samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Соғлом она — юрт таянчи

Чоп этиш

Аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар ва болалар ҳамда ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига мувофиқ мамлакатимизда 5 – 31 март кунлари "Соғлом аёл ойлиги" ўтказилаётгани бу борадаги ишларнинг амалий ифодасидир.

7-оилавий поликлиника хизмат кўрсатадиган 21 та маҳалла фуқаролар йиғинида 12 343 нафар туғиш ёшидаги хотин-қизлар истиқомат қилади. Бугунги кунда поликлиникада юқоридаги буйруқдан келиб чиққан ҳолда белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган ўсмир қизлар ҳамда аёллар бос­қичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

— Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади, аёл саломатлиги жамият бойлигидир, — дейди 7-оилавий поликлиника бош шифокори Саодат Нарзиқулова. — "Соғлом аёл ойлиги" доирасида маҳаллаларда истиқомат қилаётган ўсмир қизлар ҳамда аёлларнинг умумий қон ва пешоб таҳлиллари, ЭКГ ва УТТ текшируви, мутахассис шифокорлар назоратидан ўтказилмоқда. Шу билан бирга, бетартиб жинсий муносабатга киришмаслик ва эрта никоҳнинг олдини олиш, ҳомиладорлик оралиғини сақлаш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш бўйича тавсиялар берилмоқда. Ойлик доирасида махсус бурчак ташкил этилиб, барча маҳаллалар аҳолиси бундан хабардор қилинди.

— Маҳалламизда 731 нафар туғиш ёшидаги аёл истиқомат қилади, — дейди "Илмобод" маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодира Ҳалимова. — Патронаж ҳамшираларимиз ойлик ўтказилаётгани ҳақида хабар бергач, маҳалламиз аёллари белгиланган кунларда тиббий текширувлардан ўтказилаётир. Таҳлиллар натижасига кўра саломатлигида муаммо бўлган хотин-қизларга даволаниш бўйича кўрсатмалар берилмоқда.

Шу ўринда "Илмобод" маҳалласига бириктирилган шифокор, "Саломатлик мактаби" фаоли Динора Вафоқулова томонидан  хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Шифокор томонидан "Telegram" ижтимоий тармоғида "Илмобод" келинлари" гуруҳи очилган бўлиб, унда ўсмир қизлар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар учун зарур тиббий тавсиялар бериб борилмоқда.

Дарҳақиқат, 7-оилавий поликлиникада айни пайтга қадар 600 нафарга яқин аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 139 нафарида турли хасталиклар аниқланиб, барчасига даволаниш учун йўлланма берилди. Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, соғлом онадан соғлом бола дунёга келишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

20.03.2018 257 21 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства