samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Сақич чайнаш

Чоп этиш

инсон организмига салбий таъсир этади(ми?)

Сақич — ейилмайдиган ва ошқозон ҳазм қилолмайдиган хусусиятга эга бўлган хушбўй ҳидли ва ширин таъмли қандолат маҳсулоти. У чайнаш давомида оғизда эрийди. Ширин таъми йўқолади ва ташлаб юборилади. Сақични шишириш мумкин бўлиб, инглизлар унга "bubble gum" (яъни шишириш резинаси) деб ном қўйишган.

Ҳозирги кунда сақич чайнаётган инсонларни ҳамма жойда учратса бўлади: автобусда, олийгоҳларда, дарс пайтида, ишда, уйда, транспорт ҳайдаш жараёнида. Сақич тўғрисида жуда кўп  рекламалар мавжуд бўлиб, ҳаттоки нафас олишни яхшилаб қолмасдан, балки тишни ҳам мус­таҳкамлайди, деган маълумотлар кўпайиб бормоқда.

Тиббиёт ходимларининг илмий маълумотлари эса сақич реклама қилинаётган даражада фойдали эмас, балки унинг инсон организмига зарарли таъсирлари ҳам борлигини кўрсатмоқда. Хўш, бундан  сақич организм учун зарарлими ёки фойдалими,  деган савол ўз-ўзидан пайдо бўлади.

Қадимда юнонлар сақич ўрнида  дарахтларнинг мумсимон моддасидан фойдаланишган. У нафас йўлларини ва оғиз бўшлиғини овқат қолдиқларидан тозалаган. Бу мақсадда кўпроқ асалари мумидан ҳам фойдаланганлар. Америка ҳиндулари игнабаргли дарахтларнинг елимсимон ширасини  куйдириб буғлаган ва чайнашган. Сибирда  яшовчи халқлар дарахтларнинг мумсимон моддасидан фойдаланганлар. У  тишни тозалабгина  қолмасдан, балки тиш милкларини мустаҳкамлаб, айрим стоматологик касалликларнинг олдини олган. Буни ўша вақтларда одамлар яхши англашган.

Европада XVI асрдан бошлаб сақич чайнаш одат тусига кира бошлаган. Биринчи сақич фабрикаси Американинг Бангор шаҳрида қурилган. Юз йиллардан буён сақичга озиқ-овқат маҳсулоти сифатида қараб келинмоқда. АҚШда 100 хилдан ортиқ сақич ишлаб чиқарилади ва уни ишлаб чиқариш учун йилига 2 миллиард доллар сарфланади. Тадбиркорлар бундан 10 миллиард доллар фойда кўришади.

Жон Кёртис 1848 йилда мум бўлакларини қоғозга ўраб сота бошлаган. Кейинчалик у арзон парафинга хушбўй ҳидли моддалар қўшиб, сақич сифатида савдога чиқарган. Ҳақиқий сақични 1869 йилда мексикалик генерал Антонио Лопес де Санта-Анна кашф этган. Томас Адамс 1871 йилда сақич ишлаб чиқариш машинасини яратиб, унга сақич ишлаб чиқаришда ёрдам берган.

Ҳозирда сақич синтетик полимер бўлиб, унинг таркибида саподилла дарахтининг шираси, хушбўй ҳид берувчи моддалар, консервантлар, шакар ўрнини босувчи ва кариесга қарши моддалар — фтор бирикмаси, ксилит ва карбамид мавжуд.

Бугунги кунда ишлаб чиқариладиган сақич таркиби 20 фоиз эластик (полимер) маккажўхори шираси, 19 фоиз таъм ва хушбўй  ҳид берувчи кимёвий моддалардан иборат. Сақичнинг эластик бўлиши учун унга 25 фоиз сутсимон шира ҳам қўшилади.

Сақич таркибидаги ментол, хлорофилл бўёғи, антиоксидант бутилгидрокситолуол моддалари аллергик тошмани келтириб чиқаради. Баъзи сақичлар таркибидаги ширин таъм берувчи қўшимчалар кариесга сабаб бўлади.

Сақич таркибидаги гиёҳлар, яъни  қизилмия қон босимини ошириб юборади ва қондаги калий миқдорини хавфли даражада камайтиради. Бундан таш­қари, қабзиятни келтириб чиқаради. Сақичга кимёвий йўл билан ранг берилади, унинг таркибидаги титан диоксиди организмга салбий таъсир кўрсатади. Юздаги мимик мушаклар функциясини бузиб, юз тузилишини ўзгартириши мумкин.

Сақич чайнашнинг одоб нуқтаи назаридан  зарарли томонлари ҳам мавжудки, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган удумларига кўра ёши улуғлар ёки устозлар ҳузурида оғзидан сўлак оқизиб тамшаниб ўтириш менталитетимизга мутлақо ёт бўлиб, ўта маданиятсизлик ҳисобланади.

Хўш, бундан келиб чиқадики сақич чайнаш керак эмасми?  Йўқ,  албатта, сақич чайнашнинг ўз қоидалари ва меъёрлари бўлиб, унга ҳар бир киши амал қилса, саломатлиги учун фойдали бўлади.

Илмий адабиётларда келтирилган маълумотларга асосланиб, қу­йидаги тавсияларни таклиф қилиш мумкин: катталар учун  овқатдан олдин 5 дақиқа, овқатдан  кейин эса 15 дақиқа, болалар учун эса 4 ёшдан кейин фақат оқ рангли сақични овқатдан кейин 15 дақиқа   чайнаш тавсия этилади.

Овқатдан олдин болаларга сақич бериш ман этилади, чунки у иштаҳани пасайтириб, ошқозон фаолиятини бузади. Улар сақични ютиб юборишлари натижасида  ичакларга тиқилиб қолиши мумкин.

Муаллиф: Анорхол МУСАМУРОДОВА тайёрлади.

15.03.2018 159 20 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства