samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Соҳибқирон мақбарасига саёҳат

Чоп этиш

болажонлар учун қизиқарли бўлди

Халқимизда "Бола бошидан, ниҳол ёшидан", деган нақл бор. Бу бежизга айтилмаган, албатта. Чунки фарзандларимиз ёшлигида қандай руҳда камол топса, эртага шундай фикрлайди, яшайди ва меҳнат қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугун мамлакатимизда келажагимиз ворислари бўлган ёш авлод таълим-тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор қаратилиб, уларни комил инсон қилиб вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада жажжи болажонларимизга таълим-тарбия бераётган мактабгача таълим муассасалари алоҳида ўрин тутяпти.

Айни пайтда ушбу муассасаларда кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, кечалар ташкил этиш, буюк аждодларимизнинг туғилган саналарини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилган. Анъанага мувофиқ, буюк давлат ва сиёсат арбоби, улуғ саркарда, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан ҳам мактабгача таълим муассасаларида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинмоқда. Ўз даврида салтанати пойтахти бўлган Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат болажонларда бир олам таассурот қолдирмоқда.

81-мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда ана шундай тадбир уюштирди. Аввало муассасанинг ўзида Амир Темур ва темурийлар даврига оид саҳна кўринишлари тайёрланди. Уларда жажжи болажонларнинг бири Амир Темур, бири Мирзо Улуғбек, бошқаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур, шунинг­дек, Султон Ҳусайину Алишер Навоий бўлиб роллар ижро этишди. Рубоийлар айтишди, Амир Темур "Тузуклар"идан қисқача намуналар келтиришди.

Шундан сўнг таълим муассасаси тарбиячилари партия аъзолари ҳамроҳлигида Амир Темур ҳайкали ва бобокалонимиз абадий қўним топган мақбарага саёҳат уюштиришди. Болажонларга тарбиячилар Амир Темурнинг болалиги, қатъиятли ва билимли давлат арбоби сифатида эришган ютуқлари, қўл урган эзгу ишлари ҳақида маълумот беришди.

Дарҳақиқат, айни саъй-ҳаракатларимиз онгу тафаккури шаклланиб бораётган мурғак қалб болажонларимизда аждодларимизга ҳурмат уйғотиб, муносиб ворис бўлишлари учун ўзига хос туртки бўлади.

Шаҳримиздаги мактабгача таълим муассаларининг барчасида худди шундай тадбирлар давом этмоқда.

Муаллиф: Б. МАҲМАТҚУЛОВ шаҳар мактабгача таълим бўлими мудирининг ўринбосари

11.04.2018 118 27 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства