samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Саргузаштларга бой туризм

Чоп этиш

Бугунги кунда туризмнинг янги турлари тобора ривожланиб бормоқда.

Турли кутилмаган вазият ва ҳолатларга бой экс­тремал туризм шулар жумласидандир. Сайёҳлик тармоғи бўйича улкан салоҳиятга эга мамлакатимизда ҳам ту­ризм­нинг ушбу йўналишини ривожлантириш борасида кенг имконият ва шароитлар мавжуд.

Экстремал туризм сайёҳликнинг фаол тури саналади. Ушбу туризм шайдоларини бепоён чўллар, пурвиқор тоғлар, улкан даралар, ҳайбатли ғорлар, табиий жараёнлар ўзига оҳанрабодек жалб этади. Мамлакатимизнинг табиий-географик жойлашуви экстремал туризмни жадал ривожлантириш имконини беради. Жумладан, Тошкент вилоятидаги тоғли ҳудудлар ва Чорвоқ сув омборида экстремал туризмни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Бу ер йил мобайнида сайёҳлар билан гавжум бўлади, десак янглишмаймиз. Тоғ дарёлари рафтинг ишқибозларини ўзига жалб этади. Чунончи, рафтинг билан шуғулланиш учун Чотқол дарёси энг мақбул жой ҳисобланади. Айни пайтда хорижий сайёҳларнинг эътибори Устюрт платоси, Орол денгизига ҳам қаратилмоқда. Мазкур ҳудудга саёҳат уюштирувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Экстремал туризмни ривожлантириш имкониятлари мавжуд ҳудудлар мамлакатимизда кўп эканини таъкидлаш жоиз. Гоҳида биз учун оддий туйиладиган ғор ёки жарликлар, тепаликлар, дарё ва сойлар миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этиши мумкин. Бунинг учун, энг аввало, табиат неъматларининг қадр-қимматини тушуниб етишимиз, уларнинг тарғиботини фаол олиб боришимиз зарур. Она табиат қўйнида сайр қилиш, табиий ҳодисаларнинг гувоҳига айланиш, шундай шароитда бир неча кун яшашни истовчи саргузаштталаб сайёҳлар кўп. Фақатгина мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, экстремал туризм бўйича хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтиришимиз, истиқболи порлоқ йўналиш орқали сердаромад бизнесни йўлга қўйишимиз лозим.

Муаллиф: Шодиябону ЖОНУЗОҚОВА, СамИСИ талабаси

3.03.2018 170 17 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства