samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Сифатли гўшт истеъмоли

Чоп этиш

аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг муҳим омили

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов ташаббуси  билан шаҳар ва туманлардаги кушхоналар фаолияти, гўшт дўконлари ҳамда бозорларда сотилаётган гўшт маҳсулотлари сифати қатъий назоратга олинмоқда. Бу борада белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, соҳа ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари жойлардаги гўшт дўконлари фаолияти, сотилаётган гўшт маҳсулотларининг сифатини ўрганишмоқда.

Шаҳар ветеринария бўлими, санитария-эпидемиология назорати маркази ҳамда солиқ инспекцияси ходимларидан иборат ишчи гуруҳи таркибида шаҳардаги гўшт дўконларининг умумий аҳволи, гигиеник ҳолати ҳамда гўшт сотиш талабларига амал қилинаётгани билан боғлиқ ҳолатларни ўргандик.

Хусусан, Гагарин кўчасида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Азиз Муродовга тегишли гўшт дўконида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилинмоқда. Қўл ювиш, гўштни сифатли сақлаш учун барча шароитлар яратилган, музлаткичлар соз ҳолатда, гўшт чопқич воситалари тоза-озода сақланмоқда.  Гўшт сотувчи Шуҳрат Ҳамидовнинг тиббий дафтарчасида 5-оилавий поликлиника томонидан жорий йилнинг 14 августидан бошлаб, 2019 йилнинг февраль ойигача ишлаш мумкинлиги қайд этилган.

Дўконда ҳар куни ўртача 150 килограммгача гўшт сотилади. Айни пайтда сотилаётган гўшт маҳсулотлари жорий йилнинг 4 октябрь куни "Samarqand sifat go'sht savdo" МЧЖга қарашли кушхонада сўйилган жами 467,8 килограмм бўлган 2 бош қорамол гўшти эканлиги бизга тақдим этган ҳужжатларда ўз аксини топган.

Якка тартибдаги тадбиркор Ризо Ҳайдаровга тегишли гўшт дўконида сотувчи Шароф Ҳайдаровнинг айтишича, ҳар куни ўртача 50-60 килограмм гўшт сотилади. Сотувчи махсус халат киймаган, олдига боғлаб олган фартук эса жуда кир ҳолатда. Дўконда қўл ювиш учун шароит мавжуд эмас.

"Темир йўл деҳқон бозори" МЧЖ ҳудудида жойлашган "Djavodbek Yulduz" МЧЖга қарашли гўшт дўконида сотилаётган 160 килограммга яқин чўчқа гўшти жорий йилнинг 5 октябрь кунги ветеринария-санитария экспертиза хулосасига кўра истеъмолга яроқли, деб топилган. Бироқ гўшт дўкони антисанитария ҳолатида фаолият кўрсатмоқда. Сотувчи Жамол Мамедовнинг эгнидаги халат кир. Гўшт чопадиган кунда эса белгиланган талабга жавоб бермайди. Гўшт илгичларнинг бўёқлари кўчиб кетган.

"Five-5" супермаркетида сотилаётган гўшт маҳсулотлари учун берилган ветеринария-санитария экспертиза хулосасида жорий йилнинг 20 сентябрь санаси қайд этилган. Бундан мавжуд гўшт маҳсулотининг қарийб 15 кундан буён сотилаётганлигини тушуниш мумкин(!). Аммо супермаркет ходими Озод Авазназаровнинг таъкидлашича, гўшт якка тартибдаги тадбиркор Ризо Ҳайдаровдан ҳар куни ўртача 20-30 килограмм нақд пул ёки пул кўчириш йўли билан сотиб олинади.

Биз гўштнинг қаерда ва қачон сўйилганлиги тўғрисидаги ҳужжатни сўрадик. У қўлимизга "Samar­qand sifat go'sht savdo" МЧЖ томонидан берилган 8930 рақамли маълумотнома нусхасини тутқазди. Қизиғи, ушбу маълумотномада аниқ сана кўрсатилмаганди. Гўшт чопадиган кунда антисанитар ҳолатда. Музлатгичдаги гўшт илгичлар занглаб қолган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар вилоят ҳокими, тегишли ташкилотлар мутасаддилари томонидан айни шу сингари муаммоларни бартараф этиш бўйича қассоблар билан қатор учрашувлар, танқидий-таҳлилий йиғилишлар ўтказилди. Бироқ биз гўшт дўконларидаги ҳолатларни кўриб берилган топшириқлар ўз ҳолича қолиб кетаётганининг гувоҳи бўлдик. Ҳамон аҳолини сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, юртдошларимизни турли хавф­ли ва юқумли касалликлардан муҳофаза қилишдек масъулиятли вазифага айрим тадбиркорларимиз, маҳалла фаоллари панжа орасидан қараб келишмоқда.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

6.10.2018 73 78 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства