни мақсад қилган.

Марафонда биринчи ўринни пайариқлик Гулчирой Очилова, иккинчи ўринни каттақўрғонлик  Ҳафиза Раҳмонова, учинчи ўринни эса пайариқлик Умида Усановалар эгаллашди. Шунингдек, фаоллик кўрсатган яна бир қанча иштирокчилар ассоциациянинг вилоят ҳудудий бўлими, вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Марафоннинг махсус соврини эса "Экопланета" МЧЖ корхонаси раҳбари Сайёра Салимовага насиб этди.

 

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ

26.11.2018 61 94 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства