samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Сардор Раҳимхоннинг "Бибихоним"и ким?

Чоп этиш

ёки бир қўшиқ клипи, сюжети ва мазмуни ҳақида

Бугунги кунда янги қўшиқ хониш қилаётган хонанда борки, албатта, клип, деб аталмиш "удум"га айланган турли кўринишлардан иборат бўладиган ва ... бўлмайдиган тасвирларни суратга тушириб, ашуласи билан ижтимоий тармоқлар, телеэкранларда чиқишни хуш кўради. Бу одат кўпроқ таниқли хонандаларимизни ўзига ром этаётган бўлса, энди ўсиб келаётган ёшлар ҳам "клип дарди"га йўлиқишмоқда.

Яқинда "Жамият" газетаси ходими Бегали Эшон­қуловнинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхоннинг "Бибихоним" қўшиғига ишланган клип ҳақидаги мулоҳазалари билан танишдим.

Меҳрдан яралган малак, юлдузим Бибихоним,

Гулюзим Бибихоним.

Висолинг мен учун фалак, юлдузим Бибихоним,

Гулюзим Бибихоним...

Ана шундай мисралар билан, қайта-қайта нақоратларга ўраб куйланадиган ашуланинг клипида тасвирланган манзаралар кишини ажаблантиради. Хонанда томонидан Темурийлар хонадонининг бош маликасига нисбатан билдирилаётган бундай қуп-қуруқ, маза-матрасиз сатрлардан кўзда тутилган мақсад нима? Тўғри, бу ерда Бегали Эшонқулов тилга олганидек, хонанда Бибихонимнинг суюклиси сифатида ҳам намоён бўлмоқда, деган фикр келиб чиқади. Бибихонимнинг "суюклиси" ким экан?!

Аслида клипни томоша қилган, Темурийлар тарихи билан сиртдан таниш бўлган киши ҳам бу ҳақда аниқ тасаввурга эга бўлади. Айрим Темурийлар душманлари, уларнинг кўзидан панада қолган ўша даврдаги ғанимлар томонидан машҳур мадраса қурилиши пайтида уста ва Сароймулкхоним ўртасида тасаввурга сиғмас ишқий муносабатлар пайдо бўлганлиги-ю, устанинг муносабатига Сароймулкхонимнинг оқилона жавоби тўғрисида айрим афсоналарни тарқатишган. Не ажабки, бундай афсоналар бугун ҳам орамизда яшаб, Темурийларнинг буюк давлатчиликни барпо этишдаги хизматлари ва Бибихонимнинг бу салтанат тамал тошини қўйишдаги хизматларини маъно-мазмунсиз сатрлар билан бир тийинга чиқариш учун кимларгадир ваколат берилган, шекилли?!

Клипда намоён бўлишича, охирида Соҳибқирон пайдо бўлади-ю, мадраса макетини бир ҳамла билан вайрон қилади. Айримлар мадраса Амир Темурга ёқмаганлигига, баъзилар эса уста ва Бибихоним ўртасида қандайдир нозик муносабатларга шаъма қилишади. Аслида тарихий ҳақиқатдан бехабарлик, ўтмишимизга беписандлик, ҳар қандай ёлғон гувоҳликлар ва ҳодисаларга ўчлигимиз оқибатида Сардор Раҳимхоннинг "Бибихоним"и ҳам пайдо бўлган. Эндиликда тарихимиз, тарихдаги буюк хизматлари билан дунёга маш­ҳур бўлган аждодларимиз образи бўлар-бўлмас, енгил-елпи қўшиқлар учун яратилаётган клипларга "хамиртуруш" бўлиб хизмат қилмаслиги керак.

 

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

28.11.2018 46 95 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства