samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ТАБИАТ ВА АДАБИЁТ

Чоп этиш

Эҳтимол, адабиёт ва экологиянинг бир-бирига сира дахли йўқ-ку, деб эътироз билдиришингиз мумкин.

Бироқ энди экологияни фақат табиатдаги мувозанатнинг бузилишигагина боғлаб тушунтириш ва тушуниш ярамайди. Бундан кейин экология дахл қилмаган бирор соҳа бўлмайди ҳам.

Қийналиб жон бераётган шўрлик жонзотнинг оғриқларини қалбан ҳис этолмасликдан тортиб, токи ёлғон нарсаларга ишониб, оддий кўникмалар гирдобида яшамоқ, фойдасиз анъаналар қолипидан чиқолмаслик, ирсий, жамоа онгсизлиги таъсирида бўлиш, инсоний муаммоларни шахсий манфаатлар ва мақсадлар нуқтаи назаридан ҳал этишга интилиш ва бошқа иллатлар одамзот маънавиятидаги мажруҳлик — маънавият экологиясидир.

Асл адабиёт эса инсон  маънавий оламида худди ана шундай иллатларни бартараф этишга, қалбнинг қоронғу гўшаларини ёритишга, мусаффо этишга хизмат қилади. Инсоннинг табиат ва унинг мавжудотларига бўлган муносабатини маънавияти белгилаб беради.

"Табиатни ҳис қилиш табиатда акс этган шахс ҳаётини ҳис қилишдир", деган эди рус ёзувчиси М. Пришвин. Табиатнинг инсон ва унинг хатти-ҳаракатларига ўхшаш жиҳатлари кўп. Масалан, айрим ўсимликлар ўзининг пўстлоғи ёки баргини шикастлаган киши яқинлашганида ғужанак бўлиб олади ва аксинча, майин мусиқа оҳангларида тез ривожланади. Итнинг ўз эгасига қанчалик садоқати ва вафодорлиги, ҳақида ҳикоялар ёзилган. Инсоний туйғулар ва инсонпарварликнинг шаклланиши ҳам барча жониворларга меҳр билан қарашдан бошланади. Табиат образи бизнинг қалбимизда Ватан туйғусини уйғотади.

Вилоят ўлкашунослик музейи табиат бўлими экспозициясида табиатда мавжуд барча ўсимликлар ва ҳайвонларнинг экспонатлари, улар тўғрисида батафсил маълумотлар берилганда аксарият томошабинлар чуқур қизиқиш билан тинг­лашларига кўп гувоҳ бўламиз. Ахир маънавиятсиз инсон табиатга, ундаги мавжудотларга, гўзалликка, Ватан тимсолларига меҳр қўя олмайди. Адабиёт эса кишида инсоний туйғуларни шакллантириб, унинг ички оламини покловчи энг яхши восита экан, демак, ёшларнинг экологик билимини бойитишда адабиётдан янада самарали фойдаланишга эришиш лозим.

Муаллиф: Х. ХОЛМАТОВ, вилоят ўлкашунослик музейи директори. М. ЎРИНБОЕВА, музей бўлим мудири

23.06.2018 223 48 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства