samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Спорт билан соғлом ҳаёт сари

Чоп этиш

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан "Ёшлар марафони" ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилояти вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган марафонда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 6 мингга яқин ҳамшаҳарларимиз соғ­лом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида иштирок этишди.  Регистон майдонидан бошланган марафон Университет хиёбони орқали вилоят мусиқали драма театригача бўлган 3,8 км. масофада ўтказилди.

— Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан "Биз, ёшлар жиноятчиликка қаршимиз!" шиори остида ўтказилган марафонда нафақат ёшлар, балки катталар ҳам иштирок этганлиги унинг янада қизиқарли бўлишига хизмат қилди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Рус­там Қобилов. — Бугунги марафон ёшларимизни мана шундай оммавий спорт мусобақаларига ташна эканлигини кўрсатди. Шу боис, бундан кейин миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар уюштириб, унга кўпроқ чекка ҳудудлар ёшларини жалб қилишни режалаштирганмиз. Биринчи мусобақани миллий кураш бўйича ўтказамиз. Ушбу мусобақа Нуробод туманининг Жом қишлоғида ташкил этилади.

Марафонда уч ёш тоифаси бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

— Болалигимдан спорт билан шуғулланаман, — дейди СамДУ талабаси Маҳлиё Сатторова. — Айни пайтда эрталабки бадантарбия давомида 1000 метр­гача югуриб тураман. Бугунги марафонда бу асқатиб, биринчи ўринни эгалладим. Марафонда ғолиблик муҳим эмас. Ўз иштирокимиз билан вақтини беҳуда, кўча-кўйда бекорчиликда ўтказадиган тенгдошларимизни спортга жалб қилишга қаратилган. Бу орқали биз ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини оламиз.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

24.03.2018 235 22 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства